Ўзбекистон | 16:08 / 12.08.2024
10207
2 дақиқада ўқилади

«Янги Ўзбекистоннинг чинакам қаҳрамонлари» — президент спортчиларнинг Олимпиададаги иштироки ҳақида

Шавкат Мирзиёев спортчиларнинг Париж Олимпиадасидаги иштироки муносабати билан табриклади. «Токио Олимпиадасидан кейин топ-15 га кирамиз деб, катта мақсад қўйгандик… Бу янги Ўзбекистон ёшлари нимага қодир эканини бутун дунёга кўрсатди», — деди у.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши бошланди.

Давлат раҳбари аввало спортчиларнинг Париж Олимпиадасидаги улкан тарихий зафарлари билан бутун халқни чин қалбидан табриклади.

«Токио Олимпиадасидан кейин яхши ният билан топ-15 га кирамиз деб, олдимизга катта мақсад қўйган эдик. 208 та давлат вакиллари қатнашган мусобақада спортчиларимиз  юксак матонат, маҳорат ва ирода кўрсатиб, дунёда 13-ўрин, Осиёда 4-ўрин, туркий, мусулмон ва МДҲ давлатлари орасида 1-ўринни эгаллади. Бир йўла 3 нафар спортчимиз “икки карра олимпия чемпиони”, деган юксак шарафли номга сазовор бўлди.

Бу Янги Ўзбекистон ёшлари нимага қодир эканини бутун дунёга кўрсатиб, уларнинг натижалари тарихимизда зарҳал ҳарфлар билан муҳрланди.

Барча спортчиларимиз, уларнинг ота-оналари, устоз ва мураббийлари Янги Ўзбекистоннинг чинакам қаҳрамонларидир! Улар билан ҳар қанча фахрлансак арзийди, улар бизнинг ғуруримиз!» деди президент.

Маълумот учун, Париждаги Олимпиада Ўзбекистон учун мамлакат мустақил тараққиёти тарихида энг муваффақиятлиси бўлди, жамоа жами 90 нафар спортчи юборганди. Делегация жами 13 та медал — 8 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронзани қўлга киритди.

Мавзуга оид