Ўзбекистон | 23:19 / 30.10.2021
15373
3 дақиқада ўқилади

2020 йилда 31 нафар спортчи қалбаки ҳужжатлар асосида имтиёзли равишда талаба бўлгани маълум қилинди

Айни пайтда ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда, дея таъкидланган Бош прокуратура томонидан ўтказилган йиғилишда.

Фото: Kun.uz

Олимпия ва Паралимпия ўйинлари дастурига кирган спорт турлари бўйича миллий биринчиликларни ўтказиш жараёни электронлаштирилмаган ва видео ва фототасвирга олиш тизимли йўлга қўйилмаган. Бундан ташқари, мусобақаларнинг барча ҳужжатлари қоғоз шаклида юритиб келингани оқибатида спортчилар томонидан қайд этилган натижаларнинг шаффофлиги таъминламаган. Бу эса айрим спорт мураббийларининг мусобақа натижаларини сохталаштиришига имкон яратган. Бош прокуратура томонидан Туризм ва спорт вазирлигида ўтказилган йиғилишда айнан шу ҳақда сўз борган.

Қайд этилишича, биргина 2020 йилда 31 нафар спортчи қалбаки ҳужжатлар асосида олий таълим муассасаларига имтиёзли равишда қабул қилинганлиги аниқланган. Шу билан бирга, жорий йилда ўтказилган байдарка ва каноэда эшкак эшиш ҳамда волейбол мусобақалари натижалари бўйича ҳақиқатда ғолибликни қўлга киритмаган 7 нафар спортчига имтиёзлар тақдим этилган. Йиғилишда мазкур ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ўтказилаётгани айтилди.

“Халқаро ва республика миқёсидаги мусобақаларда муваффақиятга эришган ёш спортчиларни рағбатлантириш мақсадида уларни давлат олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосида имтиҳонсиз қабул қилиш кутилган самарани бермаган. Аксинча, имтиёз асосида талаба бўлганларнинг халқаро мусобақалардаги натижалари йилдан йилга пасайиб борган.

2018 йилда имтиёзли равишда талабаликка қабул қилинган спортчиларнинг 44 нафари (10,5 фоизи) Осиё ва жаҳон чемпионати ғолиб ва совриндори бўлгани, 2021 йилда эса атиги 13 нафар спортчи (0,6 фоиз) ана шундай натижага эришган”, дея Ўзбекистон бош прокурорининг матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддиновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Бош прокуратура томонидан ўтказилган ўрганишда миллий чемпионатларни ташкил этиш ва ўтказиш жараёни халқаро стандарт ва талабларга мос келмаслиги аниқланган. 2018–2021 йилларда ўтказилган 698 та миллий чемпионат баҳсидан 269 таси ёки 38 фоизи дастлабки саралаш, яъни туман-шаҳар босқичларисиз ўтказилган.

Оқибатда, олис ҳудудлардаги иқтидорли ёшларнинг мазкур мусобақаларга жалб этиш ва имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқи чекланган. Ёки миллий чемпионатларни ўтказишда барча ҳудудлар бирдек қамраб олинмаган. Ушбу даврда ўтказилган 698 та чемпионатнинг 221 тасида ҳудудий жамоаларнинг ярми ҳам иштирок этмай, номигагина ташкил этилган.

Аввалроқ сўнгги уч йилда олий таълим муассасасига имтиёзли равишда талаба бўлганлар сони 5 бараварга ортгани, давлат олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосида имтиҳонсиз қабул қилиш ҳуқуқини берувчи мусобақалар сунъий кўпайтириб юборилгани айтилганди.

Мавзуга оид