Ўзбекистон | 20:07 / 21.12.2022
20606
3 дақиқада ўқилади

36 турдаги маҳсулот нархи устидан доимий назорат ўрнатилади

Гўшт, ун, нон, тухум, ёғ, гуруч, шакар, сут ва юқори ликвидли қатор товарлар нархи эндиликда Аксилмонопол қўмитанинг доимий назоратида бўлади. Қўмита ходимлари нархлар сунъий ошмаётганини текшириш учун тадбиркорларнинг омборларига бевосита кириши мумкин.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон ҳукуматининг 19 декабр кунги қарори билан, “Асосий турдаги озиқ-овқат ва зарур маҳсулотлар нархларининг кескин тебраниши даврида асоссиз оширилмаслиги бўйича тизимли назорат ўрнатиш ва зарур чоралар кўриш тартиби тўғрисида”ги низом тадиқланди.

Низомга кўра, нархларнинг кескин тебраниши ёки бозорда ажиотаж талаб юзага келганда ваколатли орган (Монополияга қарши курашиш қўмитаси) томонидан таҳлил ўтказилади. Бундай давр Вазирлар Маҳкамаси томонидан 6 ойгача муддатга белгиланади.

Кескин тебраниш деганда, нарх 30 кун ичида МБ асосий ставкаси (ҳозир 15 фоиз)га тенг ёки ундан юқори даражада ошгани тушунилади. Ажиотаж талаб деганда эса бозордаги шов-шув ва ваҳима таъсирида сунъий равишда пайдо бўлиб, шиддат билан ортиб борадиган, бозор мувозанати бузилиши ва товарлар тақчиллиги кучайиши билан кечадиган талаб тушунилади.

Бозорда маҳсулотлар (товарлар)нинг сунъий тақчиллигини келтириб чиқарган аломатлар аниқланганда, Аксилмонопол қўмита хўжалик юритувчи субъектларнинг биноларига бевосита кириб, омбордаги мавжуд захираларни хатловдан ўтказади (қўмитага бу ваколат президентнинг 2022 йил 31 майдаги 145-сон фармони билан берилган).

Низом қоидалари қуйидаги ижтимоий аҳамиятга эга асосий озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан татбиқ этилади:

1. Буғдой ва ун
2. Қолипли нон
3. Мол гўшти
4. Парранда гўшти
5. Тухум
6. Пахта ёғи
7. Кунгабоқар ёғи
8. Гуруч
9. Шакар
10. Сут (қадоқланган)

Шунингдек, низом талаблари қуйидаги юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотлар, хомашё ва материалларга ҳам тааллуқли:

1. Автомобил бензини
2. Экстракцион бензин
3. Дизел ёқилғиси
4. Техник керосин
5. Полипропилен
6. Полиэтилен
7. Техник сера
8. Кўмир
9. Минерал ўғитлар
10. Калцийлаштирилган сода
11. Катодли мис
12. Мисли катанка
13. Иккиламчи алюминий
14. Қора металлар прокати
15. Метал цинк
16. Цемент
17. Цементли клинкер
18. Қурилиш шишаси
19. Шакар (юқоридаги рўйхатда ҳам бор)
20. Ем-хашак буғдойи
21. Арпа
22. Пахта-толаси
23. Пахта линти
24. Ўсимлик ёғи (пахта, юқоридаги рўйхатда ҳам бор)
25. Пахта чигити шелухаси
26. Пахта чигити шроти
27. Техник чигит

Низомга асосан, Аксилмонопол қўмита асосий турдаги товарлар нархларининг ўзгариш динамикасини кузатиб бориш мақсадида қуйидагиларни мунтазам мониторинг қилиб боради:

  • бозорлар, савдо комплекслари, чакана савдо тармоқлари ва биржалардаги нархлар;
  • статистика ва божхона органлари маълумотлари (маълумот, бюллетен ва бошқаларни);
  • ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқлардаги маълумотлар;
  • қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид