Сенат Туркий тилли давлатлар кенгашига қўшилиш ҳақидаги қонунни тасдиқлади
Бугун, 14 сентябрь куни, Олий Мажлис Сенатининг 22 ялпи мажлиси ўтказилди. Унда сенаторлар, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этди.
Ялпи мажлисда «Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван битимини ратификация қилиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни тасдиқланди.
Таъкидланишича, ҳозирги вақтда 4 та давлат: Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши аъзолари ҳисобланиб, мазкур ташкилот 2009 йил 3 октябрда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван битимига мувофиқ тасдиқланган.
Ташкилот Туркий тилли давлатларнинг раҳбарлари кенгаши, Ташқи ишлар вазирлари кенгаши, Катта мансабдор шахслари қўмитаси, Оқсоқоллар кенгаши ва Котибиятдан таркиб топган бўлиб, аъзо мамлакатларнинг иқтисодий, инвестиция, божхона, транспорт, таълим, туризм, ахборот каби соҳаларда мутасадди ташкилотлар ва мутахассислари иштирокида учрашувлар ташкиллаштирилиб, ҳар бир аъзо давлатнинг манфаатидан келиб чиққан ҳолда келишувларга эришилади.
Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Курмоновнинг маълумот беришича, Ўзбекистон раҳбари 2018 йил 3 сентябрда Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида ўтказилган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг олтинчи саммитида иштирок этиб, Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотга аъзо давлатлар билан ўзаро савдо ҳажми 40 фоиздан ошганини ва бу кўрсаткичдан юқори маррага ҳам эришиш мумкинлигини, бунинг учун савдо-иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш зарур эканлигини таъкидлаган.
«Ўзбекистоннинг мазкур тузилмага аъзо бўлиши мамлакат учун савдо ва инвестициявий жиҳатдан қулай шароит яратади. Таълим, капиталлар, хизматлар ва технологияларнинг эркин ҳаракатланишига, банк амалиётидаги масалаларни енгиллаштиришга ёрдам беради», - дейди сенатор Алишер Курманов.
Мавзуга оид
15:48 / 20.11.2024
Сенат қўмиталарига раислар сайланди
13:56 / 19.11.2024
Танзила Норбоева Сенат раиси лавозимига қайта сайланди
12:40 / 19.11.2024
2025 йилда туман ва шаҳарлар бюджетлари 1,5 баробарга ошади
12:27 / 19.11.2024