Жаҳон | 21:45 / 24.02.2026
4435
6 дақиқада ўқилади

Павел Дуровга Россияда «терроризмга кўмаклашиш» бўйича жиноий иш очилди

Бу борада расмий маълумот йўқ – фақат пропаганда нашрларида иккита мақола чиққан. Уларда «давлат фуқароларни назоратдан чиқиб кетган рақамли махлуқдан ҳимоя қилиши» айтилади.

Фото: AFP/Getty Images

Telegram асосчиси Павел Дуров Россияда унга нисбатан «террорчилик фаолиятига кўмаклашиш» моддаси  бўйича жиноий иш қўзғатганини маълум қилди (Россия тергов органлари бу ҳақда расман эълон қилмаган). Иш Россия Жиноят кодексининг 205.1-моддаси 1.1-қисми бўйича қўзғатилган – унга кўра 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

У ўз каналида расмийлар россияликларнинг мессенжерга киришини чеклаш учун «ҳар куни янги баҳоналар ўйлаб топаётгани» ҳақида ёзди ва содир бўлаётган воқеаларни «ўз фуқароларидан қўрқадиган давлатнинг қайғули манзараси» деб атади.

Унинг бу изоҳига «Российская газета» ва «Комсомолская правда» нашрларидаги мақолалар сабаб бўлди. Бу мақолалар бир-бирига жуда ўхшаш ва деярли бир вақтда чиққан. Қуқида россиялик пропагандачилар Дуров ва телеграм ҳақида нималар ёзишгани келтирилади.

«Российская газета»

Дуров анонимлик ва ҳар қандай ҳокимиятдан мустақилликни тарғиб қилди. Бу телеграмга радикаллар, гиёҳвандлар, қотиллар ва террорчиларни олиб келди. 2014 йилда у ерга украиналик неонацистлар, кейин эса «АУЕ» гуруҳлари (жиноий гуруҳларни ифодаловчи аббревиатура) келди. Ҳеч қандай блокировка йўқ – бу Дуров танлаган зўравонлик ва ўзбошимчалик йўли. Эрон, Ҳонгконг ва бошқа мамлакатлардаги норозилик намойишлари телеграмда мувофиқлаштирилди. СВО («махсус ҳарбий амалиёт» – Россия ҳукумати Украинадаги урушни шундай атайди) шароитида у НАТО мамлакатлари ва «Киев режими» махсус хизматларининг асосий қуролига айланди.

Мана ИИВ ва ФХХ келтирган рақамлар: 2022 йилдан буён телеграмдан фойдаланган ҳолда 153 минг жиноят содир этилган. Улар орасида – «Крокус»даги теракт, Даря Дугина, Владлен Татарскийнинг ўлдирилиши бор.  Дуров Роскомнадзорнинг мурожаатларини сурбетларча эътиборсиз қолдирди. Аммо унинг ёлғончилигини қарангки, Францияда ҳибсга олиниши биланоқ, у дарҳол Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик қила бошлади. Россия узоқ сабр қилди. Лекин энди чоралар кўрилди. Бу эркинликка ҳужум эмас, бу давлат фуқароларни назоратдан чиқиб кетган рақамли махлуқдан ҳимоя қилади.

«Комсомолская правда»

Телеграм жуда қулай экани ҳаммага маълум. Аммо унинг ёрдамида россиялик генераллар ўлдирилаётгани, мактабларга ҳужумлар уюштирилаётгани, жангарилар ўз ҳаракатларини мувофиқлаштираётганидан ҳамма ҳам хабардор эмас. Дуровни 10 йилдан ортиқ вақт давомида жавобгарликка тортишга ҳаракат қилишди. 2018 йилдаёқ у қонунни бажаришга тайёрлигини айтганди, аммо ваъдалар ёлғон бўлиб чиқди: 2020 йилда блокдан чиқарилгандан сўнг у риторикани кескин ўзгартирди, кейин эса РФдан чиқиб кетди.

СВО шароитида Ғарб махсус хизматлари ва тизимли бўлмаган мухолифат телеграм орқали ахборот таъсирини кучайтирди. Россияликларга ёппасига президент сиёсатига қарши роликлар юборилмоқда. Мақсад – қарши овоз бериш ва кўча акциялари. Ўз жонига қасд қилиш, қотиллик ва гиёҳванд моддаларни тарғиб қилиш ҳам телеграмда.

Дуров ўзида «зўр йигит» образини яратади, унга нафақахўрлар ва болалар киберфирибгарликдан азият чекаётгани аҳамиятсиз. Аммо Францияда ҳибсга олинганидан сўнг у ҳокимият билан ҳамкорлик қила бошлади. «Зўр йигит»нинг икки томонлама стандартлари! Фуқаролар ва давлатни ҳимоя қилиш учун мессенжерни чеклашга қарор қилинди. Дарҳол ижобий натижаларга эришилди – жиноятлар сони ўн минглаб камайди.

 

Россияда телеграм фаолияти чекланиши

Сўнгги бир йил ичида Дуров Ғарб давлатларини, масалан Германия ва Францияни сўз эркинлигига босим ўтказгани учун очиқ танқид қилди, аммо Россиядаги чекловлар ҳақида гапирмаган эди. Шу билан бирга, унинг постларида 2022 йилдан бери мустақил оммавий ахборот воситалари ва хорижий платформаларни доимий равишда блоклаб келаётган Россия ҳақида бир оғиз ҳам сўз йўқ эди.

Россияда Telegram платформасига босим аста-секин ўсиб борди. 2025 йил ёзида «Роскомнадзор» мессенжердаги қўнғироқлар функциясини чеклашни бошлади ва 2026 йил 10 февралдан бошлаб унинг ишлашини сезиларли даражада секинлаштирди – трафик деградацияси, регулятор маълумотларига кўра, 55 фоизга етди. Дуров буни россияликларни кузатув ва сиёсий цензура учун яратилган Мах давлат мессенжерига ўтишга мажбурлашга уриниш билан боғлади.

Шу билан бирга, Давлат думасида Telegram платформасининг экстремистик ташкилот деб тан олиниши мумкинлиги ҳақида гапирилди. Тегишли қўмита раиси ўринбосари Андрей Свинцовнинг айтишича, агар мессенжер бир ярим ой ичида ФХХ ва «Роскомнадзор» билан ҳамкорликни йўлга қўймаса, «унинг тақдири ачинарли бўлади». Свинцов сўзларига кўра, Telegram экстремистик деб топилган тақдирда, Telegram Premium обунасини тўлаш экстремизмни молиялаштириш сифатида баҳоланиши мумкин – аммо, фақат суднинг эҳтимолий қарори кучга кирганидан кейин.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид