Ўзбекистон | 21:10 / 07.02.2019
23001
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Транспорт вазирлиги ташкил этилди

​Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Транспорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида​»ги фармони қабул қилинди. Ҳужжат матни ЎзАда келтирилган.

Фармон билан Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги негизида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ташкил этилган.

Вазирлик автомобиль, темир йўл, ҳаво, дарё транспортлари, метрополитен, шунингдек, йўл хўжалигини ривожлантириш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Вазирлик транспорт ва йўл хўжалиги соҳасидаги ташкилотлар фаолиятини норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш, лицензия ва рухсатномалар бериш, сертификатлаштириш, самарали техник ва тариф сиёсатини амалга ошириш йўли орқали давлат томонидан тартибга солиш вазифасини амалга оширади.

Вазирлик томонидан ўз ваколати доирасида қабул қилинган қарорларнинг ижроси давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар учун мажбурий ҳисобланади.

Қуйидагилар Вазирликнинг асосий вазифалари этиб белгиланган:

  • транспортнинг барча турларини ягона транспорт тармоғига интеграциялашуви ва янги самарали транспорт-логистика тизимларидан фойдаланган ҳолда уйғунликда ривожлантиришга йўналтирилган ягона давлат транспорт сиёсатини ишлаб чиқиш;
  • транспорт ва логистика хизматлари бозорини ривожлантиришни рағбатлантириш, уларнинг барча тоифадаги истеъмолчилар учун оммабоплигини таъминлаш, шунингдек, соҳага инвестицияларни жалб этишга йўналтирилган транспорт соҳасидаги ягона тариф сиёсатини амалга ошириш;
  • халқаро транспорт коридорларини ривожлантириш, логистика тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва чора-тадбирларни амалга ошириш, мамлакат транспорт салоҳиятидан самарали фойдаланиш, тадбиркорлик субъектларининг транспорт-логистика хизматларидан фойдаланишдаги сарф-харажатларини камайтириш;
  • транспорт ва йўл хўжалиги соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш ва мамлакат инвестициявий жозибадорлигини ошириш;
  • бутун транспорт тизимини рақамлаштириш бўйича илғор ахборот технологияларини жорий этиш, Ўзбекистон Республикаси Транспорт тизимининг бир-бирига боғланган ягона тизимини истиқболли ривожлантириш стратегияларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
  • автомобиль йўллари соҳасида ягона техника сиёсатини амалга ошириш, фойдаланувчилар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, автомобиль йўллари, аэродромлар ва аэропортлар, вокзаллар, темир йўллар ва транспорт инфратузилмасининг бошқа объектларини молиялаштириш, лойиҳалаш, қуриш, таъмирлаш ва фойдаланиш масалаларининг комплекс ечимини таъминлаш;
  • транспорт соҳасида назоратни амалга ошириш, фуқаро авиацияси ва экспериментал ҳаво кемаларидаги ҳалокатлар ва бахтсиз ҳодисаларни, шунингдек, темир йўл ва дарё транспортидаги авария ва ҳалокатлар бўйича текширувларни ташкил этиш ва амалга ошириш;
  • транспорт ва йўл хўжалиги соҳасидаги халқаро ва ҳудудий ҳамкорликни ривожлантириш ҳисобига транспорт хизматлари жаҳон бозорида Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларини таъминлаш;
  • транспорт соҳасидаги жорий ва истиқболли эҳтиёжларни инобатга олган ҳолда таълим, кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг илғор усулларини тизимли равишда жорий этиш.

Қуйидагилар вазирликка ўтказилди:

  • Автомобиль йўллари қўмитаси (собиқ Автомобиль йўллари давлат қўмитаси);
  • Фуқаро авиацияси агентлиги (собиқ Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси);
  • Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси (собиқ Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси);
  • Ҳукумат ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси (собиқ Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси);
  • Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Ўзбекистон кемачилик регистри;
  • Ҳукумат ҳузуридаги «Ўзаэронавигация» маркази.

Ҳужжат билан Тошкент шаҳар Транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш департаменти тугатилган.

Қуйидаги вазифа, функция ва ваколатлар Вазирликка ўтказилган:

а) Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг қуйидаги соҳалардаги:

  • кемаларни рўйхатга олиш (қайта рўйхатга олиш), кемаларни қуриш, фойдаланиш, қайта жиҳозлаш ва таъмирлашга гувоҳномалар бериш;
  • кемаларга кема гувоҳномаси ва билетлари, таснифлаш гувоҳномалари, сузиш учун мувофиқлик гувоҳномалари ва кемасозликни тартибга солувчи қоидаларда назарда тутилган бошқа ҳужжатларни бериш;

б) «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг қуйидаги соҳалардаги:

  • темир йўл транспортини ривожлантиришнинг давлат дастурларини ишлаб чиқиш, темир йўл транспорти истиқболли прогнозлари, ривожлантириш ва объектларни жойлаштириш схемаларини ишлаб чиқиш;
  • темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш соҳасида тариф ва транзит сиёсатни амалга ошириш, темир йўл транспортининг ўтказиш ва ташиш қобилиятини ошириш, темир йўл транспорти хизматлари бозорини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни қабул қилиш;
  • саноат корхоналари ҳаракатдаги таркибларининг умумий фойдаланишдаги темир йўлларига чиқиши учун рухсатномалар бериш;
  • темир йўл йўлаклари, шунингдек, вагон ва контейнерларни юклаш, тушириш ва тозалашга мўлжалланган ускуналарни қуриш ва таъмирлаш лойиҳаларини келишиш.

Бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони 15 нафардан ташкил топган, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиган Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази ташкил этилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги қарори лойиҳасини тасдиқлаш учун киритади, бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази фаолиятини ташкил этиш бўйича ҳукумат қарорини қабул қилади ва уч ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг логистика самарадорлиги бўйича халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш чораларини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасида 2025 йилгача транспортни ривожлантириш концепциясини ва уни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқади.

Эслатиб ўтамиз, президент фармони билан Очилбой Жуманиёзович Раматов бош вазирнинг биринчи ўринбосари - Транспорт вазири лавозимига тайинланганди.

Маълумот учун, Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги 1998 йилда ташкил қилинганди, унга 2017 йилдан буён Даврон Тўлқинович Деҳқонов бошчилик қилиб келаётганди.

Мавзуга оид