Спорт | 12:33 / 02.02.2026
16567
13 дақиқада ўқилади

«МЮ»да камбэк, «Сити» дарвозасига йил голи, «Реал» амаллади. Кун ўйинлари

«Манчестер Сити» чаён зарбасидан гол ўтказиб, икки гол устунлигини бой берди; «Арсенал» яна илгарилаб кетди. Якшанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Англия: Кэррикда яна ғалаба

«Манчестер Юнайтед» – «Фулҳэм» 3:2
Голлар:
Каземиро, 19 (1:0). Куня, 56 (2:0). Хименес, 85 – пеналти (2:1). Шешко, 90 (3:1). Кевин, 90 (3:2)
«Манчестер Юнайтед»: Ламменс, Магуайр, Мартинес, Шоу, Далот (Мазравий, 86), Каземиро (Угарте, 75), Майну, Бруну Фернандеш, Куня (Шешко, 74), Диалло, Мбемо (Йоро, 90)
«Фулҳэм»: Лено, Андерсен, Куэнка (Басси, 86), Робинсон (Сессенон, 71), Кастан, Берге, Ивоби, Смит-Роу (Кевин, 71), Чуквуэзе (Кэрни, 79), Уилсон, Хименес
Огоҳлантиришлар: Каземиро, 64. Магуайр, 83 – Андерсен, 42

Майкл Кэррик «МЮ»даги фаолиятини топ-рақибларга қарши ўйинлардаги ғалабалар билан бошлаганди, аммо жамоа олдинги бош мураббий даврида ўртамиёна рақибларга қарши қийналаётганди. «Фулҳэм» эса еврокубоклар учун курашаётган шундай жамоалар сирасига киради. Ўйин арафасида манкунианликлар ваа «дачачилар» турнир жадвалида ёнма-ён жойлашган, орадаги фарқ тўрт очкони ташкил этаётганди.

Амалда ҳам лондонликлар жиддий қаршилик кўрсатди ва «Юнайтед» рақиб мудофаасини фақат стандарт ёрдамида бузиб ўта олди. Аввалига арбитр пеналти белгилаганди, аммо VAR бу вазиятда меҳмонлар ҳимоячиси Матеус Кунянинг футболкасидан тортишни жарима майдони ташқарисида бошлаганини кўрсатди. Аммо бу қарор «Фулҳэм»ни муқаррар голдан асрай олмади ва Бруну Фернандешнинг узатмасидан кейин Каземиро барчадан баланд сакраб, бошда дарвозани ишғол этди. Иккинчи бўлим бошида эса бразилиялик яримҳимоячи Кунянинг голига ҳаммуаллифлик қилди.

Бу эпизодда голдан кўра унинг узатмаси – no look assist муҳокамалар марказида бўлди.

Шундан кейин мезбонлар хотиржамликка берилди ва рақиб бунинг учун жазолади. Аввалига Куэнканинг голи кичик офсайд туфайли бекор қилинди. Бу вазиятда уни ўтказиб юборган Магуайр кейинги эпизодда хатосини тузатиб, Хименесга гол уришга имкон бермади. Аммо у кейинроқ барибир навбатдаги хатога йўл қўйди ва мексикалик ҳужумчини жарима майдони ичида йиқитди, белгиланган пеналтини эса жабрланувчининг ўзи аниқ ижро этди.

Ҳакам ўйинга тўққиз дақиқа қўшиб берди ва бу дақиқаларда ақл бовар қилмас ишлар бўлиб кетди. Аввалига Кевин «тўққизлик»ни аниқ нишонга олиб, стадионда йиғилган мухлисларни карахт аҳволга солди – 2:2.

Аммо Кэррик шогирдлари руҳан синиб қолмади ва бир неча дақиқа ўтиб Шешко ҳам жарима майдони марказида туриб «тўққизлик»ка қайтариб бўлмас зарба йўллади. Унга ассистентлик қилган Фернандеш бу борадаги рекордини (12) такрорлади ва мавсумнинг қолган қисмида бу натижани яхшилаши тайин. Унинг саъй-ҳаракатлари эвазига «МЮ» АПЛда қаторасига уч ғалабага эришди ва кучли тўртликка қайтди.

«Астон Вилла» – «Брентфорд» 0:1
Гол:
Уаттара, 45 (0:1)
«Астон Вилла»: Мартинес, Конса, Пау Торрес, Матсен, Кэш, Дуглас Луис, Богард (Бэйли, 46), Роджерс, Буэндия, Санчо (Эллиотт, 77), Абраҳам
«Брентфорд»: Келлеҳер, ван дер Берг, Айер, Ҳенри (Ҳики, 84), Кайоде, Ҳендерсон (Коллинз, 59), Янелт, Йенсен (Люис-Поттер, 76), Шаде, Уаттара (Ярмолюк, 60), Тиаго
Огоҳлантиришлар: Роджерс, 90 – Айер, 35. Кайоде, 45. Янелт, 90. Коллинз, 90
Четлатиш: Шаде, 42

Бирмингҳэмдаги ўйин ажабланарли сценарийда кечди. 42-дақиқада Шаде майдондан четлатилиб, «Астон Вилла» сон жиҳатдан кўпчилик бўлиб олди, аммо танаффус арафасида гол ўтказиб юборди. Мезбонларнинг иккинчи бўлимда меҳмонлар мудофаасини ёриб ўтишга уринишлари эса бесамар кетди. Шу билан бирга, бунинг учун етарлича вазиятлар яратилди дейиш ҳам қийин, Унаи Эмери шогирдлари асосан узоқ масофалардан зарба йўллаш орқали ўз омадини синаб кўриш билан машғул бўлишди. «Брентфорд» эса бу мавсумда яқин-яқингача мустаҳкам қалъадек кўринган «Вилла Парк»дан уч очко олиб кетишга эришган иккинчи жамоага айланди («Эвертон» икки тур олдин буни уддалаган биринчи жамоа бўлганди). Бу мағлубият мезбонлар учун жиддий йўқотишга айланди ва энди жамоа чемпионлик пойгаси ҳақида эмас, кучли тўртликда қолиш ҳақида қайғуриши керак бўлади.

«Тоттенҳэм» – «Манчестер Сити» 2:2
Голлар:
Шерки, 11 (0:1). Семенё, 44 (0:2). Соланке, 53 (1:2). Соланке, 70 (2:2)
«Тоттенҳэм»: Викарио, Дрэгушин, Ромеро (Сарр, 46), Удоджи, Грэй, Палиня, Биссума (Тел, 68), Галлаҳер, Симонс, Коло Муани (Одобер, 68), Соланке (Байфилд, 90)
«Манчестер Сити»: Доннарумма, Гейи, Ҳусанов, О`Райли, Матеус Нунес, Родри (Мармуш, 90), Шерки (Рейндерс, 69), Бернарду Силва (Фоден, 88), Айт Нури (Гонсалес, 70), Семенё, Ҳоланд
Огоҳлантиришлар: Биссума, 11. Симонс, 38. Соланке, 48 – Ҳусанов, 21. Родри, 45. Гонсалес, 90

«Тоттенҳэм» – Хосеп Гвардиола учун АПЛдаги энг ноқулай рақиб. У ушбу жамоага қарши ўйинларда жами саккиз бор ютқазган. Ва лондонликлар «Сити» яққол фаворит саналган йилларда бу натижаларга эришган. Ҳозир эса «шпорлар» қийин даврни бошдан кечирмоқда, жамоа турнир жадвалининг иккинчи қисмида бормоқда, бош мураббий Томас Франк эса истеъфо ёқасига келиб қолган.

Биринчи бўлимда «Тоттенҳэм» ўз майдонидаги жамоага ўхшаб кўринмади. Жамоа прессинг қилишга уринди, аммо тўпни ҳимоядан олиб чиқишда кетма-кет хатоларга йўл қўйилди. Олдинги чизиқда эса дерли вазият яратилмади ва 45 дақиқа давомида бирор марта рақиб дарвозаси соҳасига тўғри борган зарба берилмади.

«Сити» эса 11-дақиқадаёқ Биссума майдон марказида тўп йўқотишидан фойдаланиб, осонлик билан ҳисобни очди: тўпни рақибдан олиб қўйган Бернардо Ҳоландга узатди, у эса қанотдан жарима майдонига интилган Шеркини голли пас билан таъминлади. Жароҳат туфайли ўйнай олмаган ван де Вен ўрнига тушган Дрэгушин эса Шеркига ўзи истаганидек зарба беришга йўл қўйиб берди. 

Кейин эса Дрэгушин тўпни узоқлаштиришда хатога йўл қўйиши натижасида Семенё дарвозабон билан яккама-якка ҳолатга чиқиб келиб, ҳисобдаги фарқни иккитага оширди.

Шу паллада камералар Томас Франк ўз ён дафтарига нимадир ёзаётганини кўрсатди. Танаффусда «Тоттенҳэм» устози катта таваккалчиликка йўл уриб, жамоа сардори Ромерони захирага олди ва тўрт ҳимоячидан иборат схемага ўтди. Ва бу қарор ўзини оқлади.

Барчасини Соланкенинг голи ўзгартириб юборди, жароҳат туфайли мавсумнинг биринчи қисмини ўтказиб юборган ҳужумчи «Тоттенҳэм»ни ўйинга қайтарган голни урди. Шу билан бирга, у зарба бераётганида тўп билан бирга Геҳининг ҳам оёғига зарба бериб юборганди. VAR вазиятни текширди, аммо голни инобатга олди.

Соланке эса бу билан чекланмади ва шедевр гол билан дублни расмийлаштирди. Тезкор қарши ҳужумда Галлаҳер ўнг қанотдан узатма берди. Узатма у қадар яхши чиқмагандек кўринганди – тўп ҳужумчининг йўлига эмас, бироз орқароққа келди.

Аммо Соланке тезкор қарор қабул қилди ва чаён зарбасини ижро этиб, тўпни Доннарумманинг устидан ошириб ташлади. Ҳозирдан мавсумнинг энг чиройли голи учун мукофотни унга топшириш мумкин.

«Сити»да вазиятни ўнглаш учун етарлича вақт бор эди, аммо иккинчи гол «Тоттенҳэм»га катта ишонч бағишлади ва мезбонлар рақибни жарима майдонига қамаб қўя бошлади. Ҳужум кетидан ҳужумлар амалга оширилди, Доннарумма эса яна бир неча бор «Сити»ни голлардан сақлаб қолди. «Тоттенҳэм»да иккинчи бўлимга бутунлай бошқа футболчилар тушгандек тасаввур уйғонди.

Якунда ҳисоб бошқа ўзгармади ва бу Лондоннинг бошқа бир жамоаси – турнир жадвали пешқадами «Арсенал» фойдасига хизмат қилди. Энди Артета шогирдлари иккинчи ўрин билан орадаги фарқни олти очкога етказиб олди.

Шу билан бирга, Абдуқодир Ҳусанов шу куни ўзига хос рекорд ўрнатди: ўзбекистонлик ҳимоячи «Сити» таркибида кетма-кет 8 учрашувда асосий таркибда майдонга тушди ва бирортасида ҳам захирага олинмади. Жорий мавсум бошидан буён жамоанинг бирор футболчи бу кўрсаткични қайд эта олмаган. Энг яхши кўрсаткич Нико Гонсалесга тегишли эди. Кетма-кет 7 учрашувда тўлиқ 90 дақиқа.

Испания: ҳуштакбозлик ва асабий якун

«Реал» – «Райо Валекано» 2:1
Голлар:
Винисиус Жуниор, 15 (1:0). Де Фрутос, 49 (1:1). Мбаппе, 90+10 – пеналти (2:1)
«Реал»: Куртуа, Раул Асенсио (Себалёс, 46), Ҳаусен (Алаба, 77), Камавинга, Валверде, Тшуамени, Арда Гулер (Родриго, 77), Беллингҳэм (Б. Диас, 10), Мастантуоно (Гарсия, 60), Винисиус Жуниор, Мбаппе
«Райо Валекано»: Баталя, Лежен, Менди, Чаваррия, Рацю, Сисс, Ҳерард Гумбау (П. Диас, 56), Палазон (Луис Фелипе, 83), Алваро Гарсия (Эспино, 77), Аҳомаш (Мартин, 84), Де Фрутос (Валентин, 56)
Огоҳлантиришлар: Себалёс, 69. Винисиус Жуниор, 83 – Херард Гумбау, 53. Чаваррия, 57. Палазон, 65. Валентин, 72. Баталя, 82. Аҳомаш, 83. Эспино, 90
Четлатиш: Сисс, 81. Чаваррия, 90+13 (иккинчи сариқ)

Алваро Арбелоа Карло Анчелотти даврини ёдга олди ва ўнг қанот ҳимоясига Камавингани юборди. Ва айнан шу қанотдан тезкор гол ўтказиб юборилишига бир бахя қолди – «Барселона» тарбияланувчиси Аҳомаш («Райо Валекано» уни «Вилярреал»дан ижарага олиб ўйнатмоқда) мезбонларни кечирди. «Сантяго Бернабеу»дагилар бу вазиятдан кейин ҳуштакбозлик бошлади, ўйиннинг саккизинчи дақиқаси ўтиб бораётганида трибуналар сув қуйгандек жим-жит бўлиб қолди – жамоанинг асосий футболчиларидан бири Беллингҳэм жиддий жароҳат олиб, кўзда ёш билан майдонни тарк этди.

Ўйиннинг бошланиши мезбонлар учун хавотирли кечди, аммо бироз ўтиб Винисиус Жуниор кичик шедевр ижро этди ва уч ҳимоячи қаршилик кўрсатаётганига қарамай, тўпни тўсин остидан дарвозага йўллаб, мухлисларга умид бахш этди. Унга голли узатмани Жуднинг ўрнига тушган Браим Диас берганди. Фақат шундан кейин мезбонлар ташаббусни тўлиқ ўз қўлига ололмади, иккинчи бўлим бошида эса «асаларилар» ҳисобни тенглаштиришди. 

Федерико Валверде позицияни Алваро Гарсияга бой берди, у эса тўпни Хорхе де Фрутосга узатди. «Райо» тўпурари Тчуаменидан илдамроқ ҳаракат қилиб, тўпга бир тегинишда Тибо Куртуа дарвозасини ишғол этди – 1:1.

«Реал» тўлиқ куч билан олдинга чиққанида, Рациу қарши ҳужумда қочиб кетди ва Мадридни Куртуа навбатдаги марта қутқариб қолди. Шунга ўхшаш вазият Мбаппеда ҳам бўлди, у дарвозабонни ҳам алдаб ўтганди, аммо бўш дарвоза қаршисида туриб тўсинни пойлади. 

Ўйин охирида ҳиссиётлар қайнай бошлади ва 81-дақиқада Сисс Себалёсга қўполлиги учун майдондан четлатилди.

Винисиус ҳам асабларини жиловлай олмади ва захирага олинган Аҳомашни тезроқ юришга ундаб туртгани учун сариқ карточка олди. Бу орқали у сариқ карточкалар лимитини тўлдирди ва энди 8 феврал куни «Валенсия»га қарши ўйинни ўтказиб юборади.

Бироз олдинроқ жиддий жароҳатдан қутулиб қолган Дани ўйин қаҳрамонига айланиши мумкин эди, аввалига унинг хавфли зарбасига бироз аниқлик етишмади, кейинги вазиятда унинг узатмасидан кейин Камавинга бошда йўллаган зарба устунга тегди.

Ҳакам ўйинга тўққиз дақиқа қўшиб берди ва бу дақиқалар тугаётганида меҳмонлар ҳимоячиси Менди жарима майдони ичида тўп ўрнига Браимни тепиб юборди, арбитр эса 11 метрлик нуқтани кўрсатди.

Мбаппе нуқтадан тўпни дарвоза тўрига киритганида секундомерда 99:34 рақамлари ёниб турганди – бу «Қироллик клуби»нинг XXI асрда энг кеч урилган голи бўлди. Мезбонлар асабий кечган ўйинда барибир ғалабага эришди ва «Барса»га олдинга чиқиб кетишга йўл қўймади (ўртадаги фарқ ҳамон бир очкони ташкил этмоқда).

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид