Ўзбекистон | 07:37 / 12.12.2019
99913
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда барча ўқув муассасаларида 5 кунлик ўқиш тизими жорий этилиши кутиляпти

Ўзбекистондаги барча ўқув муассасаларида беш кунлик ўқиш тизими жорий этилиши мумкин. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида ёшлар туризмини ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳасида айтилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда ички туризмни ривожлантириш доирасида ўқувчи ва талабалар ҳамда уларнинг ота-оналари саёҳатларини самарали ташкил этиш мақсадида барча умумий ўрта таълим мактаблари, олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида беш кунлик ўқиш тизимини жорий этиш ҳамда туризм мавсумини узайтириш мақсадида ёзги таътил муддатини қисқартириш ҳисобидан қишки таътил даврини узайтириш бўйича таклиф ишлаб чиқади ва киритади.

Ҳужжат билан қуйидагилар:

а) 2020-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида ёшлар туризмини ривожлантириш Концепцияси;

б) 2020 – 2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида ёшлар туризмини ривожлантириш Концепциясини амалга ошириш бўйича 2020 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси тасдиқланади.

Белгилаб қўйилишича:

туризм мавсуми паст бўлган ойларда (декабрь-февраль ва июль-август ойларида) ташкил этиладиган халқаро тадбирларда ўрнатилган тартибда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан:

100 нафардан ортиқ хорижий иштирокчилар ташриф буюрса – иштирокчиларни халқаро аэропорт ва темир йўл вокзалидан кутиб олиш ва кузатиш учун транспорт харажатлари;

150 нафардан ортиқ хорижий иштирокчилар ташриф буюрса – иштирокчиларни халқаро аэропорт ва темир йўл вокзалидан кутиб олиш ва кузатиш учун транспорт харажатлари ҳамда тадбир ўтказиладиган ҳудудда экскурсия ташкил этиш харажатлари;

200 нафардан ортиқ хорижий иштирокчилар ташриф буюрса – иштирокчиларни халқаро аэропорт ва темир йўл вокзалидан кутиб олиш ва кузатиш транспорт харажатлари ҳамда тарихий шаҳарлардан бирига бир кунлик саёҳатнинг гид ва шаҳар ичидаги транспорт харажатлари (тарихий шаҳарларга бориш ва келиш харажатларидан ташқари) қоплаб берилади.

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги йилнинг туризм мавсуми паст бўлган даврда (ноябрь-март ойигача) ёшлар, шу жумладан хорижликлар учун мамлакат ичида йўл чипталари (авиа, темир йўл, автобус) чегирмаларни жорий этишнинг аниқ механизмлари бўйича таклиф ишлаб чиқади ва киритади.

“Ўзавтосаноат” АК таркибига кирувчи ишлаб чиқариш корхоналари, Қуёш энергияси халқаро институтида доимий экскурсиялар учун шароит яратиш ва саёҳатлар ташкил этиш учун рухсат берилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда барча босқичдаги таълим муассасалари ўқувчи ва талабаларини ҳар бир таълим муассасасидаги ўқувчи ва талабалар умумий сонининг камида 10 фоизини қамраб олган ҳолда юқорида санаб ўтилган муассаса, ташкилот ва йирик ишлаб чиқарувчи корхоналарга саёҳатларини ташкиллаштиради.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси:

ёшлар ўртасида мамлакатнинг маданий меросини оммалаштириш, тарихий обидаларни танитишга, шунингдек, аждодларимиз томонидан тўпланган маданий меросни асраб авайлаш, уни ўсиб келаётган авлод тарбиясига таъсирини ошириш борасидаги жамоатчилик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича давлат грант танловларини ташкил қилишга доир таклифларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясига киритади;

туризм соҳаси билан шуғулланувчи ёшларни бирлаштириш, уларнинг саъй-ҳаракатларини туризм соҳасидаги ислоҳотларга сафарбар этиш ҳамда ёшлар туризмини ривожлантириш мақсадида ёшлар туризми бўйича жамоат бирлашмаларини ташкил этиш бўйича ташаббусларни қўллаб-қувватлайди.

Мавзуга оид