Ўзбекистон | 20:04 / 21.12.2024
7807
5 дақиқада ўқилади

Ғойиб бўлган машиналар иши: асосий фигурант Абдулла Абдурасуловнинг шериклари қамалди, унинг ўзини терговчи қўйиб юборган

50 нафарга яқин кишини чув тушириб, уларнинг турли русумдаги машиналарини божхона чегара пости орқали Қозоғистонга олиб чиқиб кетган Абдулла Абдурасуловнинг икки жиноий шеригига суд ҳукми ўқилди. Чегара орқали чиқариб юборилган автомобиллар тақдири очиқ қолган. Унинг ўзи эса ҳамон очиқда. Kun.uz аниқлашича Абдурасулов ушланган. Аммо негадир Чирчиқ шаҳар ИИБ терговчиси уни қўйиб юборган.

Одамларнинг машинасини бўлиб тўлаш шарти билан олиб, Қозоғистонга ўтказиб сотиб юбориш бўйича жиноий схема тузган Абдулла Абдурасулов ҳақида икки қисмли катта суриштирувни томоша қилган бўлсангиз керак

Йирик уюшган гуруҳнинг асосий фигуранти бўлган ва айни пайтда очиқда қолаётган Абдулла Абдурасуловнинг шерикларига суд ҳукми ўқилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳукмида келтирилишича, 1988 йилда туғилган Анвар Мингишев ҳамда 1992 йилда туғилган Бауржан Ҳакимбаев Абдулла Абдурасуловнинг жиноий шериклари бўлган. Жиноий гуруҳ алдов йўли билан одамлардан “выкуп”га машина сотиб олган. Сўнгра ушбу машиналарни чегара постлари орқали Қозоғистонга ўтказиб, у ердаги жиноий шериклари орқали қалбаки ҳужжатлар ёрдамида Қозоғистон фуқароларига сотиб юборишни мақсад қилган.

Жиноий гуруҳга Абдулла Абдурасулов раҳбарлик қилган. У Анвар Мингишев ҳамда Бауржан Ҳакимбаевга бажаришлари лозим бўлган вазифаларини тақсимлаб берган.

Жумладан, Абдулла Абдурасулов қўлга киритилган машиналарни Қозоғистонга олиб ўтиб, жиноий гуруҳнинг у ердаги бошқа аъзолари билан қалбаки ҳужжатлар тайёрлаш орқали давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда сотиб юборишни ташкил қилган.

Анвар Мингишев ҳамда Бауржан Ҳакимбаев эса Ўзбекистонда сотилиши тўғрисида эълон берилган машиналарнинг эгалари билан суҳбатлашиб, транспорт воситасини бўлиб тўлаш шарти асосида сотиб олиш бўйича келишувга эришган. Сўнгра машиналарнинг эгалари билан кўришиб, бошланғич тўлов берган ҳолда ойлик тўловларни ўз вақтида тўлаб боришга ишонтирган. Бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончнома расмийлаштириб олганларидан сўнг эса машиналарни ўзга шахсларга сотиш ёки гаровга бериш ваколати йўқлигини била туриб, Қозоғистонга олиб ўтишни таъминлаган.

Дастлабки терговда жиноий гуруҳ жами 36 та машинани шу йўл орқали қозоғистонлик шахсларга сотиб юборгани ҳамда пулларни машиналар эгаларига тўлаб бермасдан, сарфлаб юборгани аниқланган.

Хусусан, Анвар Мингишев ҳамда Бауржан Ҳакимбаев 6 та машинани (Cobalt, Monza) шу тартибда Қозоғистонга ўтказиб юборган. Машиналарнинг Қозоғистонга олиб чиқиб кетилгани Тошкент вилояти Божхона бошқармаси маълумотлари билан тасдиқланган.

Судда Анвар Мингишев ҳамда Бауржан Ҳакимбаев айбларига қисман иқрорлик билдирган. Уларнинг айби жабрланувчиларнинг кўрсатмалари билан тўлиқ тасдиқланган.

Суд ҳукми билан Анвар Мингишев Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми “а, в” бандлари, 227-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) 1-қисми ва 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми “а, б” бандларида назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбли деб топилган. Унга 8 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Бауржан Ҳакимбаев эса Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а, в” бандлари, 227-моддаси 1-қисми, 228-моддаси 2-қисми “а, б” бандлари ҳамда 243-моддаси (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) билан айбли деб топилиб, 9 йил озодликдан маҳрум қилинган.

Шунингдек, Анвар Мингишев ва Бауржан Ҳакимбаевдан солидар тартибда жабрланувчилар фойдасига жами 1 млрд сўмдан ортиқ маблағ ундирилиши белгиланган. Бауржан Ҳакимбаев номидаги Malibu машинаси хатланган.

Жиноий гуруҳга раҳбарлик қилган Абдулла Абдурасулов ҳамон қидирувда. Олдинроқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ушланган Абдурасулов негадир қўйиб юборилган. Буни Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган Бауржан Ҳакимбаевнинг турмуш ўртоғи ҳам тасдиқлади.

Kun.uz Абдулла Абдурасулов томонидан Қозоғистонга олиб чиқиб кетилган машиналар борасида икки қисмли суриштирув эълон қилганди. У машиналарни онлайн ишончнома билан божхона чегара постидан олиб ўтиб кетиш ҳолатини “Томожнийдагилар “соққа”сини берсангиз ўтказиб юбораверади, сизнинг ишончномангизга қараб ўтирмайди”, дея изоҳлаган.

Мавзуга оид