Абдулла Абдурасулов исмли шахс бир неча ойда 50 нафарга яқин кишини чув тушириб, уларнинг турли русумдаги машиналарини божхона чегара пости орқали Қозоғистонга олиб чиқиб кетган. Чегарадан ўтказилган машиналар эса ғойиб бўлган. Абдулла Абдурасулов ким ва у машиналарни божхона чегара постидан қандай тарзда олиб ўтган? Бунга Божхона қўмитасининг муносабати қандай бўлди? Машиналар ортга қайтариладими? Kun.uz мавзу юзасидан суриштирувни давом эттирди.

Kun.uz’нинг 50 га яқин машина бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахслар томонидан божхона пости орқали Қозоғистонга ҳайдаб олиб чиқиб кетилгани ҳақидаги суриштируви анча жиддий масала бўлиб чиқди. Суриштирувдан сўнг таҳририятга ўнлаб мурожаатчилар келиб, уларнинг ҳам машиналари айни шу тарзда Қозоғистонга олиб чиқиб кетилганини билдиришди. Kun.uz мавзунинг янги тафсилотларини ўрганди.

Абдулла Абдурасулов ким?

Жабрланувчиларнинг барчаси машиналарини Абдулла Абдурасуловга бўлиб тўлаш шарти билан сотганини айтади. Абдурасулов эса транспорт воситаларини “Яллама” божхона чегара пости орқали Қозоғистонга олиб чиқиб кетган. Жабрланувчилар билан ҳамон Telegram орқали алоқада бўлиб турган Абдулла Абдурасулов уларга машиналарни Қозоғистонга ўтказиб, такси хизматини йўлга қўймоқчи бўлганини, аммо қозоғистонлик шерикларига алданиб қолганини билдириб келади. Бироқ алданганлар бу баҳонага ишонмай қўйишган, машиналардан дарак йўқ.

1989 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, Олмазор туманининг Қорақамиш даҳасида рўйхатда турувчи Абдулла Абдурасулов муқаддам бир неча бор судланган.

У 2014 йил 19 июндаги суд ҳукми билан божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, пора бериш, қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш, шунингдек, рангли металлар, уларнинг парча ва резги чиқитларини тайёрлаш, олиш, улардан фойдаланиш ҳамда уларни ўтказиш қоидаларини бузиш каби жиноятларини содир қилишда айбли деб топилган. Унга суд ҳукми билан 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Бироқ 2013 йил 12 декабрдаги амнистия актига асосан жазо муддати 1/3 қисмига, 2014 йил 14 ноябрдаги амнистия актига асосан ўталмаган жазо муддати 1/3 қисмига қисқартирилган ҳамда 2015 йил 3 декабрдаги амнистия актига асосан Абдурасулов жазодан озод қилинган.

Бундан ташқари, Абдулла Абдурасулов жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судининг 2021 йил 21 апрелдаги ҳукми билан Жиноят кодексининг 223-моддаси (Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш) 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган ҳамда 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судининг 2023 йил 19 декабрдаги ажрими билан тайинланган жазонинг ўталмаган қисми, яъни 2 йил 5 ой 22 кун озодликни чеклаш жазосидан муддатидан илгари шартли озод қилинган.