Ўзбекистон | 12:08 / 12.06.2021
7589
2 дақиқада ўқилади

2 мингта оилавий нодавлат боғчалар фаолияти йўлга қўйилади 

“Қамров даражаси паст бўлган туманларда мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди 

Адлия вазирлиги хабарига кўра, болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси паст бўлган 53та туманда 2021–2022 йилларда:

  • 2 мингта оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилиб, 50 минг нафар тарбияланувчи учун янги ўринлар яратилади;
  • умумий қуввати 11,2 минг ўриндан зиёд бўлган 100та давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолияти йўлга қўйилади;
  • қуввати 7,5 минг ўринга тенг бўлган 50та давлат мактабгача таълим ташкилоти қурилади;
  • давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш ҳисобига уларнинг сони 20 мингтага етказилади ҳамда 7,5 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.

2021 йил 1 июлдан:

  • оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига мавжуд қувватига қараб 50 нафаргача болани тарбиялашга ҳамда тарбияланувчилар сонидан келиб чиқиб 4 нафаргача тарбиячи ва ёрдамчиларни ёллашга рухсат берилади;
  • оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари томонидан ёлланган (Тошкент шаҳри, Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида – 2 нафаргача, бошқа ҳудудларда – 4 нафаргача) тарбиячи ва ёрдамчиларга тегишли тоифа бўйича қисқа муддатли ёки 9 соатлик давлат мактабгача таълим ташкилотлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартларида ва ҳажмларда иш ҳақи тўланади;
  • оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ҳудудий мактабгача таълим бошқармалари орқали ўқув материаллари билан бепул таъминланади;
  • 2022 йил 1 январга қадар оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига мебель, жиҳоз ва асбоб-ускуналарни сотиб олиш учун 30 миллион сўмгача миқдорда 3 йил муддатга 6 ойлик имтиёзли давр билан 5 фоизли ставкада кредитлар ажратилади.
Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид