Туризм | 14:24 / 14.03.2026
3091
2 дақиқада ўқилади

Хивада «Боқий шаҳар» концепцияси асосида янги ҳудуд барпо этилади

Хива шаҳрида туризм ва халқаро тадбирлар инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Унга кўра, шаҳарда замонавий Congress Hall мажмуаси ҳамда тарихий Хива меъморчилиги услубида «Боқий шаҳар» барпо этилиши режалаштирилган.

Фото: Видеодан кадр

Лойиҳанинг умумий қиймати 70 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Мажмуа ҳудудида қўшимча равишда 150 миллиард сўмлик замонавий 3 юлдузли меҳмонхона қурилиши ҳам олиб борилмоқда.

Қурилиш ишлари жорий йилнинг январ ойи ўрталарида бошланган бўлиб, айни пайтда лойиҳа иккинчи босқичга ўтган. Режага кўра, асосий қурилиш ишлари 15 июлга қадар якунланиши, мажмуа эса 2026 йил август ойининг ўрталарида тўлиқ фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.

Қайд этилишича, Congress Hall йирик халқаро форумлар, конференциялар ва маданий тадбирларни ўтказиш учун замонавий инфратузилмага эга бўлади. Бу эса Хиванинг нафақат туризм маркази, балки халқаро мулоқот ва бизнес учрашувлари ўтказиладиган нуфузли майдонга айланишига хизмат қилади.

Шунингдек, мажмуа ёнида Хиванинг миллий меъморий анъаналарини акс эттирувчи «Боқий шаҳар» концепцияси асосида янги ҳудуд шакллантирилади. Лойиҳа амалга оширилиши натижасида янги иш ўринлари яратилиши, хизмат кўрсатиш соҳаси ривожланиши ҳамда шаҳарнинг инвестициявий жозибадорлиги янада ошиши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид