Жамият | 11:57 / 13.02.2026
15716
3 дақиқада ўқилади

“Истанбул суд тиббий экспертизасига ҳозирча жасад олиб келинмади” – Сайёра Эргашалиеванинг вафоти юзасидан муносабат билдирилди

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонасига кўра, Дурдона Ҳакимова ва Сайёра Эргашалиева яқин дугона бўлган. Улар 22 январ куни гумонланувчилар билан бирга Истанбулнинг Фотиҳ туманидаги ресторанда тушлик қилган. Гумонланувчилар аввалига Сайёра Эргашалиевани ўлдириб, танани бўлаклаган ҳолда чиқинди қутиларига ташлашган. Сўнгра марҳуманинг телефонидан Дурдона Ҳакимовага хабар жўнатиб, чақириб олишган ҳамда уни ҳам ўлдиришган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Туркияда ўлдирилган Сайёра Эргашалиева ҳамда Дурдона Ҳакимова яқин дугона бўлишган. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси хабар берди.

Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларидан олинган дастлабки маълумотларга кўра, Дурдона Ҳакимованинг ўлими билан боғлиқ ҳодисадан сўнг бедарак йўқолган деб топилган фуқаро – 1994 йилда Наманган вилоятида туғилган Сайёра Эргашалиева вафот этгани аниқланган.

Маълум қилинишича, Сайёра Эргашалиева марҳума Дурдона Ҳакимованинг яқин дугонаси бўлган. Тергов жараёнида гумонланувчилар Сайёра Эргашалиева юзасидан кўрсатма беришдан бош тортганликлари қайд этилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, жорий йил 22 январ куни марҳумалар ҳамда гумонланувчилар Истанбул шаҳрининг Фотиҳ туманида жойлашган ресторанда биргаликда тушлик қилган. Учрашув давомида Сайёра Эргашалиева ва Г.К. ўртасида келишмовчилик юзага келган. Тахминларга кўра, можаро Сайёра Эргашалиеванинг Ўзбекистонга қайтиш нияти билан боғлиқ масалада келиб чиққан.

23 январ куни Т.Д. ва К.Г. ўзаро тил бириктириб, Сайёра Эргашалиевани аввал пичоқ билан ўлдиришган, сўнгра танани бўлаклаган ҳолда Фотиҳ туманидаги чиқинди қутиларига ташлашган.

24 январ куни қотиллар Сайёра Эргашалиеванинг телефонидан Дурдона Ҳакимовага хабар юбориб, уни чақириб олишган. Сўнгра уни ҳам Эргашалиева сингари пичоқ билан ўлдириб, танасини бир нечта қисмларга бўлган ҳолда Шишли туманидаги чиқинди қутиларига ташлашган.

“Сайёра Эргашалиеванинг жасади топилганлиги ҳақида ОАВда маълумот тарқалди. Бироқ Истанбул Суд тиббий экспертизасига ҳозирча жасад олиб келинмади. Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси мазкур ҳолатни доимий назоратга олган бўлиб, Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан яқин ҳамкорликда иш олиб бормоқда”, дейилади Бош консулхона хабарида.

Қайд этилишича, тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш бўйича эҳтиёт чора қўлланган ва улар айбига иқрор бўлишган, ҳужжатлар судга тақдим қилинган. Қўшимча маълумотлар аниқлаштирилиши билан жамоатчилик хабардор қилиниши билдирилган.

Аввалроқ Истанбулда Дурдона Ҳакимова билан бирга яна бир аёл – Сайёра Эргашалиева ўлдирилгани аниқланган эди. У аввалига бедарак йўқолган деб рўйхатга олинганди.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид