60 ёшли фуқаро ИИБ ходимларининг қўлида жон берди. Шубҳалар ва саволлар кўп
Фуқаронинг ИИБ ходимлари қўлида ўлим топиши билан боғлиқ навбатдаги ҳолат Қувасойда рўй берди. Марҳум ўлимидан бироз олдин уйида ош дамлаб, помидор олиб келиш учун дўконга чиққан. Қандай қилиб участкавой қўлига тушиб қолгани-ю, нега мастлик ҳолатини текшириш керак бўлиб қолгани ҳозирча номаълум. Яқинлари бу табиий ўлим эканига ишонмаяпти. Kun.uz мухбири аниқлаганлари бу шубҳаларни янада кўпайтирмоқда.
Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳрида 60 ёшли фуқаро ИИБ ходимлари томонидан мастлик ҳолатини текшириш учун тиббиёт бирлашмасига олиб кетилаётганда соғлиги ёмонлашиб, вафот этди.
Марҳумнинг яқинлари эркак участка нозирлари томонидан калтакланиши оқибатида вафот этганини айтмоқда. Kun.uz мухбири ҳолат юзасидан суриштирув олиб борди.
Судга оид тиббий экспертиза дастлабки маълумотига кўра, марҳум Ҳайдарали Тошпўлатовга “Юрак ишемик касаллиги, юрак тож қон томирлари ўткир етишмовчилиги, ўнг томонлама пневмония, сурункали плеврит, ошқозон ости безига қон қуйилиши, алкоголдан заҳарланиш” ташхиси қўйилган.
Марҳумнинг “участкавой”лар билан тортишиб қолишига нима сабаб бўлган?
Маълум бўлишича, Қувасой шаҳри Юқори Мўян маҳалласининг Сойбўйи кўчаси 74-уйда яшовчи Ҳайдарали Тошпўлатов “Қувасойцемент” АЖда маълум муддат ишлаб, пенсияга чиққан.
Фарғона шаҳридаги қурилиш ташкилотларидан бирига қоровуллик қилаётган марҳум 2 кун ишлаб, 2 кун дам олган. У иш пайтидалигида икки невараси қўшни хонадонга кириб, телевизор эҳтиёт қисмларини бузиб қўйишган. Ҳаммаси шундан бошланган.
Марҳумнинг келини Гулмира Тошпўлатовага кўра, қайнотаси эҳтиёт қисм сабабли келиб чиққан можаро ортидан номаълум сабабларга кўра вафот этган:
“Ишдан келсам, фарзандларим уйда йўқ экан. Ҳар доимгидек кўчада ўйнаётган бўлишса керак, деб ўйладим. Бироздан кейин қўнғироқ қилишиб, ўғилларимни участкавойлар машинага солиб олиб кетаётгани ҳақида айтишди. Хўжайинимга қўнғироқ қилиб, бўлган воқеани айтдим.
Бу йил катта ўғлим 5, кичиги 3-синфга ўтди. Ўғилларим одатда синфдошининг уйига ўйнагани кирарди. Ўша куни ҳам улар ўша хонадонга кириб, DVD ва тюнерларни пачоқлаб, ичидаги магнитини олишган экан. Хонадон соҳиблари ҳолатдан жаҳли чиқиб, маҳалла раисига бу ҳақда шикоят қилишган, тез орада участкавой ва маҳалла раиси ўша ерга етиб келишган экан.
Участкавойларнинг ўғилларимни машинага солиб олиб кетаётганини кўрган хўжайиним ёш болаларни нозир хонасига олиб бориш нотўғри эканини айтганида, улар хўжайинимнинг қўлини қайириб машинага чиқ, сен билан ўша ерда гаплашамиз деб, уни ҳам машинага тиқишди. Мен ҳам уларнинг ортидан машинага чиқиб олдим.
Участкавой турмуш ўртоғимни хонасига олиб кириб кетди. Бироздан кейин яна бир формали ходим ва фуқаро кийимидаги шахс келиб, ўша хонага кирди. Мен ташқарида тургандим, бирданига тўполон бўлиб кетди. Маҳалла раисига эримни уришяпти шекилли десам, эркакларнинг ишига аралашманг, эркакчасига ҳал қилишяпти деди. Участкавой хонасига кирсам, хўжайиним ерда думалаб ётган экан. Ҳолатни телефонимга съёмка қиламан десам, қаршилик қилишди. Шундан кейин турмуш ўртоғимни шаҳар ИИБга олиб кетишди.
Ураётган ҳолатни видеога олган, деб гумон қилишди чоғи мендан телефонимни беришимни сўрашди. Бермадим.
Бу воқеалар бўлаётган пайтда қайнотам ишда бўлган. Орадан икки кун ўтиб, уйга келганида ўғлини участкавойлар ургани ҳақида танишларидан эшитган экан. 27 август куни турмушга чиққан қайнисинглим уйга келадиган бўлди. Қайнотам ошни дамлаб қўйиб дўкондан помидор олиб чиқиш учун чиқиб кетди. Ўғлини урганидан жаҳли чиққан ота участка нозирлари билан гап талашиб қолганми, шу билан уйга қайтиб келмади.
Шу хонадонга келин бўлиб тушганимга 13 йил бўлди. Қайнотам шу пайтгача соғлигидан шикоят қилмаган. Пенсияга чиқиб ҳам ишлаб юрган соғлом одам эди”.
Марҳумнинг ўғли Элёр Тошпўлатов отаси участкавойлар калтаклаши ортидан вафот этган, деб ҳисоблайди.
“24 август куни соат 17:00-18:00лар атрофида боғда ишлаётган пайтимда аёлим қўнғироқ қилиб, икки ўғлимни участкавойлар машинасига қамаб қўйгани ҳақида айтди. Воқеа жойига борсам, маҳалла раиси, участкавой ва хонадон соҳиби кўчада туришган экан. Участкавой машинага ўтиришимни айтди. Мен эса бўлган воқеа юзасидан аввал ўғилларим билан гаплашиб олишим кераклиги, ундан кейингина машинага ўтиришимни айтдим. Участкавой билан тортишиб кетдик.
Машинага ўтириб, участкавой хонасига келдик. Шунда нозир болаларимни ташқарига чиқариб туришимни сўради. Уларни ташқарига чиқаришим билан хонага яна бир формали ходим кириб келди. Бош кийимини ечган ходим, сен ҳали мелисага бақир-чақир қиладиган бўлиб қолдингми, деб уриб кетди. Икки участкавой мени дўппослашга тушишди. Ерга ётқизишиб роса тепишди. Маҳалла раиси полда думалаб ётганимни кўриб ҳам менинг тарафимни олмади.
Орадан бироз вақт ўтиб, ўрнимдан турғизди ва касалхонага олиб кетишди. Шифохонада тиббий кўрикдан ўтказишди. Мен шифокорга икки нозир дўппослагани ҳақида айтдим. Шу пайт Шукур исмли ИИБ ходими мени ташқарига олиб чиқиб кетди.
Ўша куни Қувасой шаҳар ИИБга олиб боришиб, 15 суткага қамашлари ҳақида айтишди. Лекин қамашмади, 23:30лар чамасида ИИБдан чиқариб юборишди.
Орадан икки кун ўтиб, раҳматли отам ишдан келди. Бўлган ҳолат ҳақида сўраганида ҳаммаси жойида эканини айтдим. 27 август куни соат 17:30лар атрофида опам қўнғироқ қилиб, дадамни участкавойлар олиб кетганини айтди. Укам билан ИИБга бордик, у ерда отам йўқ эди. Шифохонага борсак, ИИБ ходимлари кўп экан. Шифокор дадам шифохонага олиб келингани, лекин у келгунича йўлдаёқ жони узилиб бўлганини билдирди.
Гувоҳларнинг айтишича, ўша куни сомсахонада ўтирган пайтда Лашкар маҳалласида ишлайдиган участкавой билан бизнинг участка нозири Шерзод Мамадалиев отамнинг қўлларига кишан тақиб олиб кетган экан.
Дадамни бирор жойга олиб бориб калтаклашган деб ўйлайман. Чунки сомсахона билан шифохонанинг ораси 5 дақиқалик йўл. Шифохонага етгунича ўз-ўзидан отамнинг жони узилганига ишонмайман. Врачнинг айтишича, шифохонага етиб келмасиданоқ отамнинг жони узилиб бўлган, нозирлар ўлиб бўлган беморни аппаратга улаб, юрагига массаж беришни сўрашган”, – дейди Элёр Тошпўлатов.
Ҳайдарали Тоштўлатовнинг укаси Таваккал Тошпўлатов ҳақиқат юзага чиқиб, айбдорлар жавобгарликка тортилишини хоҳлайди:
“Помидор олишга чиқиб кетган акамни участкавойлар нима сабабдан қўлига кишан тақиб олиб кетишиб, шифохонага ўлик ҳолатда олиб боришганига тушунмаяпман. 84 ёшга кирган онам акамнинг вафот этганини ҳали билмайди. Акам менга ота ўрнида ота эди. Агар у ёмон инсон бўлганида маҳаллага оқсоқол қилиб сайлашмаган бўларди. Ҳақиқат юзага чиқиши, участкавойлар жавоб бериши керак. Касаллиги йўқ эди. Участкавойларнинг қўлига тушиб ўлди”.
Қувасой шаҳар Тиббиёт бирлашмаси реанимация бўлими бошлиғи Қаҳрамон Азимовга кўра, марҳум Ҳайдарали Тошпўлатов бўлимга олиб келинганида жонсиз ҳолатда бўлган. Танасида эса жароҳат излари бўлмаган.
“27 август куни 17:50лар чамасида номаълум шахс участка нозири ёрдамида реанимация бўлимига олиб келинди. Нозирнинг гапи бўйича, олиб келинган шахс ўзини билмай ҳушини йўқотган. Кўрикдан ўтказилганида ҳаётий белгилар йўқ эди. Юрак уриши, нафас олиши, қон босими аниқланмади. Шунга қарамай реанимацион муолажалар кўрсатилди. Лекин юрак фаолияти тикланмади. Ҳолат бўйича ИИБга хабар бердик. Ўлим сабабини аниқлаш учун суд-мед экспертизага юборилди. Тана қисмида жароҳат излари аниқланмади”, – дейди шифокор.
Депутат маҳалла раисининг интервю беришига нега қарши?
Марҳумни машинасига миндириб олиб кетган участка нозири Шерзод Мамадалиевдан изоҳ олиш учун унинг хизмат хонасига бордик. Афсуски, у иш жойида йўқ эди. Марҳумнинг яқинларига кўра, участка нозири машъум воқеадан кейин кўриниш бермаган.
Ўша куни воқеа гувоҳи бўлган “Юқори Мўян” МФЙ раиси Дилшод Сулаймоновдан интервью олмоқчи бўлиб турганимизда кутилмаганда қизиқ ҳолат рўй берди. Раис хонасига тўсатдан халқ депутатлари Қувасой шаҳар кенгаши депутати Ойбек Худойбердиев кириб келди. Депутат фаолиятимизга тўсқинлик қилиб: “Гарчи тўртинчи ҳокимият бўлсангиз ҳам, сизларга ҳолат бўйича изоҳ беришга мажбур эмасмиз, хоҳласак маълумот берамиз, хоҳламасак йўқ”, дея эндигина интервью беришга ҳозирлик кўраётган маҳалла раисини хонадан олиб чиқиб кетди. Раис эса ўзининг эркин фикри йўқлигиданми, унинг ортидан эргашиб хонасини тарк этди.
Ҳолат ўз-ўзидан шубҳалар ортишига сабаб бўлди. Аслида бўлиб ўтган ҳолат бўйича изоҳ беришга депутатнинг ўзи ташаббус кўрсатиши керак эмасмиди?
Маҳалладаги камера жойи ўзгартириб қўйилган
Маҳаллада яшовчиларнинг айтишича, маҳалла идораси ва участка нозири биносига қаратилган, чинор дарахтига ўрнатилган кузатув камераси ўша ҳодиса содир бўлган куниёқ ечиб олиниб, бошқа жойга кўчирилган.
Марҳумнинг яқинларига кўра, бу ИИБ ходимлари камера ёзиб олган кадрларни ўчиришга уринишлари билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Марҳум Ҳайдарали Тошпўлатовнинг сирли ўлими билан боғлиқ вазиятга изоҳ олиш учун Қувасой шаҳар ИИБга борганимизда, кутилганидек, барча масъул раҳбарлар йиғилишда экани айтилиб, ичкарига киришга рухсат берилмади.
Хуллас вазият жуда шубҳали, саволлар эса бисёр.
Уйидан ўз оёғи билан юриб дўконга чиқиб кетган одам қандай қилиб ИИБ ходимларига рўбарў келиб қолди? Қачондан бери участкавойлар пиёда юрган одамни мастлик ҳолатини текшириш учун тиббиёт бирлашмасига олиб борадиган бўлиб қолишди? Марҳумга ходимлар зўравонлик қилмаганига, ўлим шунчаки табиий содир бўлганига жамоатчиликни қандай ишонтиришмоқчи?
Афтидан бу ерда ҳам Каттақўрғонда солиқчининг ЙПХ ходимлари томонидан ўлдирилгани ҳолатига ўхшаш воқеанинг иси келмоқда.
Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири
Монтаж устаси – Жаҳонгир Алибоев
Мавзуга оид
14:15 / 12.07.2024
Қувасойдаги 12 минг гектар ери бўлган 616 та фермернинг ер солиғи ярмига камайтирилади
17:18 / 12.12.2023
Фарғонадаги тиббиёт бирлашмасида шифокор пичоқланди
23:09 / 03.08.2023
Миришкорда кўлда чўмилаётган профилактика инспектори ғойиб бўлган. Прокуратура воқеани текширмоқда
17:53 / 01.08.2023