Ўзбекистон | 17:05 / 07.01.2024
20085
3 дақиқада ўқилади

Тоза ҳаво, мароқли дам ва адреналин истовчилар учун янги манзил – Зоминнинг янги туристик зонасидан репортаж

Очиқ табиат қўйнида экстремал кўприк, салкам 2,5 километрлик дор йўли, 3 юлдузли меҳмонхона ва соғломлаштириш маркази. Сайёҳлар учун туристик манзиллар сони яна биттага кўпайди. Жиззахнинг Зоминидаги 950 гектарлик ҳудудда янги дам олиш зонаси одамларга хизмат кўрсатмоқда. Kun.uzʼнинг навбатдаги репортажида шу ҳақда батафсил билиб олишингиз мумкин.

Жиззах вилоятининг Зомин туманида жойлашган бу ҳудуднинг барпо қилиниши 2021 йилдан бошланган. Қурилиш бош режаси Австрия компанияси билан бирга ишлаб чиқилган. Ҳозирга келиб 600 ўринли 3 юлдузли меҳмонхона, соғломлаштириш маркази, осма дор йўли ҳамда осма кўприк одамлар учун хизмат кўрсатяпти.

Сайёҳлик зонаси узунлиги 2 минг 200 метр бўлган осма дор йўли билан бошланади. Автомобилда келувчилар учун канатга чиқиш ҳудудида 400 ўринли автотураргоҳ қурилган. Швейцария технологияси асосида қурилган бу дор йўлида жами 36 та 8 ўринли кабиналар бор.

Осма дор йўли тоғнинг бошидан, яъни “Суффа 2400” дейилади, шунга олиб чиқади. Дор орқали тепага кўтарилгандан кейин соғломлаштириш маскани ва 3 та меҳмонхона бор. Қолаверса, яна 2 та ресторан, Шалия типидаги 29 та коттежларимиз қурилмоқда”, – дейди “Зомин туристик рекреацион зонаси дирекцияси” ДУК бош мутахассиси Камол Фармонов.

Осма дор йўли ва бир қанча объектлардан кейинги энг экстремал нуқта бу осма кўприк ҳисобланади. Марказий Осиёда ягона саналган бу кўприкнинг узунлиги 305 метр, баландлиги 150 метр. Кўприк ҳам дор сингари швейцарча технология асосида қурилган, у бир вақтнинг ўзида 600 нафар одамни кўтара олади.

12 ёшгача бўлган болалар ва 55 ёшдан юқори қариялар учун осма кўприк бепул, қолганлар 50 минг сўмдан тўлов қилиши керак бўлади.

Энди бу кўпригимиз 160 ўринли ресторан ҳамда 40 ўринли кафе ва ёш оилаларни рўйхатдан ўтказиш учун замонавий бахт уйи биноларини ҳам ўз ичига қамраб олган”, – дейди “Зомин туристик рекреацион зонаси дирекцияси” ДУК директор ўринбосари Абдуғани Авазов

Айтиш керак, ҳудудда яратилган шароитлар ёмон эмас. Буни унинг гавжумлиги ва шунда ҳам хорижлик сайёҳларнинг кўпроқ келаётгани билан баҳолаш мумкин. Айни вақт Тошкентнинг бузилган экологиясидан чарчаганлар учун ҳам Жиззахнинг Зоминига бориш айни муддао.

Туристик зона қурилиши ҳали якунига етгани йўқ. Кейинчалик яна кўп ўринли ресторан, коттежларнинг фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.

Мавзуга оид