Жамият | 10:10 / 03.05.2020
45982
11 дақиқада ўқилади

«Аҳволимиз тобора оғирлашмоқда, пулларимиз тугаб бўлди». Ҳиндистонга даволанишга бориб, Ўзбекистонга қайтолмаётган ўзбеклар

Kun.uz мухбири даволаниш учун Ҳиндистонга борган, бироқ пандемия туфайли чегаралар ёпилиб, авиақатновлар тўхтатилгани боис Ўзбекистонга қайтолмаётган ватандошлар билан суҳбатлашди.

Бекзод Хилватов:

COVID 19 пандемияси сабабли авиақатновлар, кўп ўтмасдан чартер рейслар ҳам бекор қилинди. Шу сабабли биз Ҳиндистонда қолиб кетдик. Шунинг учун Kun.uz таҳририятига мурожаат қилмоқдамиз.

Мен ўзим, 13 ёшли қизим ва аёлим билан 9 январда Деҳлига  қизимга буйрак кўчириш операциясини амалга ошириш учун келганмиз. Режамиз бўйича операцияни узоғи билан икки ойда ўтказиб, қайтиб кетишимиз керак эди. Баъзи касалликларга қарши иммунитети пастлиги туфайли бу ерда вакцина олиш ва бир ой муддат кутишимизга тўғри келди.

Операция давригача бир ярим ой мобайнида гемодиализ муолажасини олиб келди. Гемодиализ муолажасини ҳафтада уч марта амалга оширилади. Ҳар бир диализ нархи 100 долларга яқин туради. Операция учинчи марта амалга оширилди. Шукр, ҳаммаси яхши ўтди. 18 мартда элчихонага мурожаат қилиб, чартер рейсда қайтиб кетишимизни билдириб, рўйхатга олдириб қўйдим. Ҳар 2-3 кунда элчихонага мурожаат қилиб, телефон қилиб хабар оламиз, лекин бир ярим ой давомида аниқ жавоб ололмадик. Шунинг учун сизларга мурожаат қилишга мажбур бўлдик.

Гулнора Бурҳонова:

1 мартда юрагимни операция қилдирганман. Тошкентга 24 мартга чипта олиб қўйгандим. Кетолмай қолиб кетдим. 24 мартдан бери ётоқхоналарда пул тўлаб яшаяпман. Пенсионерман. Бир ўзим қолиб кетдим. Қизим келиши керак эди, 15 мартга чипта олганди, аэропортлар беркилиб, келолмай қолди.

Бир ўзим бўлганим учун менга апартаментга жойлашиш ноқулай бўлди: тил билмайман, ҳеч кимни танимайман. Операциядан кейин дўконга бориб келиш, овқат пишириб ейишга қийналдим. Шунинг учун ётоқхонага жойлашдим. Уч-тўрт юлдузли апартаментларни ёпиб ташлашди. Фақат қиммат меҳмонхоналаргина қолди. Иложим бўлмагани учун Crowne Plaza деган меҳмонхонага жойлашдим. Овқатим ва яшашим бир кунда75 долларга тушди. Бир ой ўша ерда яшадим. Ҳозир Деҳлидаги сал арзонроқ меҳмонхонага кўчиб чиқдим. Барибир бир кунда 4 минг рупий сарфлаяпман. Жуда ҳам қийин. Шунинг учун чартер рейс бўлмаса ҳам, менга пулдан ёрдам беринглар деб элчихонага 2-3 марта ёздим. Қарзга ботиб кетдим. Тошкентдан ундан сўрадим, бундан сўрадим, пул юборишди.

Қўзибой Ражабов:

Ҳиндистонга 2 мартда келганман. Бу ерга келишдан олдин қайтиб кетиш учун чипта ҳам олганман. Қўлимда чиптам бор эди, муддати тугади. Даволанаётганим учун 21 мартдаги чартер рейсга улгура олмадик.

Бу ерда вазият оғир. Ёш болалар, аёллар, ёши катталар, сиз билан мулоқотга чиқа олмаган, мен билан алоқада бўлиб турганлар номидан ҳам гапиряпман. Аҳволи оғир касаллар бор, одамлар бу ерда пулсиз, нонсиз қоляпти. Бизнинг даволанишимиз тугаганига 1 ойдан ошди. Фақат юртимизга қайтишни кутяпмиз.

Одина Назарова:

Бу ерга 2 март куни буйрак кўчириш учун келганмиз, яъни саккиз ёшли қизимда ўткир буйрак етишмовчилиги касаллиги аниқланган. Уч ой давомида даволанди ва давоси бўлмаганлиги, операция имконияти бўлгани сабабли бизни бу ерга юборишган. Биз келдик, аммо биз ўйлаган нарса бўлмади. Чунки буйрак касалликларининг тури ҳар хил бўларкан. Қизимда Anti GMB nefrit инфекцияси чиқди. У миллион, миллиард кишидан биттасида аниқланадиган касаллик ҳисобланар экан. Шунинг учун операция 6-7ойдан кейинга қолдирилди.

Қон таркибидаги ўша инфекция батамом йўқ бўлиб кетиши ва қайталанмаслиги учун кутиш керак экан. Ҳозир қизим ҳафтада 3 марта гемодиализ олади. Операциядан кейин 1 майга қайтиш чиптасини олгандик. Лекин афсуски, биз ўйлаган нарсалар бўлмади, бу ерда қолиб кетдик, операция сентябрь ёки октябрга қолдирилди. На қолишга, на кетишга шароитимиз бор.

Ёлғиз онаман, турмуш ўртоғим йўқ. Ишонганларим шу фарзандларим, ота-онам. Халқ томонидан пул йиғиб берилган, саховатпеша одамлар кўмаги билан бу ерга келганмиз. Ҳафтасига 3 марта гемодиализга борамиз. Ҳар битта гемодиализ нархи 100 доллар. Бундан ташқари, ҳафтасига 2 марта қон таҳлиллари топширилади, улар 60-70 доллардан. Касалхонада ётишга шароитимиз йўқ, чунки икки кишилик палаталар бу ерда кунига 60 доллардан.

Келганимиздан кейин плазма фильтр даволаш курси ўтказилди. Anti GMB nefrit инфекциясини бартараф қилиш учун фақат қонни фильтрлаш ўтказилиши керак экан. Плазма фильтрнинг ҳар бир курси 1600-1800 доллардан, олти марта ўтказилди. Ҳозир қўлимиздаги пул бир ҳафтага етиши мумкин. Бир ҳафтадан кейин пулимиз ҳам тугайди, гемодиализ олмасак бўлмайди. Гемодиализга борганда аввал кассага тўлов қиласиз, кейин чек орқали гемодиализ ўтказишади. Тўлов бўлмаса, бунинг ҳеч қандай чораси йўқ. Жуда ҳам қийин ҳолатдамиз.

Юртбошимиздан имкон қадар бизга ёрдам беришларини сўраймиз. Худога шукр, бизнинг тўрт мучамиз соғ, қорнимиз тўймаса ҳам бир кунимиз ўтади, аммо фарзандларимизга қийин бўляпти. Чунки бу ерда 1 ёшдан тортиб, 30-60 ёшгача бўлган беморлар бор.

Болаларимиз ҳали ҳаёт нималигини билишмайди. Уни-буни ейман дейди, ўйинқароқлиги бор. Бу нарсаларни амалга оширишга бизда имконият бўлмаяпти. Бу ерда ҳар бир касалимизга гормон берилади. У шу даражада ошқозонни юргизадики, касал одамлар нима ейишаётганини, нима хоҳлаётганини ўзлари билмаган даражада кўп нарса талаб қилишади. Қизимда ҳам худди шундай ҳолат. Гормон олганлиги сабабли ҳар хил нарса: қовун, тарвуз ейман дейди. Лекин у айтган нарсаларни олиб беришга иложим йўқ.

Агар Ўзбекистонда бўлсак, уйимизда бўлмаса ҳам қўни-қўшнидан ёрдам сўраб бўлса ҳам амалласак бўларди. Лекин биз хориждамиз. Бу ерда танишларимиз, бизга тиргак бўладиган одамлар йўқ. Кўчадан бирортасидан эҳсон сўрашга имкониятимиз йўқ.

Мурод Камолов:

Биз 2019 йил 23 ноябрда келганмиз. Фарзандимда саратон хасталиги бор, жигар операцияси учун келгандик. Чиптамиз 23 декабрга эди, қайтиб кетишимиз керак эди. Операция бўлмади, даволанишга тўғри келди. Кимёвий терапия олдик, ундан кейин фарзандимни 25 январда операция қилишди. Ундан кейин яна 2 курс кимё терапияси тайинлашди. Мартнинг охирида даволанишимиз тугади.  

Тўғрисини айтаман, пулим беш кун, узоғи билан бир ҳафтага етади. Шунинг учун юртбошимиздан бизга чартер рейс қўйишларини илтимос қиламиз.

Гулчирой Абдумуталова:

Бу ерга фарзандимни олиб келганман. Имконият қолмаганди. Сўнгги имконият шу ерга олиб келиш бўлган. 4 мартда келганмиз. Ўғлимнинг юраги икки марта операция бўлди. Шунинг ҳисобига кеч қолиб кетдик. Бир ойда ишимиз битди. Аллоҳга шукр, операциялар яхши ўтди. Шифокорлар бир ойдан кейин кетишга рухсат беришди. Кетмоқчи бўлганимизда шундай йўллар беркитилиши, вирус тарқалишига тўғри келиб қолдик.

Бу ерга ҳомийлар ёрдамида келганмиз. Ҳомийларим операцияни, ҳамма харажатларни кўтаришган. Бошида иккита операция бўлади деб ўйламаганмиз. Шунинг ҳисобига маблағ кўпроқ кетиб қолди. Аҳволимиз жуда оғир.  

Ёлғиз ўзим келганман, оилавий шароитим сабабли ҳатто онам учун чипта ололмаганман. Ёлғиз онаман, турмуш ўртоғим вафот этган. Қанча тез кетсам, шунча яхши. Бу ерда бировдан бир сўм пул сўраш қийин бўляпти. Ўғлимнинг юрагига батарейка қўйишган, юраги симуляр ёрдамида ишлаяпти. Ҳолати яхши. Қолишга умуман имкониятим йўқ. Ҳукуматимиздан бу ердаги беморларни тез олиб кетишларини илтимос қилардим. Чунки бу ерда вазият жуда ҳам оғир.

Улуғбек Муҳсинов:

Ўғлимни даволатиш учун олиб келгандим. 25 февралда келганман. 15 кунда қайтиб кетаман деб мўлжаллагандим. Бу ердагилар бошида гаплашганимизда шундай маълумот берган эди. Келганимиздан кейин вазият ўзгарди, шифокорлар бошқа режани айтишди. Ундан кейин ўғлимни операция қилишди. Қайтишнинг иложи йўқ, биратўла нур терапиясини олиб кейин кетинглар дейишди.

Қайтиш чипталаримиз 15 мартга эди. Бекор қилинди, вақтини чўздириб қўйдик. Олтмиш тўрт-олтмиш беш кунга қараб кетяпти, муаммолар тугамаяпти. Бола билан мусофирчиликда жуда қийналдик.

Бу ерга ўйнагани эмас, фарзандимизга даво истаб келганмиз. Фарзандимиз кўз олдимизда сўнмасин деб умид билан келгандик. Бундай ҳолатлар бўлади деб ўйламагандик. Бизга мутасадди ташкилотлар ёрдам беришса. Чартер рейсларни қўйиб, бизни Ҳиндистондан олиб кетишларини илтимос қиламиз. Шароитимиз тобора қийинлашиб боряпти. Пулларимиз тугаб бўлди.

Ўткир Каттабеков:

Укамнинг бош мия жарроҳлиги масаласи бўйича 1 мартда келгандик. 19 мартгача даволанишни якунлаб, қайтишимиз керак эди. 19 март кунига қайтиш рейсига ҳам чиптамиз бор эди. Пандемия сабабли кечикиб кетди. Икки ойдан ортиқроқ Ҳиндистондамиз. Ҳозир укам ўзини яхши ҳис қиляпти. Яшашга жойимиз бор, шароитларимиз яхши. 20-25 кунлик маблағни икки ойга етказдик. Буёғига нима қилишни билмай ўтирибмиз.

Энди юртбошимизга дардимизни достон қилмоқчи эмасман. Чунки юртимизла бўлаётган воқеаларнинг ҳаммасидан хабаримиз бор. Ватанимиздаям вазият жуда мураккаб, кетма-кет келган табиий офатлар, сув тошқинлари сабабли бизсиз ҳам давлат раҳбариятининг ташвиши етарлича. Агар имкони бўлса ҳозирги вазиятда чидаб, авиақатновлар йўлга қўйилишини кутиб ўтирардик. Аммо ўзимиздан ўтаётганини ўзимиз билганимиз, бу ерда ҳам вазият кундан-кунга оғирлашаётгани боис тезроқ чартер рейслар йўлга қўйилишини сўраб қолардим.

Бекзод Суннатуллаев:

Бу ерда қолиб кетган юртдошларимиз асосан даволанишга келишган. Уларнинг ичида, оғир касаллар, онкологик касаллар бор. Жигар, буйрак кўчириб ўтказиш, юрак операциялари учун келишган. Мен келган госпиталь атрофида 10га яқин оила бор. Ҳар бир оиладан 3тадан, камида 2тадан 4тагача одам бор. Яқин-атрофда жойлашган госпиталлардан 10-11 тадан одамлар бор. Бу биз билганларимиз. Мурожаат қилолмай ўтирганлар анча кўп. Тахминимизга кўра, чартер рейсни кутиб ўтирган 250-300 киши бор. Ҳозир пандемия сабабли Ҳиндистонда ҳамма операциялар тўхтатиб қўйилди. Операция жараёнлари ҳали тикланмади. Операцияни кутиб ётганлар анча. Бундан ташқари, донор тўғри келмасдан, бошқа донорни кутаётганлар ҳам бор.

Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги аввалги элчиси ташқи ишлар вазирига ўринбосар бўлиб кетган экан. Ҳали тайинланмаган экан. Унинг вазифасини элчихонада ишлаётганлар бажариб келишаётган экан. Буни яқинда билдик. Унгача хабаримиз йўқ эди. 18 мартдан шу кунгача мурожаат қилиб, бирорта аниқ жавоб ололганимиз йўқ. Шароит оғирлашди, касаллик ҳам иккинчи ўринга тушиб қолди. Ҳаммамиз касаллик тўғрисида эмас, вазиятдан чиқиш тўғрисида ўйлаб қолдик.

Республикамизда ташкил қилинган махсус комиссия, қолаверса президентимиздан яқин кунлар ичида чартер рейс ташкил қилиб, бизни ватанимизга қайтаришларини Ҳиндистонда қолиб кетган юртдошларимиз номидан илтимос қиламан.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди.

Мавзуга оид