ХДП депутатлари: Радарларга тушаётган юз минглаб юртдошларимиз асоссиз равишда жарима тўлаб юрган бўлиши мумкин
Радарлар ўрнатилган айрим ҳудудларда қонунчиликка амал қилинмаётгани, зарур йўл белгилари ўрнатилмагани каби камчиликлар, асоссиз жарималарнинг қўлланилаётгани жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Масалани таҳлилий ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг бир гуруҳ депутатлари жойлардаги вазиятни ўрганди. Чиндан ҳам вазият жиддий.
2018 йил давомида фото ва видео махсус воситалар орқали 621 355 та қоидабузарликлар бўйича жами 208,4 млрд сўмлик жарималар белгиланган бўлса, 2019 йилда 1 227 844 та ҳолатда 481,8 млрд сўмлик, 2020 йилда эса 1 763 691 та ҳолатда 724,6 млрд сўмлик жарималар қўлланилган. Бу 2018 йилга нисбатан аҳоли томонидан тўланган жарима суммаси миқдори кескин ошганини кўрсатади.
Эътибор беринг, такрор ва такрор радарга тушган ҳайдовчи “белни букиб юборадиган” жарималардан чўчиб, кейинги сафар қоидани бузмасликка ҳаракат қилади. Аммо ҳайдовчини чалғитиш мақсадида радар ва камера воситаларининг қонунга зид тарзда “пана-пастқам” жойларга ўрнатилиши, оқибатда жарималарнинг ёзилиши юртдошларимиз ҳамёнига оғир юк бўлиб тушаётганини ҳаммамиз кўриб, билиб турибмиз.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди тақдим этган маълумотлар таҳлили ҳам шуни кўрсатмоқдаки, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали аниқланган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун расмийлаштирилган маъмурий қарорлардан норози бўлиб судга шикоят қилиш ҳолатлари ҳам кўпчиликни ташкил этмоқда.
Эътиборли жиҳати, мурожаат қилганларнинг аксариятини шикояти суд томонидан қаноатлантирилган. Хусусан, 2020 йил давомида 19 134 та шу соҳа бўйича судларда кўрилган ишларнинг 89,2 фоизи, яъни 17073 таси қаноатлантирилган бўлса, 5778 та иш бўйича ишни юритишни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган. 2021 йилнинг биринчи чорагида жами 3481 та кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлардан 2 612 таси ёхуд 75 фоиз ишлар қаноатлантирилган. Демак, кўрилган ишларнинг 75-80 фоизида ҳайдовчилар ҳақ бўлиб чиқяпти.
Бундан кўринадики, йўлларда ўрнатилган фото ва видео мосламаларининг аксарияти қонунга ёки қоидаларга хилоф тарзда ишлатилмоқда. Натижада радарларга тушаётган минглаб, юз минглаб юртдошларимиз асоссиз равишда жарима тўлаб юрган бўлиши мумкин. Бу ҳолат тирикчилик илинжида юртимизнинг у бурчагидан бу бурчагига қатнаётган ватандошларимизнинг даромадларидан маҳрум қилиб, ижтимоий муаммоларнинг ортишига сабаб бўлаётгани факт.
Шундай экан, Халқ демократик партияси фракцияси ноқонуний амалиётларга чек қўйиш вақти келди, деб ҳисоблайди. Қонунга зид равишда фуқароларни жаримага тортиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахл қилиш жаҳон ҳамжамиятида демократик қадриятларни ҳурмат қилувчи мамлакат сифатида мустаҳкам ўрин олаётган республикамиз обрўсига тўғри келмайди. Юқоридаги факт ва рақамлар ҳам ҳар қандай кишини ташвишга солмай қўймайди. Бу хавотирли ҳолат.
Бугун соҳани қонуности ҳужжатлари билан эмас, балки қонун ҳужжатлари билан йўлга солиш вақти келди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси депутатлари фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўлаётган юқоридаги ҳолатларни партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясида тегишли идораларнинг мутасаддилари иштирокида муҳокама қилишни режалаштирган.
Фракция йиғилишига оммавий ахборот воситалари, журналист ва блогерлар ҳам таклиф этилади ва ўтказилиш санаси ҳақида қўшимча маълумот берилади.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси
Ахборот хизмати Ⓣ
Мавзуга оид
13:38 / 06.09.2021
Мақсуда Ворисова Халқ демократик партиясидан президентликка номзод сифатида тасдиқланди
16:00 / 04.09.2021
Талаба ўқисинми ёки ижарага пул топсинми?!
18:12 / 02.09.2021
Мақсуда Ворисова мандат кечикаётгани ҳақида: Давлат тест маркази изоҳ бериши шарт!
14:00 / 05.07.2021