Нега бу ҳақда гапиряпмиз?

Исломий молия – ўзига хос молия. У фақатгина қатъий мезон, қоида ва талабларга риоя қилинганда ҳақиқий исломий молия бўлади.

“Исломий молия” деб эълон қилиб, унинг қатъий тамойилларга хилоф иш тутилса, мақсад бузилади, самараси ҳавога учади.

Шу боис исломий банклар ва дарчалар фаолияти ким томонидан ва қандай назорат қилиниши мавзусини билишимиз – долзарб.

Исломий молия инструментлари истеъмолчиси – қадриятлари билан фарқланиб турадиган истеъмолчи. Унинг учун иқтисодий фаолиятдан “қанча” даромад топишдан кўра, “қандай” даромад топиш масаласи устунроқ. Шу сабаб Ислом молияси доирасида олиб бориладиган фаолият устидан ким ва қандай назорат қилиши масаласи алоҳида аҳамият касб этади.

Шариат кенгаши

Ислом молияси институтининг асосий устунларидан бири – “Шариат кенгаши” ва “Марказий Шариат кенгаши” деган инструментлар. Бу кенгашлар нима ва уларнинг вазифаси нимадан иборат? Бу масалада қисқа ва лўнда тасаввурга эга бўлиш молиявий қарорларни онгли қабул қилишга ёрдам беради.

Исломий молияда ишонч – ҳал қилувчи омил. Ишончга путур етмаслиги учун банк ёки молиявий ташкилот маҳсулотлари ва хизматлари, шунингдек, шартномаларининг Шариат қоидаларига мослиги Шариат кенгаши томонидан баҳоланади, фатво/қарор билан тасдиқланади ва мунтазам назорат қилинади. Шу тариқа, ҳалолликка доир саволларга тизимли жавоб берилади.

Шариат кенгашининг моҳияти ва асосий мақсади

Шариат кенгаши – Ислом тижорат ҳуқуқи, яъни Фиқҳ ал-Муомалот бўйича етук уламолардан, заруратга қараб эса ҳуқуқ, молия, бухгалтерия ва иқтисод соҳаларидаги мутахассислардан тузилган мустақил ҳайъатдир.

Бу ҳайъатдан асосий мақсад – банк ёки молиявий ташкилот маҳсулотлари, шартномалари ва ички бошқарув тартибини Шариат қоидаларига тўлиқ мос ҳолда йўлга қўйиш, уларни мунтазам текшириш ҳамда доимий назорат қилиш. Амалда бу шундан далолат берадики, ҳар қандай янги маҳсулотни ишга туширишдан олдин у илмий-амалий баҳоланади, амалиёт давомида эса унинг Шариатга мувофиқлиги узлуксиз кузатиб борилади.

Кенгаш шу йўлда фатво ва қарорлар чиқаради, йил якунида эса Шариатга мувофиқликни кўриб чиқади: аудит хулосасини беради. Бундай қарор ва фатволар мазкур банк ёки молиявий ташкилот учун, институтнинг ички ҳужжатлари ва амалдаги маҳаллий меъёрларга мувофиқ мажбурий кучга эга бўлиб, у ёки бу масаладаги ноаниқликларнинг олдини олади.