Жаҳон | 18:30 / 31.03.2020
91628
2 дақиқада ўқилади

Коммунаркадаги касалхона бош врачида вирус аниқланди. У Путин билан кўришганди

Москвадаги Коммунарка касалхона бош шифокори Денис Проценкода коронавирус аниқланди. Айни вақтда Россияда Covid-19 ташхиси қўйилган беморларнинг аксар қисми шу шифохонада даволанмоқда. Ўтган ҳафтада бу ерга Россия президенти Владимир Путин ташриф буюрганди.

Фото: Getty Images

«Интерфакс» агентлиги маълумотига кўра, Проценко ўзини яхши ҳис қилмоқда. Унинг вирус юқтириши муносабати билан Коммунаркада қўшимча хавфсизлик чоралари жорий этилган.

Москвага ёндош жойлашган «Новая Москва»даги Коммунарка касалхонаси коронавирус инфекцияси ташхиси қўйилган беморларни илк бор қабул қилишни бошлаган шифохона бўлганди.

24 март куни РФ президенти Владимир Путин шифохонага келган, унга Проценко ҳамроҳлик қилган ва у президент билан қўл бериб сўрашганди.

Проценкода вирус аниқлангани ҳақидаги хабарлардан кейин Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Путин доимий равишда тест топшириб тургани ва унда вирус йўқлигини маълум қилди. «Барчаси нормал ҳолатда», — деган у.

Айни вақтда Россияда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 2337тани ташкил этмоқда. Сўнгги кунда мамлакатда яна 501 кишида коронавирус аниқланган. Шу вақтгача беморларнинг 17 нафари оламдан ўтган, 121 киши тузалган. 

Мавзуга оид