Жаҳон | 00:41 / 12.03.2018
24676
2 дақиқада ўқилади

Эронда фалокатга учраган турк самолётида таниқли туркиялик тадбиркорнинг қизи бўлган

Эрон ғарбида фалокатга учраган хусусий самолёт бортида туркиялик тадбиркор Ҳусайн Башараннинг қизи ва унинг 7 нафар дугонаси бўлган. Бу ҳақда DHA ахборот агентлиги хабар бермоқда

Sozcu нашрининг таъкидлашича, 28 ёшли Мина Башаран БААдан қайтаётган бўлган. У Амирликларда никоҳ тўйи арафасида дугоналари билан “қиз базми” уюштирган. Таъкидланишича, қиз 2013 йилдан Başaran Holding директорлар кенгаши таркибига кириб келган, уни отасининг ўрнини эгаллаш учун тайёрлашаётган бўлган.

Самолёт Başaran Holding’га қарашли Bombardier CL60 реактив самолёти бўлган. Ҳаммаси бўлиб фалокат оқибатида 11 киши ҳалок бўлган.  

Самолётнинг фалокатга учрашига двигателининг ёниб кетиши сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда. Бу ҳақда Эроннинг фавқулодда вазиятлар бошқармаси вакили Мўжтабу Холидий маълум қилган.

“Самолёт двигатели ёниб кетиши сабабли қулаган ва маҳаллий аҳоли қулаётган самолётни кўрган”, деб айтди Холидий. 

Шаржа-Истанбул йўналиши бўйича парвоз қилаётган самолёт Чахармахал ва Бахтиёрия вилоятидаги тоғли ҳудудга қулаган. Самолёт ерга урилгач ёниб кетган.

IRNA ахборот агентлиги маълумотларига кўра, воқеа жойида чиққан ёнғин ҳозирча ўчирилмаган. Қутқарувчилар бригадаси воқеа жойига етиб борган. 

Мавзуга оид