Иқтисодиёт | 19:28 / 22.01.2021
9447
3 дақиқада ўқилади

Валютафурушликка қонунан рухсат бериш режада йўқ — МБ раиси ўринбосари

Марказий банк томонидан валютани сотиш ёки сотиб олиш хизматини хусусий секторга лицензия асосида бериш масаласи ҳали кўзда тутилмаган. Чунки банклар сони етарли ва уларнинг аксарияти хусусий тарзда тижорат бўйича олди-сотди қилиб келяпти, дея маълум қилди ташкилот раиси ўринбосари.

Беҳзод Ҳамроев

Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроев Kun.uz мухбирининг  валютани сотиш ёки сотиб олиш хизмати лицензия асосида хусусий секторга берилиши борасидаги саволига жавоб қайтарди.

Маълум қилинишича, бу ҳали номаълум жараён. Чунки банкларнинг ўзи етарли даражада фаолият юритмоқда.

«Ҳозирда лицензия асосида хусусий секторга бериш масаласи кўзда тутилмаган. Чунки банкларимизнинг ўзи етарли. Ҳаммаси хусусий. Уларнинг барчаси тижорат бўйича олди-сотди қилиб келяпти.

Буни босқичма-босқич кўриб бораверишимиз керак. Мана масалан, навбатдаги босқичда банкларга валютани ўз ҳисобига сотиб олиб, кейин мижозига сотиш имкониятини яратяпмиз.

Бу секин-секин ривожлантириб борилади. Лекин ҳозирги пайтда хусусий секторга буни бериш кўзда тутилмаган. Зарурат бўлса бу масала яна кўрилади. Чунки банкларнинг ўзи эплаб турибди. Ҳар куни вазият ўзгаради, янгиликлар бўлади. Ислоҳотлар қилиб борилаверади. Бир нарсани қатъий, йўқ ундай бўлади ёки бу бундай бўлади, деб айтиш жуда қийин.

Кўп ҳисоб-китоблар, таҳлиллар шуни кўрсатяптики, буни Россия ёки Қоғозоғистон мисолида айтсам, уларда қайтиб яна банкка олиб берилган вазиятлар бўлган. Яъни, биринчи хусусий секторга берилган. Кейин ундан қайтиб фақат банклар қилсин, дейилган. Маълум бир жиноят билан боғлиқ элементлари ва бошқа ҳар хил сабаблар бўлгани учун шундай», – деди ташкилот расмийси.

Маълумот учун, 2017 йил 2 сентябрда Ўзбекистон президенти «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолаган эди. Ҳужжатда юридик ва жисмоний шахсларнинг чет эл валютасини эркин сотиб олиш ва сотиш ҳамда ўз маблағларини ўзининг хоҳишига кўра эркин тасарруф этиш ҳуқуқларини рўёбга чиқаришни тўлиқ таъминлаши белгиланган.

Аввалроқ, Ўзбекистонда хорижий валюталар курси кескин ошиши ортидан кўпчилик банклар сотувда чекловлар ўрнатаётгани тўғрисида хабарлар тарқалганди. Бунга нисбатан Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов бу каби чекловлар қўйилгани ҳақидаги хабарларни рад этганди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг январ-октябр ойларида жисмоний шахслар томонидан банкларга сотилган чет эл валютаси миқдори 3,7 миллиард АҚШ долларини ташкил этиб, аввалги йилнинг мос даврига нисбатан 25 фоизга ёки 744 миллион долларга ошган эди.

Мавзуга оид