Ўзбекистон | 22:33 / 06.05.2020
81228
3 дақиқада ўқилади

Такси, сартарошхона ва савдо мажмуалари. «Сариқ» ҳудудларда ишлашга рухсат берилган соҳалар учун шартлар белгиланди

Республика махсус комиссиясининг 6 майдаги йиғилиши баёнига мувофиқ, коронавирус тарқалиши ҳолатининг ҳудудлар кесимидаги таҳлилидан келиб чиқиб, карантин чекловлари жорий йил 8 майидан бошлаб учта тоифага кирувчи ҳудудларга ажратилиб, босқичма-босқич бекор қилиб борилади.

Сурхондарё ва Хоразм вилояти, шунингдек Тошкент шаҳри «сариқ» тоифадаги ҳудудлар ҳисобланади. Бу ҳудудларда сўнгги 14 кун давомида коронавирус инфекциясига чалинганлар аниқланмаган, бироқ ушбу касалликка чалинган ва даволанаётган беморлар мавжуд. «Сариқ» ҳудудларда айрим чекловлар сақлаб қолинади.

«Сариқ» ҳудудларда, «қизил» ҳудудларга қўшимча равишда яна қуйидаги фаолият турларига рухсат берилади:

  • ноозиқ-овқат маҳсулотлари чакана савдо дўконлари, заргарлик ва гул сотиш дўконлари, сартарошхона ва гўзаллик салонлари (махсус талаблар асосида) ҳамда меҳмонхоналар (ҳостеллар ва меҳмон уйлари бундан мустасно) фаолияти;
  • автомашиналар ювиш шохобчалари фаолияти, автомобиллар, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш техникаларига техник хизмат (сервис) кўрсатувчи ташкилотлар фаолияти;
  • ҳунармандчилик, маиший жиҳозлар ва электрон қурилмаларни таъмирлаш устахоналари фаолияти;
  • йўналишсиз таксида махсус талаблар асосида йўловчи ташиш, велосипед ва скутерда ҳаракатланиш.

«Сариқ» тоифадаги ҳудудларда йўналишсиз таксиларга йўловчи ташишга, сартарошхона ва гўзаллик салонлари ҳамда савдо мажмуалари фаолият юритишига қуйидаги талаблар асосидагина рухсат берилди:

Йўналишсиз таксилар – йўловчи ташиш учун автотранспорт воситаси салонида ҳайдовчи ўриндиғи йўловчилар ўриндиғидан шаффоф пластик ёки махсус плёнка билан тўсилган бўлиши, ҳайдовчи ва йўловчи тиббий ниқобда бўлиши (тиббий ниқобсиз йўловчини ташиш тақиқланади), йўловчиларни автотранспорт воситаси салони орқа ўриндиғига ўтказилиши ҳамда фақат ўз (автотранспорт воситаси давлат рўйхатидан ўтказилган) ҳудудида ҳаракатланиши лозим;

Сартарошхона ва гўзаллик салонлари – хизмат кўрсатувчи шахслар томонидан шахсий ҳимоя воситалари – тиббий халат ёки комбинезон, тиббий ниқоб (N 95 ёки устма-уст 2та оддий спанбонд ниқобли), юзни тўлиқ тўсадиган ҳимоя маскаси ва тиббий қўлқопдан фойдаланган ҳолда «1та хизмат кўрсатувчи шахс – 1та мижоз» тамойили асосида ижтимоий масофани сақлаган ҳолда ишлаши лозим;

Савдо мажмуалари – қатъий ижтимоий масофани сақлаган ҳолда рухсат этилади, бунда савдо мажмуасининг аттракцион, кўнгилочар, овқатланиш бўлинмалари, кинотеатр ва ўйин майдончалари фаолиятига рухсат берилмайди.

Автотранспорт воситаларининг стикерсиз, шунингдек, мототранспорт ва велосипедларнинг ҳаракатланишига «яшил» ҳудудларда рухсат берилади.

«Сариқ» ва «қизил» ҳудудларда автотранспорт воситалари стикерсиз ҳар куни соат 07:00дан – 10:00гача, 17:00дан – 20:00гача ҳаракатланиши мумкин.

  • «Сариқ» тоифага кирувчи ҳудудларда ушбу қарор билан рухсат берилган фаолият турларини ўрнатилган махсус талабларга риоя этмаган ҳолда амалга ошириш тегишли жавобгарликка сабаб бўлади.

Мавзуга оид