Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ ва Арманистон ҳамкорлик бўйича қатор келишувларни имзолади
АҚШ давлат котиби Марко Рубио Арманистонга қисқа ташриф буюриб, мамлакат ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян билан бир қатор стратегик келишувларни имзолади. Томонлар икки давлат ўртасида кенг қамровли стратегик шериклик хартиясига қўл қўйди.
Фото: REUTERS
Шунингдек, муҳим минераллар ва ноёб ер металлари соҳасида ҳамкорлик ҳамда “Трамп йўли” (TRIPP) деб номланган халқаро транзит лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳадли келишувлар имзоланди.
TRIPP лойиҳаси Озарбайжоннинг Нахичевон автоном республикасини Арманистоннинг Сюник вилояти орқали мамлакатнинг асосий қисми билан боғловчи транспорт коридорини назарда тутади. Лойиҳа доирасида автомобиль ва темирйўл инфратузилмаси, шунингдек нефть-газ тармоқларини қуриш режалаштирилган.
Арманистон ТИВ раҳбари Арарат Мирзоян ушбу келишувлар мамлакат учун “мисли кўрилмаган имкониятлар” очишини таъкидлади. Марко Рубио эса TRIPP лойиҳасини “тарихий ташаббус” деб атаб, у минтақада тинчлик ва иқтисодий фаровонликка хизмат қилишини билдирди.
Маълум қилинишича, АҚШ компаниялари аллақачон Арманистон ҳудудида TRIPP инфратузилмаси учун ер ўрганиш ишларини бошлаган.
Шу билан бирга, Арманистонда мазкур ташаббусга нисбатан турли муносабатлар билдирилмоқда. Бош вазир Никол Пашинян лойиҳани иқтисодий ривожланиш имконияти сифатида баҳолаётган бўлса, мухолифат ва айрим жамоатчилик вакиллари мамлакат ҳудудининг бир қисми хорижий бошқарувга ўтиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.
Арманистонда 7 июнь куни парламент сайловлари ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, сайлов олдидан сиёсий рақобат ва Россия билан муносабатлар мавзуси асосий масалалардан бирига айланган.