Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Шартларни энди Москва эмас, Пекин қўяди”-сиёсатшунос
Украина уруши Россия–Хитой муносабатларини тубдан қайта шакллантирди. Таҳлилчиларга кўра Пекин-Москва ўртасидаги “ака ва ука” роли ўзгарган. Украина уруши “аждар ва айиқ” ўртасидаги мувозанатини тубдан ўзгартирди ва тенг шериклик ҳақидаги тасаввурларни қайта кўриб чиқишга мажбур қилди. Хўш ҳамкорлик стратегик иттифоққа айланадими ёки вақтинчалик, манфаатларга асосланиб қоладими?
Kun.uz’нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар Украина уруши фонида Россия-Хитой муносабатларини таҳлил қилди.
Россия-Хитой шериклиги қанчалик ўзи мустаҳкам, Украинадаги урушдан кейин ҳам муносабатлар шу даражада сақланиб қоладими?
Камолиддин Раббимов: Саволга жавоб беришдан аввал қисқача тарихий контекстга тўхталиш муҳим. 1998–1999-йилларда, Евгений Примаков Россия бош вазири бўлган даврда, АҚШ ва НАТО кучлари собиқ Югославияни бомбардимон қилган эди. Ўша пайтда Примаков АҚШга, Билл Клинтон билан музокаралар ўтказиш учун учиб кетаётган бўлса-да, бомбардимон бошланганидан сўнг самолётини ярим йўлдан ортга буриб, Москвага қайтган. Шундан кейин у Хитой ва Ҳиндистонга мурожаат қилиб, АҚШга қарши кенг кўламли иттифоқ тузишни таклиф қилган. Бироқ ўша вақтда Хитой бундай ташаббусни рад этган. Пекин расмийлари нейтрал ташқи сиёсат юритаётганини ва АҚШ билан очиқ қарама-қаршиликка кириш ниятида эмаслигини аниқ билдирган эди. Яъни, ўша даврда Хитой Россия таклиф қилган конфронтацион йўлдан онгли равишда четга чиққан. Шундан бери вазият тубдан ўзгарди. Бугун Россия ва Хитойни бирлаштириб турган асосий омил — бу коллектив Ғарб, аввало АҚШнинг глобал устунлигига қарши умумий позиция. Москва ва Пекинда бирдек тушунча мавжуд: АҚШнинг мутлақ устунлиги заифлашмаяпти, бироқ дунё миқёсидаги нисбий улуши қисқариб бормоқда, чунки бошқа марказлар тез суръатларда ривожланмоқда. Буни рақамлар ҳам тасдиқлайди. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг, 1945-йилда АҚШ дунё ялпи ички маҳсулотининг қарийб 45 фоизини ташкил этган. Бугунги кунда бу кўрсаткич тахминан 15 фоизга тушган. Хитой эса глобал ЯИМнинг қарийб 18 фоизини эгаллаб турибди. Жаҳон миқёсида 3 фоизлик фарқ ҳам жуда катта стратегик аҳамиятга эга. Россия ва Хитой ўртасидаги яқинлашувни стратегик иттифоқ деб эмас, балки вақтинчалик ва манфаатларга асосланган тактик ҳамкорлик сифатида баҳолаш тўғрироқ бўлади. Уларнинг умумий мақсади — Ғарбнинг ички жипслигини заифлаштириш ва АҚШ етакчилигидаги глобал тартибни босқичма-босқич мувозанатлаштириш. Бу аниқ режа эмас, балки узоқ муддатли концептуал йўналишдир. Доналд Трампнинг ҳокимиятга келиши бу жараённи тезлаштирди. НАТО ичида психологик ва сиёсий ишонч сусайди. Бугун Ғарб экспертлари ҳам савол қўймоқда: агар Россия Болтиқбўйи давлатларига ҳужум қилса, Трамп НАТОнинг бешинчи моддасини ишга соладими ёки йўқми? Трампнинг “Европа ўз хавфсизлигини ўзи таъминлаши керак” деган позицияси алянс ичидаги ноаниқликни кучайтирди. Шу нуқтаи назардан қараганда, Пекин ва Москва бугун қулай фурсатни кутмоқда. АҚШ ички ва ташқи жиҳатдан чалғиган бир пайтда, улар Ғарбнинг таъсир доирасини аста-секин қисқартиришга уринмоқда. Шу сабабли, Трампнинг “Россия Хитой билан бўладиган эҳтимолий можарода нейтрал қолиши керак” деган ҳисоб-китоби реал эмас. Владимир Путин бу сценарийга рози бўлмайди. Россия очиқча нейтрал қолмаслиги мумкин, аммо вазиятдан фойдаланиб, Хитойга билвосита ёрдам бериши ёки Ғарбга зарар етказишда давом этиши эҳтимоли юқори.
Ҳикматилла Казакбаев: Урушдан кейин Россия ва Хитой ўртасидаги муносабатлар энди тенг шериклик асосида кечмайди. Украина урушигача икки давлат муносабатлари нисбатан мувозанатли эди, бироқ келажакда бу муносабатлар Хитойнинг устунлиги асосида шаклланади. Эндиликда шартларни Пекин белгилайди, Россия эса бу жараёнда ташаббус кўрсата олмайди. Бунинг асосий сабаби — Россиянинг Хитойга чуқур иқтисодий қарам бўлиб қолганидир. 2025-йилги кўрсаткичларга кўра, Россиянинг умумий импорт-экспорт айланмасида Хитойнинг улуши қарийб 35 фоизни ташкил этади. Бундан ташқари, Россия сотиб олаётган юқори технологияли маҳсулотларнинг 70–80 фоизи айнан Хитойдан келмоқда. Сўнгги уч-тўрт йил ичида Россия иқтисодиёти деярли тўлиқ Хитой бозорига боғланиб қолди. Энергетика соҳасида ҳам худди шундай ҳолат кузатилади. Бугунги кунда Россия экспорт қилаётган нефтнинг тахминан 45 фоизи Хитой томонидан сотиб олинади. Бунда яна бир муҳим жиҳат бор: Хитой Россия нефтини жаҳон бозоридаги нархлардан 15–20 доллар арзонроқ нархда олмоқда. Масалан, Брент нефти 60–65 доллар атрофида баҳоланаётган бир пайтда, Россия Хитойга нефтни ўртача 45 доллар нархда сотишга мажбур. Айни вақтда нефт нархи янада арзонлаяпти. Бу ҳолат ҳам шартларни энди Хитой белгилаётганини яққол кўрсатади. Илгари Россия ва Хитой кўплаб масалаларда тенглик тамойилига амал қилган. Масалан, 2015–2016-йилларда ШҲТ доирасида Хитой Покистонни ташкилотга қўшишни таклиф қилганида, Россия бунга жавобан Ҳиндистонни аъзо қилиш масаласини илгари сурган ва томонлар муросага келган. Ўша даврда кўплаб қарорлар айнан компромисс асосида қабул қилинар эди. Бугун эса бундай мувозанат деярли йўқ. Украина уруши Россиянинг халқаро мавқеини кескин пасайтирди. Авваллари Россия глобал миқёсда иккинчи йирик куч сифатида кўрилган бўлса, ҳозир бу ўринни Хитой эгаллади. Россия эса де-факто учинчи даражали кучга айланиб қолди. Шу боис келгусида Россия–Хитой муносабатларида ташаббус ҳам, шартлар ҳам асосан Пекин томонидан белгиланади. Бу ҳолат маълум маънода АҚШ учун ҳам фойдали. Чунки узоқ муддатда Вашингтон Россияни Хитой ва АҚШ ўртасидаги стратегик рақобатда нисбатан нейтрал ҳолатга келтириш имкониятига эга бўлиши мумкин. Россиянинг урушдан кейин ўзини қайта тиклаши учун камида 10–15 йил керак бўлади. Шу давр мобайнида Москва биринчи навбатда Европа ва АҚШ билан муносабатларни яхшилашга интилади. Путиннинг урушни тезроқ якунлашга доир сўнгги баёнотлари ҳам айнан шу кайфиятни акс эттиради. АҚШ миллий хавфсизлик стратегиясида ҳам асосий рақиб сифатида Хитой кўрсатилмоқда. Россия бу ҳужжатларда тўғридан-тўғри “асосий душман” сифатида тилга олинмайди. Бу эса глобал рақобат маркази тобора кўпроқ АҚШ–Хитой қарама-қаршилигига силжиётганини англатади ва Россия бу жараёнда иккинчи планга тушиб қолмоқда. Агар Сзинпин ва Владимир Путин узоқ муддат ҳокимиятда қолса, икки давлат ўртасидаги алоқалар сақланиб қолади. Бироқ бу муносабатларда етакчилик энди аниқ равишда Хитой қўлида бўлади. Аввал Россия вето қилиб келган ШҲТ доирасидаги Хитойнинг иқтисодий ташаббуслари — масалан, ривожланиш банки ёки махсус фондлар яратиш каби лойиҳалар — эндиликда Москванинг қаршилигисиз амалга ошиши мумкин. Чунки уруш Россия имкониятларини кескин чеклаб қўйди ва Хитойнинг бу жараёндаги ролини ҳал қилувчи даражага олиб чиқди.
Суҳбатни тўлиқ YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди
Мавзуга оид
18:59 / 02.04.2026
Қирғизистонда Россия қирувчи самолётларининг машғулотлари тўхтатилди
09:57 / 02.04.2026
Айрим ўзбекистонликлар Владивосток аэропорти орқали Россияга киритилмади
08:52 / 02.04.2026
Ўзбекистонлик аёл ва унинг уч фарзанди Россиядан олиб келинди
08:19 / 02.04.2026