Спорт | 11:27 / 13.04.2021
34602
3 дақиқада ўқилади

Наманган стадионидаги тартибсизликлар юзасидан ЎФА қарори эълон қилинди. «Навбаҳор» жазоланди, «Пахтакор» жаримага тортилди

Ўзбекистон футбол ассоциацияси Тартиб-интизом қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Суперлига 5-тури доирасидаги «Навбаҳор лочинлари» – «Пахтакор» учрашувида юзага келган тартибсизликлар масаласи кўриб чиқилди, дея хабар бермоқда ташкилот расмий сайти.

«Қўмитага тақдим этилган маълумотлар, далиллар ҳамда видеоёзувлар натижасида учрашув давомида ҳар икки жамоанинг айрим расмий шахслари техник зонани бир неча маротаба тарк этиб, бош ҳакамга қўпол тарзда эътироз билдиргани, учрашувнинг 90-дақиқасида бош ҳакам VAR мониторидан фойдаланиши вақтида унинг иш фаолиятига халал берилгани аниқланди. Қолаверса, учрашувнинг сўнгида «Навбаҳор» футбол клуби мухлислари учрашув расмий шахсларини номаъқул сўзлар билан ҳақорат қилгани, шунингдек, улар томонидан майдонга турли буюмлар улоқтирилгани, ЎзМТРКга тегишли кўчма телевизион станцияга ҳужум қилингани ва унга жиддий зарар етказилгани маълум бўлди.

Мавжуд далиллар ва кўрсатмалар атрофлича ўрганиб чиқилиб, «Навбаҳор» – «Пахтакор» учрашуви вақтида «Навбаҳор лочинлари» футбол клуби ишқибозларини мухлислик маданиятидан четга чиқиб, стадионга турли буюмларни улоқтиргани, стадион ва унга ёндош ҳудудларда тартибсизликлар келтириб чиқаргани, жамоа расмий шахслари томонидан стадионда тартибсизликлар келиб чиқишига сабаб бўлган ножўя хатти-ҳаракатлар содир этилгани сабабли Ўзбекистон футбол ассоциацияси Интизом кодексининг 5.4., 5.9-бандларига мувофиқ «Навбаҳор лочинлари» футбол клубига нисбатан навбатдаги иккита уй учрашувини томошабинларсиз ўтказиш интизом чораси қўлланилди.

Шунингдек, «Навбаҳор лочинлари» футбол клуби техник директори Мустафо Байрамов, дарвозабонлар мураббийи Павел Синельников стадионда тартибсизликлар келиб чиқишига сабаб бўлган ножўя хатти-ҳаракатлар содир этгани, жамоа маъмури Абдурауф Ғуломов учрашув якунида рақиб жамоа футболчилари майдонни тарк этаётган вақтда нопрофессионал тарзда уларни жуда қўпол сўзлар билан ҳақорат қилгани учун уларга нисбатан футбол клуби томонидан ички интизом чорасини қўллаш тўғрисида «Навбаҳор лочинлари» футбол клубига ёзма тақдимнома киритилди.

Ўз ўрнида, учрашув вақтида «Пахтакор» футбол клуби расмий шахслари томонидан техник зонани бир неча бор тарк этиб, стадионда тартибсизликлар келиб чиқишига сабаб бўлган ножўя хатти-ҳаракатлари содир этилгани, жамоа расмийлари ва айрим футболчилари учрашув бош ҳакамини бир неча марта номаъқул сўзлар билан ҳақорат қилгани учун «Пахтакор» футбол клубига нисбатан Ўзбекистон футбол ассоциацияси Интизом кодексининг 5.4-бандига мувофиқ жарима интизом чораси қўлланилди», - дейилади ЎФА хабарида.

Мавзуга оид