Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Сити» ғалаба қозонишни бошлади, «Реал» «Барса»ни қувиб ўтди. Кун ўйинлари
Ҳусанов мунтазам равишда асосий таркибда тушмоқда, «Ливерпул» сўнгги дақиқада гол ўтказиб ютқазди, Мбаппе паненка бўйича дарс берди, Италияда ЕЧЛга кутилмаган даъвогар, «Бавария»нинг мағлубиятсиз сериясига чек қўйилди. Шанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.
Фото: David Ramos/Getty Images
Англия: Ҳоландсиз ҳам уддалади
«Манчестер Сити» – «Вулверҳэмптон» 2:0
Голлар: Мармуш, 6 (1:0). Семенё, 45+2 (2:0)
«Манчестер Сити»: Доннарумма, Геҳи, Ҳусанов, О`Райли, Матеус Нунес, Родри, Рейндерс (Фоден, 61), Бернарду Силва, Шерки (Ҳоланд, 73), Семенё, Мармуш (Доку, 74)
«Вулверҳэмптон»: Жозе Са, С. Буэно, Крейчи, Москера, Андре, Гомес, Мане, У. Буэно, Чачуа (Гомеш, 46), Ариас (Ларсен, 46), Ҳванг Ҳи Чҳанг (Арокодаре, 71)
Огоҳлантиришлар: Матеус Нунес, 71 – Андре, 57. Гомес, 67. Москера, 88
Мураккаб даврни бошдан кечираётган «Манчестер Сити» АПЛ аутсайдерига қарши ўйинда ўзига келиб олди. «Бўрилар» ҳам сўнгги вақтларда яхши ўйнай бошлаган, сўнгги беш ўйинда ютқазмаган, «МЮ» ва «Нюкасл»га қарши ўйинларда дурангга эришганди. «Шаҳарликлар» тезкор гол уришди – Африка кубогидан қайтган Мармуш жорий мавсумдаги илк голи билан ҳисобни очди. Мисрлик ҳужумчининг жамоадаги барча голлари (8) «Этиҳад»да урилмоқда.
ЕЧЛнинг якуний тури олдидан дам берилган Ҳоланд бу воқеани захира ўриндиғида ўтириб кузатди ва фақат иккинчи бўлимнинг иккинчи ярмида майдонга туширилди. Бу вақтга келиб ҳисоб 2:0 кўринишини олиб бўлганди, биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Семенё «Сити»нинг устунлигини таъминлаганди. «Борнмут»дан трансфер қилинган ушбу янги футболчи учта ички турнирда гол уришга улгурди. Шу куни жамоанинг қишки трансферлардаги яна бир футболчиси Марк Геҳи ҳам дебютини амалга оширди. Англия миллий жамоаси футболчиси ҳимоя марказида мустаҳкам ўрин эгаллаган Абдуқодир Ҳусанов билан жуфтликда ҳаракат қилишни бошлади. Якунда мезбонлар устунликни сақлаб қолишди ва бу жамоанинг АПЛда йил бошидан буён илк ғалабасига айланди.
«Борнмут» – «Ливерпул» 3:2
Голлар: Эванилсон, 26 (1:0). Хименес, 33 (2:0). ван Дейк, 45 (2:1). Собослаи, 80 (2:2). Адли, 90+5 (3:2)
«Борнмут»: Петрович, Сенеси, Ҳилл, Трюффер, Смит, Кук, Скотт, Крупи (Кристи, 67), Адли, Хименес (Тот, 85), Эванилсон (Энес Юнал, 90+3)
«Ливерпул»: Алиссон, Гомес (Эндо, 35), ван Дейк, Керкез (Робертсон, 46), Фримпонг (Жонс, 59), Макаллистер (Экитике, 59), Гравенберҳ, Вирц, Собослаи, Салоҳ, Гакпо (Нгумоха, 74)
Огоҳлантиришлар: Крупи, 45 – Гравенберҳ, 90
«Ливерпул» ўйиннинг дастлабки йигирма дақиқасида шундай ўйин кўрсатдики, мухлислар жамоа инқироздан буткул чиқиб кетганига ишона бошлашди. Аммо «Борнмут»нинг илк жиддий ҳужуми Эванилсон ҳисобни очиши билан якунланди. Тўп жарима майдони ичига етказиб берилганида ван Дейк қўпол хатога йўл қўйди ва Скотт тўпни қулай вазиятда турган бразилиялик форвардга ташлаб берди. Кейин эса ёзда «Борнмут»дан Ливерпулга ўтган Керкез собиқ жамоасига ёрдам бериб юборди, у сунъий офсайд ҳосил қилишда хатога йўл қўйди ва Хименес ҳисобдаги фарқни оширди.
Бу вазиятда мезбонлар ўн киши бўлиб ўйнаётганди: биринчи гол урилган ҳужум вақтида ҳимоячи Гомес жароҳат олганди, мерсисайдликлар эса унинг ўрнига Эндони туширишга улгурмади.
Фақат танаффус арафасида ван Дейк айбини қисман ювиб, Собослаи бурчакдан оширган тўпни боши билан рақиб дарвозасига йўллади. Иккинчи бўлимда эса венгриялик яримҳимоячи жарима зарбасини голга айлантириб, ҳисобни тенглаштирди. Собослаи жорий мавсумда жарима майдони ташқарисидан урилган голлар сони (5) бўйича Фоден билан тенглашиб олди. Аммо бу натижа учун етарли бўлмади. Ўйинга қўшиб берилган тўртинчи дақиқа тугаётганида меҳмонлар жарима майдони ичидаги тартибсизликдан Адли фойдаланиб, жамоасига ғалаба келтирди.
Бу мағлубият «Ливерпул»нинг турнир жадвалидаги ҳолатини оғирлаштиради. Жамоа якшанба кунги ўйинлар натижаларига кўра кучли тўртликдан чиқиб кетиши мумкин: назарий жиҳатдан «МЮ» ва «Челси» Арне Слот шогирдларини қувиб ўтиш, «Нюкасл» ва «Брентфорд» очколар сони бўйича тенглашиб олиш имкониятига эга. «Фулҳэм» ҳам максимал даражада яқинлашиб келган.

Испания: Мбаппе Диасга дарс ўтди
«Вилярреал» – «Реал» 0:2
Голлар: Мбаппе, 47 (0:1). Мбаппе, 90+4 – пеналти (0:2)
«Вилярреал»: Луис Жуниор, Фойт (Марин, 24), Вейга, Педраса, Наварро, Парехо (Парти, 77), Гуйе, Молейро, Бюкенен (Пепе, 70), Морено (Олувасейи, 70), Микаутадзе (Перес, 77)
«Реал»: Куртуа, Раул Асенсио, Ҳаусен, Каррерас, Валверде, Камавинга, Беллингҳэм, Арда Гулер (Диас, 80), Винисиус Жуниор, Мастантуоно (Гарсия, 74), Мбаппе
Огоҳлантиришлар: Фойт, 2. Бюкенен, 51. Наварро, 57 – Мастантуоно, 62
Ла лиганинг иккинчи ва учинчи ўриндаги жамоалари ўртасидаги учрашувга қизиқиш юқори эди. Рақиблар кутилганидек юқори темп намойиш этишди ва навбат билан қизиқарли ҳужумлар уюштиришди. Шу билан бирга, бу ҳужумларни якунлашда муаммолар кузатилди, мадридликлар дастлабки 45 дақиқаликда Куртуа дарвозаси томон бирорта зарба тўғри боришига йўл қўйишмади. Танаффус арафасида Винисиус Жуниор голга яқин келди, аммо унинг олис бурчак томон йўллаган зарбасидан кейин тўп устун ёнгинасидан ўтиб кетди.
Бу вақтга келиб «Вилярреал» асосий ҳимоячиси Фойтдан айрилганди. Кузда ҳам ушбу аргентиналик жароҳат туфайли бир ой майдонга туша олмаганди, бу сафарги жароҳати эса жиддийроқ бўлиб чиқиши мумкин – у майдонни шифокорларга таянганча тарк этди. Фойтсиз қолган мезбонлар иккинчи бўлим бошида гол ўтказиб юборишди, ҳимоячи Винининг майдон чизиғидан узатган пасини тўсишда муваффақиятсиз ҳаракат қилди ва тўп қулай позицияда турган Мбаппега бориб тушди. Бироз ўтиб «сариқ субмариналар» ўта қулай имкониятни қўлдан чиқарди – Жерар Морено жарима майдони марказида туриб йўллаган зарба тўсин юқорисидан ўтиб кетди.
Шундан кейин мадридликлар рақибга ҳужумда ҳеч қандай имкон қолдирмади, Мбаппе эса ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда пеналти ишлаб, чемпионатдаги 21-голини паненка услубида ижро этди. Трансляция режиссёрлари Африка кубоги финалида рўй берган драмани ёдга олиб, Килиан голини Браим Диасни қучоқлаганча нишонлаётганини йирик планда кўрсатишди. Ўйиндан кейин француз ҳужумчиси бу голини ушбу жамоадошига бағишлаганини тан олди. Бу ғалабадан кейин «Реал» камида якшанба кунги ўйинлар якунига қадар турнир жадвалининг биринчи поғонасида қолади.

Италия: «Комо» «қутурди»
«Комо» – «Торино» 6:0
Голлар: Дувикас, 8 (1:0). Батурина, 16 (2:0). Да Куня, 59 – пеналти (3:0). Дувикас, 66 (4:0). Кюн, 70 (5:0). Какере, 76 (6:0)
«Комо»: Бюте, Кемпф, Рамон, Вале, Войвода, Перроне (Какере, 68), Да Кунья, Пас (Морено, 73), Батурина (Сержи Роберто, 68), Родригес (Кюн, 68), Дувикас (Смолчич, 73)
«Торино»: Палеари, Исмайли (Марипан, 21), Коко, Тамез (Обрадор, 67), Амирхан Илҳан (Анджорин, 67), Казадеи, Лазаро, Педерсен, Влашич, Адамс, Нгонге (Сапата, 67)
Огоҳлантириш: Педерсен, 17
Бир ҳафта олдин «Милан»га қарши ўз уйида ютқазган (1:3) Сеск Фабрегас жамоаси ўзини йўқотиб қўймади. Еврокубоклар йўлланмаси учун курашаётган (5-ўрин) «Комо» ЕЧЛда қатнашиш учун ҳам реал даъвогар бўлиб қолмоқда. Ушбу жамоа ўтган турда Римда кечган ўйинда «Лацио»ни йирик ҳисобда таслим этганди (3:0). Бу турда эса «Торино»га қарши ўйин тақдири биринчи бўлимнинг дастлабки қисмидаёқ аниқ бўлиб улгурди.
Ҳисобни очган Дувикас майдоннинг иккинчи қисмидан рейд уюштириб, даражадаги фарқни яққол намойиш этди. Туринликлар ҳимоясидаги кетма-кет хатолар бироз ўтиб Батурин иккинчи голни уриши билан якунланди. Иккинчи бўлимда ушбу хорватиялик яримҳимоячи Дувикаснинг дублига ҳаммуаллифлик қилди. Иккинчи бўлимда Кюн ва Какре ҳам узоқ масофадан йўллаган зарбалари билан турнинг энг чиройли голларини уришди.
Умуман, шу куни мезбонлар рақиблар дарвозасини жами 6 бор ишғол этишди ва турнир жадвалидаги рақобатчиларнинг якшанба кунги ўйинлари якунига қадар топ-4 дан икки очколик масофада бўлишади. 22 турдан кейинги 40 очко – жамоа тарихидаги рекорд кўрсаткичдир. «Торино» эса ўз тарихида илк бор бир мавсумда бир жамоанинг ўзидан 11 гол ўтказиб юбормоқда – ушбу жамоаларнинг биринчи даврадаги ўйинида 1:5 ҳисоби қайд этилганди.

Германия: «Бавария»да қоқилиш
«Бавария» – «Аугсбург» 1:2
Голлар: Ито, 23 (1:0). А. Чавес, 75 (1:1). Массенго, 81 (1:2)
«Бавария»: Урбиг, Ким Мин Жэ (Ф. Чавес, 85), Та, Ито (Бишоф, 79), Дэйвис (Киммих, 61), Горецка (Жексон, 79), Павлович, Карл (Мусиала, 61), Диас, Олисе, Кейн
«Аугсбург»: Дамен, Шлоттербек, Цезигер, А. Чавес (Волф, 85), Массенго, Режбечай (Кайтел, 74), Яннулис, Феллҳауэр, Клод-Морис, Ридер (Кемюр, 74), Каде (Эссенде, 63)
Огоҳлантириш: Та, 73
Бундеслигада турнинг асосий воқеаси – «Бавария»нинг мағлубияти бўлди, мюнхенликлар шу кунгача «Алянц Арена»да мавсум бошидан буён ютқазмаётган, умуман олганда, жамоанинг ўз уйидаги мағлубиятсиз серияси 27 турдан буён давом этаётганди. Мюнхенликлар бир ой олдин ҳам фиаскога яқин келишганди, аммо «Майнц»га қарши ўйинда мағлубиятдан қутулиб қолишганди (2:2). Бу сафар эса магия лимити тугаб қолгани маълум бўлди ва сўнгги дақиқада Олисенинг Роббен услубидаги зарбасидан кейин тўп тўсин ва устун бирлашган нуқтага борди.
Биринчи бўлим ўрталарида унинг узатмаси билан Уто ҳисобни очганди. Аммо иккинчи бўлимнинг иккинчи ярмида мезбонлар сафида Нойер ўрнига дарвозани қўриқлаган Урбиг тўпга чиқишда қўпол хатога йўл қўйди ва ҳисоб тенглашди. Бир неча дақиқа ўтиб эса мезбонлар сафида захирадан тушган икки таниқли футболчи ҳимояда хатога йўл қўйишди: Киммиҳ голли пас муаллифи Яннулисни тўхтата олмади, кейин эса оғир жароҳатдан тузалиб, энди сафга қайтаётган Мусиала гол муаллифи Массангога қарши ўйнай олмади. «Аугсбург» бир неча дақиқа ичида ўйинда бурилиш ясаб, Мюнхенда 2015 йил майидан буён илк ғалабасига эришди.
«Унион» Б – «Боруссия» Д 0:3
Голлар: Эмре Жан, 10 – пеналти (0:1). Шлоттербек, 53 (0:2). Байер, 84 (0:3)
«Унион» Б: Реннов, Кверфелд, Диогу Лейте (Шефер, 76), Дуки, Кемляйн (Берк, 76), Хедира, Юранович (Нсоки, 66), Хаберер (Триммел, 86), Чон У Ен, Илич, Анса (Буржу, 66)
«Боруссия» Д: Кобел, Антон, Шлоттербек, Эмре Жан (Анселмино, 69), Беллингҳэм, Нмеча (Мане, 90+3), Свенссон, Рюэрсон (Ўзжан, 90+3), Силва (Чуквуэмека, 79), Байер, Гирасси
Огоҳлантиришлар: Эмре Жан, 59
Бундеслигада куннинг сўнгги ўйини «Боруссия»нинг тезкор голи билан бошланди. Гирасси дарвозабонни ўзига қўполлик ишлатишга мажбур қилди, Эмре Жан эса қаторасига иккинчи турда пеналтини аниқ ижро этди. Иккинчи бўлим бошида дортмундликлар ўз услубида гол уришди. Рюэрсоннинг бурчакдан узатмасидан кейин Шлоттербек ҳисобдаги фарқни оширди. Ўйин охирига бориб Байер Жоб Беллингҳэмнинг узатмасидан кейин ҳисобни йирик кўринишга келтирди.
«Асаларилар» «Бавария» билан орадаги фарқни саккиз очкогача қисқартирди. Чемпионлик интригаси ҳақида гапиришга ҳали эрта. Мюнхенликларнинг бу мавсумдаги ягона рақиби – уларнинг ўзи. Ўз навбатида «Боруссия» энг яқин таъқибчиси билан орадаги фарқни олти очкога етказди. Нико Ковач шогирдлари қаторасига тўққиз ўйина дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолмоқда.
