Муҳаммад Салоҳ ва «Ливерпул» барибир ажралади. 33 ёшли мисрлик ҳужумчи 24 март куни кечқурун ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилган видеосида 2025/26 йиллар мавсуми якунида клубни тарк этишини эълон қилди. Бироз ўтиб мерсисайдликлар клуби матбуот хизмати ҳам бу маълумотни тасдиқлади.
«Бу эҳтирос, тарих ва руҳдир»

Мисрлик футболчи мухлисларга таъсирли мурожаат йўллади.
«Афсуски, бу кун етиб келди. Мен мавсум якунида «Ливерпул»ни тарк этаман. Мен шундан бошламоқчиманки, бу жамоа, шаҳар ва одамлар ҳаётимнинг шундай қисмига айланишини ҳеч қачон тасаввур қилмаган эдим. «Ливерпул» – шунчаки футбол клуби эмас. Бу кимгадир тушунтириб бўлмайдиган эҳтирос, тарих ва руҳдир», – деган Салоҳ хайрлашув нутқи аввалида.
У жамоадошлари ва клуб ходимлари тўғрисида ҳам гапирган.
«Барчага, айниқса, жамоадошларимга – собиқ ва ҳозиргиларга, мухлисларга раҳмат. Менга кўрсатган ёрдамингиз учун миннатдорчилик билдиришга сўз етмайди. Фаолиятимнинг энг яхши даврида ёнимда бўлдингиз ва ҳар доим мен билан елкама-елка турдингиз», – дея қўшимча қилган Салоҳ.
Кўп ўтмай «Ливерпул» ҳам бу борада расмий баёнот берди: қизиллар клуби матбуот хизмати форвард ўз қарори ҳақида имкон қадар эртароқ эълон қилишни хоҳлагани айтилган релизни эълон қилди.
Шу билан бирга, яқин вақтлар ичида футболчи билан хайрлашув учрашуви ўтказилиши кутилмаяпти.
«Бизни ҳали олдинда кўп ўйинлар кутмоқда ва Салоҳ бор эътиборини «Ливерпул» мавсумни максимал натижа билан якунлашига қаратган. Шунинг учун унинг мероси ва ютуқларини тўлиқ нишонлаш вақти кейинроқ келади», – дея қайд этилади клуб сайтида.
Фаолиятини қаерда давом эттиради?

Муҳаммад Салоҳ мерсисайдликлар клуби билан шартномасини 2025 йил апрелида икки йилга узайтирганди. Аммо мисрлик футболчи бу муддат охиригача клубда қолмаслиги мавсум ўртасидаёқ маълум бўлиб улгурганди.
Декабр ойи бошида ҳужумчи асосий таркибдаги ўрнини бой бериб қўйди ва айрим ўйинларда захирадан ҳам майдонга туширилмади. АПЛнинг 15- турида «Лидс»га қарши кечган учрашувда (3:3) ҳам захира ўриндиғида қолиб кетганидан кейин у журналистлар қаршисига чиқди ва ўз ҳолати ҳақида шов-шувли баёнот берди. Хусусан, жамоа бош мураббийи Арне Слот билан ораси бузилганини айтди.







