Жаҳон | 19:18 / 24.08.2025
6888
5 дақиқада ўқилади

АҚШ ATACMS ва Storm Shadow ракеталари билан Россияга зарба йўллашга рухсат бермаяпти

Шу билан бирга, АҚШ Украинага узоқ масофага ҳаракатланувчи уч мингдан ошиқ ракета юбормоқда.

РИА Новости / Спутник / Scanpix / LETA

АҚШ Мудофаа вазирлиги 2025 йил баҳорининг охирида Ғарбнинг узоқ масофали қуролларидан фойдаланган ҳолда Украина қуролли кучларининг Россия ҳудудига зарбаларини блоклади, деб хабар берди 23 август куни The Wall Street Journal Америка ва Британиядаги аноним қолишни истаган расмийларга таяниб. WSJ’нинг икки манбасига кўра, Украина қўшинлари камида бир марта Россиядаги нишонга қарши ATACMS’дан фойдаланишга уринган, аммо рад жавобини олган.

Газета суҳбатдошлари айтишича, Пентагон бундай зарбаларни маъқуллаш тартибини жорий қилган. Россия ичкарисидаги нишонларга ҳужум қилиш учун Украина тўғридан тўғри АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсетдан рухсат олиши керак бўлади. Бу талаб Американинг узоқ масофали ATACMS ракеталарига ҳам, Франция-Британия Storm Shadow (SCALP) ракеталарига ҳам тегишли, чунки уларни нишонга олишда АҚШ разведкаси маълумотларидан фойдаланилади ва Storm Shadow’нинг ўзида Америка компонентлари мавжуд.

Украина қуролли кучларининг Россияга зарбалари олдидан текширув механизмини АҚШ мудофаа вазирининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Элбриж Колби ўйлаб топган. Июн ойида у Украина учун бошқа қуроллар устидан назоратни ҳам кучайтирди, бу эса Пентагонга АҚШда бундай қуроллар етарли бўлмаса, Украина қуролли кучлари учун мўлжалланган қуролларни ортга қайтариш имконини берди. ОАВ июл ойи бошида АҚШдан Украинага етказиб берилиши қисқа муддатга тўхтатилиши ҳам Колбининг ташаббуси бўлганини айтмоқда.

АҚШ ҳукумати Украина қуролли кучларининг Россия ҳудудига зарбаларини чеклади, чунки Доналд Трамп маъмурияти Кремлни тинчлик музокараларини бошлашга кўндиришга интилмоқда, дея таъкидлайди нашр.

Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливитт мудофаа вазири «президент Трамп билан яқин ҳамкорликда ишлаётгани»ни айтган. «Президент Трамп Украинадаги уруш тугаши кераклигини жуда аниқ қилиб айтди. Айни пайтда Россия ва Украинанинг ҳарбий позициясида ҳеч қандай ўзгариш йўқ», – деди у. Пентагон, Давлат департаменти ва Украина ҳукумати газета сўровига жавоб бермаган, Буюк Британия ҳукумати изоҳ беришдан бош тортган.

АҚШнинг 46-президенти Жо Байден маъмурияти 2023 йилдан бошлаб Украинага юзлаб ATACMS ракеталарини етказиб берган. Ушбу ракеталарни Россия ҳудудида қўллашга қўйилган чекловлар 2024 йил кузида, Байден президентлигининг сўнгги йилида, КХДР қўшинлари Россия томонида туриб урушга кирганидан кейин бекор қилинганди.

Пентагоннинг Россияга зарбаларни мувофиқлаштириш талаби эса Байденнинг қарорини бекор қилди. Доналд Трамп Байден Украинага ATACMS ракеталари ёрдамида Россияга зарба беришга рухсат бериб, «аҳмоқлик» қилганини айтган. «Биз бу урушни фақат кучайтирмоқдамиз ва уни янада ёмонлаштирмоқдамиз», – деганди Трамп 2024 йил декабр ойида Time журналига берган интервюсида.

WSJ маълумотларига кўра, август ойи ўрталарида АҚШ президенти маъмурияти Украинага бир ярим ой ичида етиб келиши кутилаётган 3350 та ERAM ракеталарини сотишни маъқуллаган. Ушбу ракеталарнинг учиш масофаси 240 километрдан 450 километргача етади, улардан фойдаланиш учун Украина Пентагондан рухсат олиши керак бўлади. ERAM ва бошқа қуролларни ўз ичига олган Украинага ҳарбий ёрдам пакетининг умумий қиймати 850 миллион долларни ташкил этди, бу маблағнинг катта қисми Европа давлатлари томонидан ажратилган.

Трамп 21 август куни Украина «ҳужумга ўта олмаса», Россияни енга олмаслиги ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, Байден Украинага ҳужум қилишига йўл қўймаган – «фақат ҳимояланиш учун» қурол берган. АҚШ расмийлари WSJ’га айтишича, Трампнинг бу баёноти АҚШ Украинага Пентагон билан келишмасдан Ғарб қуроллари билан Россияга зарба беришга рухсат беришга қарор қилганини англатмайди. Шу билан бирга, Оқ уйнинг юқори мартабали мулозими Трамп Россияга қарши ҳужум операцияларини кенгайтиришга муносабатини ўзгартириши мумкинлигини айтган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид