Жаҳон | 23:41 / 12.11.2025
7438
2 дақиқада ўқилади

Пентагон танклар ва вертолётларни бепул тарқатишини эълон қилди

АҚШ маълум вақтдан бери иттифоқчиларга эски ҳарбий техникани бепул олиб кетиш таклифини юбормоқда.

Фото: Getty images

Яқин ойларда Пентагон фойдаланишдан чиқарилган кўп миқдордаги ҳарбий техникани манфаатдор иттифоқчиларга етказиб беришни бошлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Defense Express ҳарбий-таҳлилий портали хабар берди.

Қўшма Штатларда ҳисобдан чиқарилган қуролларни иттифоқчиларга бепул ўтказишни назарда тутувчи Excess Defense Articles механизми узоқ вақтдан бери мавжуд.

Октябрь ойи охирида Грециянинг Pentapostagma нашри АҚШ дўстона мамлакатларга агар хоҳласалар, Пентагон омборларидан олиб кетиш мумкин бўлган ускуналар рўйхатини юборишни бошлагани ҳақида ёзган эди. Хусусан, гап М109А5 ва А6 Paladin ўзиюрар тўплари, Abrams танклари, Bradley пиёда жанговар машиналари, АH-64 Apache зарба берувчи вертолётлари, шунингдек, Black Hawk транспорт воситалари, HMMWV зирҳли автомобиллари ва бошқа жиҳозларнинг номи ошкор этилмаган сони ҳақида сўз бормоқда.

Америкаликлар учун ҳисобдан чиқарилган техникаларни тарқатиш уларни утилизация қилишда тежаш усулидир, АҚШ иттифоқчилари учун эса янги қурол сотиб олишга маблағ йўқ бўлса, эски бўлса ҳам яхши қурол олишдир. Аммо АҚШ техникани бепул беришига қарамай, олувчи учун бу барибир харажатга айланади.

Қабул қилувчи мамлакат ушбу қуролларни таъмирлаш ва модернизация қилиш учун пул тўлаши керак бўлади, чунки гап ҳисобдан чиқарилган ва деярли ҳар доим носоз машиналар ҳақида кетмоқда. Бундан ташқари, деярли ҳар доим бундай ишларни фақат Америка корхоналарида амалга оширишга рухсат берилади. Кейинчалик бу қуролларни океан орқали олиб ўтиш ҳам пул талаб қилади.

Бундай шароитда Пентагоннинг бундай тарқатмалари иттифоқчиларда иштиёқ уйғотмайди. Ўтган йили Греция 150 та эски Bradleyʼни олиб кетиш таклифини рад этди, чунки уларни таъмирлаш ва модернизация қилиш бир донаси учун ўртача 8 миллион еврога тушиши маълум бўлди. Таққослаб кўрилса, Швециянинг янги CV90 пиёда жанговар машиналарини 11-12 миллион еврога сотиб олиш мумкин.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид