Жаҳон | 08:01 / 05.05.2025
8475
2 дақиқада ўқилади

Путин Россияга Украинада ядро қуролидан фойдаланишга «зарурат бўлмаслиги»га умид билдирди

Россия президенти Владимир Путин кенг кўламли уруш бошланганидан бери Россияда ядро қуролидан фойдаланишга «эҳтиёж бўлмаганини» айтди ва келажакда бунга эҳтиёж қолмаслигига умид билдирди.

Фото: Видеодан кадр

Бу ҳақда Путин 4 май оқшомида эфирга узатилган «Россия. Кремль. Путин. 25 йил» фильмига берган интервьюсида айтиб ўтди.

"Улар бизни ғазаблантирмоқчи бўлди, бизни хато қилишга ундашмоқчи бўлди. Сиз айтиб ўтган [ядровий] қуроллардан фойдаланишнинг ҳожати йўқ эди — ва умид қиламанки, керак бўлмайди. 2022 йилда бошланган ишни Россияга керакли натижа билан мантиқий якунига етказиш учун бизда етарлича куч ва ресурслар бор", деди у.

Россия қўшинларининг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан бери Москва маълум шароитларда ядро қуролидан фойдаланиши мумкинлигини бир неча бор тан олганди. Хусусан, Россия ядровий доктринасини қайта кўриб чиқди ва Беларус ҳудудида жанговар каллакларни жойлаштирди. Ғарб ва Украина Россияни «ядровий шантажда» айблади.

2024 йилда Американинг йирик оммавий ахборот воситалари урушнинг биринчи йилида АҚШ расмийлари Россиянинг Украинага ядровий зарба бериш хавфини жиддий кўриб чиққани ва жавоб режасини ишлаб чиққани ҳақида ёзган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид