Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мерц Путин билан муносабатлар нормаллашишини «деярли истисно этди»
«Россиядаги ҳокимият яқин келажакда урушсиз яшай олмайди», — деди Германия канцлери. «Мен бу режимга қарасам, умидим жуда кам», — деб қўшимча қилди Фридрих Мерц.
Фото: Kay Nietfeld/dpa/picture alliance
Германия федерал канцлери Фридрих Мерц Россия президенти Владимир Путин билан муносабатларни нормаллаштириш имкониятини «амалда деярли истисно қилади». Германия ҳукумати раҳбари бу ҳақда Neue Berliner Redaktionsgesellschaft медиа-уюшмаси ва Rheinpfalz газетасига берган интервюсида айтди, интервюдан парчалар пайшанба, 19 феврал куни эълон қилинди.
«Мен бу режимга қарасам, умидим жуда кам», — деб таъкидлади Мерц. «Россиядаги ҳокимият яқин келажакда урушсиз яшай олмайди. У ҳарбий машинани ушлаб туриши шарт, чунки фронтдан қайтаётган — жумладан оғир руҳий ва жисмоний жароҳат олган — юз минглаб аскарлар билан нима қилиш бўйича унда ҳеч қандай режа йўқ», — деб қўшимча қилди у.
Сиёсатчи фикрича, Украинадаги урушни тезда музокаралар орқали якунлаш имкониятлари деярли йўқ. «Менинг баҳолашимча, бу уруш фақат томонлардан бири ҳарбий ёки иқтисодий жиҳатдан бутунлай ҳолдан тойгандагина тугайди», — деди Германия вазирлар маҳкамаси раҳбари.
«Оқилона ва гуманитар далиллар (РФ президенти Владимир — таҳр.) Путинни ишонтирмайди. Бу — аччиқ ҳақиқат», — деб ҳисоблайди Мерц. Шунинг учун Европа саъй-ҳаракатларининг мақсади — «Россия давлати урушни ҳарбий воситалар билан давом эттира олмаслиги ва иқтисодий жиҳатдан ҳам уни молиялаштира олмаслиги»дир, дея қайд этди канцлер.
Россия ҳақида гапирар экан, Фридрих Мерц шундай деди: «Ҳозир биз бу мамлакатни энг чуқур варварлик ҳолатида кўряпмиз. Яқин келажакда бу ўзгармайди ва биз бунга кўникишимиз керак».
Бундан олдин, 13 феврал куни Мюнхен хавфсизлик конференциясида (MSC) Фридрих Мерц, Буюк Британия бош вазири Кир Стармер ва НАТО бош котиби Марк Рютте Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашув ўтказган эди. Музокаралар «Берлин формати» деб аталган форматда бўлиб ўтган.
MSC'даги чиқишида Мерц Россия билан мулоқотни қайта тиклаш эҳтимоли ҳақида эҳтиёткорона фикр билдирди: «Агар гаплашишнинг маъноси бўлса, биз музокараларга тайёрмиз», — деди Германия канцлери. Бироқ унинг фикрича, Россия ҳалигача «жиддий муҳокамалар»га тайёр эканини намоён этмаяпти.
Мавзуга оид
16:21
Мерц Германияда ядровий қурол пайдо бўлишини истисно этди
12:08
Евроиттифоқ шарқий чегараларга яқин ҳудудларни қўллаб-қувватлашни кучайтиради
09:27
Россия ва Киев делегациялари Женевадан учиб кетишдан олдин яна бир бор учрашди
21:26 / 18.02.2026