Аҳолига чорва тарқатган шўрчилик тадбиркор банкдан миллиарддан зиёд маблағини ололмай ҳалак
Таҳририятимизга Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида фаолият кўрсатаётган тадбиркордан мурожаат келиб тушди. У «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастурини амалга ошириш тўғрисида»ги 3777–сонли қарорни амалга ошириш доирасида Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидаги «Шўрчи томорқа хизмати» МЧЖ аҳолига йирик ва майда шохли чорва моллари тарқатиб берган.
Президент қарорига кўра ташкил этилган «Шўрчи томорқа хизмати» МЧЖ директори Бахтиёр Юсупов уни қийнаётган муаммоларни мухбиримизга шундай ҳикоя қилиб берди:
Биз Қозоғистондан йирик ва майда шохли қорамолларни Ўзбекистонга харид қилиб олиб келдик. «Ҳар бир оила — тадбиркор» давлат дастурига кўра, банкларнинг берган маълумотномаларига асосланиб, уларни аҳолига тарқатиб бердик. Бизга уч иш кунида тарқатган молларимиз учун банк пул ўтказиб бериши керак эди. Бироқ орадан уч ой (интервью август ойида бўлиб ўтган, бугунги кунга келиб — тўрт ой) ўтган бўлса-да, ҳанузгача банк пул ташлаб берган эмас. Қачон борсак «ресурс йўқ», деб бизни ноумид қайтариб юбормоқда».
Хуллас, қорамоллар фуқароларга етказиб берилган, бироқ Шўрчи туманидаги «Агробанк», «Қишлоққурилишбанк» ва «Халқ банки» филиалларининг мазкур қорамоллар учун тадбиркор олдидаги умумий қарзи 1 миллиард сўмдан ошади.
Тадбиркор бу борада президент порталига ҳам мурожаат қилган. Бироқ, унинг хатларига ҳеч қандай жавоб берилмаяпти ва пулларни қайтариш чораси ҳам кўрилмаяпти.
Банклар ресурс йўқ, деб пул ўтказмаяпти. Лекин аҳолига чорва моллари тарқатишда банклар имтиёзли кредит берувчи ҳар бир фуқаро учун «Шўрчи томорқа хизмати» МЧЖга хат чиқаришган, фуқаролар МЧЖдан чорва молларини олиб кетишган.
Вазият шундайки, ҳозир МЧЖ фуқароларга тарқатилган молларни қайтариб ҳам олишолмайди. Уларни боқиш учун фуқаролар аллақачон қўшимча маблағ сарфлаб бўлишган.
Маблағлар ўз вақтида банклар томонидан тушириб берилмаётганлиги сабабли тадбиркорнинг ишлар орқага кетган. 50 иш ўрни яратиб, янги ускуналар ўрнатиб ишлаб чиқаришни йўлга қўяман деган биносининг қурилишлари ҳам чала қолиб кетган.
Ягона чора — фуқароларга ўша чорвалари учун расмийлаштирилган маблағни «Шўрчи томорқа хизмати» МЧЖга ўтказиб бериш.
Вилоят ҳокими Т.Боболовга ушбу муаммо ҳақида гапирганимизда, у вазиятдан хабардорлиги, молия вазирлиги ресурс ажратмаганлиги туфайли вилоятда 100 миллиард сўмдан ортиқ маблағлар банклар томонидан тадбиркорларга берилмай турганини айтиб ўтди. Бу борада музокаралар бўлаётганини таъкидлади.
«Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури эзгу ниятлар билан, қишлоқ жойларда оилаларни тадбиркор қилиш учун бошланган яхши ташаббус. Лекин вазирликлар ва жойлардаги мутасаддилар бу ташаббусга панжа ортидан қараб, ташаббусга бош қўшган тадбиркорларни хонавайрон қилишаётгани жуда ачинарли ҳол.
Ўйлаймизки, жойларда тадбиркорларни қийнаётган ушбу муаммо тез орада ўзининг ижобий ечимини топади.
Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
21:33 / 22.11.2024
Хитой Сурхондарёдаги мис ва кумуш конларига 2,7 миллиард доллар инвестиция таклиф қилмоқда
14:50 / 21.11.2024
Кувайт Ўзбекистонда Она ва бола кластерини ташкил этади
11:53 / 13.11.2024
Афғонистонда содир бўлган зилзила кучи Сурхондарёда сезилди
08:15 / 13.11.2024