Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эрон биқинидаги армада ва эҳтимолий нишонлар. Хариталар узра шарҳ
АҚШ Эрон атрофида йирик денгиз ва ҳаво кучларини жамламоқда. Минтақага авиаташувчилар, ракета тизимлари ва қўшимча ҳарбий контингент юборилди. Профессор Фарҳод Каримов Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида эҳтимолий ҳарбий сценарийлар, устувор нишонлар ва томонларнинг стратегик имкониятларини хариталар узра шарҳлаб берди.
— АҚШ Яқин Шарққа қандай кемалар ва қуроллар юборди?
— Америка Қўшма Штатлари бир неча ойдан буён Эронга қарши эҳтимолий ҳарбий операцияга тайёргарлик кўряпти, шунингдек мавжуд ҳарбий базаларни ҳам кучайтиряпти.
АҚШнинг Эронга яқин ҳудудларда бир нечта муҳим ҳарбий таянч нуқталари мавжуд. Улардан бири Қатарда жойлашган Марказий қўмондонлик (CENTCOM) базаси бўлиб, минтақадаги авиация кучларини бошқаради. Эҳтимолий операция штаби айнан шу ерда жойлашиши мумкин.
Бундан ташқари, Баҳрайнда АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг Бешинчи флоти штаби жойлашган.
Мазкур флот Ҳинд океани ва Араб денгизи ҳудудларидаги ҳарбий ҳаракатлар учун масъул ҳисобланади. Қуруқликдаги эҳтимолий операциялар учун Кувайтда тайёргарлик кўрилаётгани айтилмоқда. Разведка фаолияти эса Бирлашган Араб Амирликларидаги ҳарбий инфратузилма орқали олиб борилиши мумкин. Минтақага қўшимча равишда йирик денгиз кучлари ҳам юборилган. Улардан бири “Abraham Lincoln” авиаташувчиси бошчилигидаги зарба гуруҳи. Ушбу авиаташувчи бир нечта крейсер, эсминец ва фрегатлар билан бирга ҳаракатланади. Кема бортида ўнлаб замонавий самолётлар, вертолётлар ҳамда учувчисиз аппаратлар жойлашган. Зарурат туғилганда узоқ муддат мустақил равишда ҳаракатлана олади ва кенг кўламли зарба бериш салоҳиятига эга.
Мазкур гуруҳ асосан Ҳормуз бўғози ва Эроннинг жанубий ҳудудларига яқин денгиз ҳудудларида жойлаштирилган. Агар Эронга ташқи ёрдам етиб келиши эҳтимоли юзага келса, ушбу кучлар бунга тўсқинлик қилиши ёки зарба бериши мумкин.
Иккинчи йирик ҳарбий гуруҳ Атлантика орқали Ўрта Ер денгизига кириб келган. Унинг марказида “Gerald Ford” номли замонавий авиаташувчи жойлашган. У Грециянинг Крит ороли яқинидаги НАТО базаси атрофида жойлаштирилган. “Gerald Ford” АҚШнинг энг янги авиаташувчиларидан бири бўлиб, имкониятлари “Линколн”дан кенгроқ. У 80 тагача замонавий самолётни қабул қила олади ва узоқ муддат кўчма авиабаза сифатида хизмат қилиши мумкин.
Бундан ташқари, қўшимча крейсерлар Қизил денгиз ҳудудига юборилгани ҳақида маълумотлар мавжуд. Улар узоқ масофали “Tomahawk” ракеталари билан жиҳозланган. Айрим манбаларга кўра, операция доирасида юзлаб қанотли ракеталар жалб этилиши мумкин.
Крейсерлар одатда қўмондонлик ва ҳаво-ракета мудофааси вазифасини бажаради. Эсминецлар тезкор ҳарбий операциялар учун мўлжалланган. Фрегатлар эса кичик ва манёврларга мос таҳдидларга қарши қўлланади.
Умуман олганда, минтақага иккита йирик авиация зарба гуруҳи юборилиши АҚШнинг ҳудуддаги ҳарбий инфратузилмасини мустаҳкамлаш ва эҳтимолий операцияларга тайёргарлик даражасини оширишга қаратилганини кўрсатади.
— АҚШ биринчи зарбани қаерга беришни режалаштириши мумкин?
— Эҳтимолий сценарийлар кўп. Бироқ “12 кунлик уруш” даврида ҳам, ундан кейинги кескин вазиятларда ҳам айрим объектлар доимий равишда тилга олинган. Эронга нисбатан асосий эътироз унинг ядровий дастури. Шу сабабли эҳтимолий зарбалар Эроннинг ядровий инфратузилмасига қаратилиши мумкин. Шунингдек, ракета тизимлари ҳам эҳтимолий нишон сифатида кўрилмоқда. Музокараларда ҳам асосий масала айнан ядровий дастур бўлиб келган, ракета масаласини эса кўпроқ Исроил томони кўтармоқда.
Натанз – Эрондаги энг йирик уранни бойитиш марказларидан бири. У ердаги ядровий инфратузилма 12 кунлик урушда ҳам ҳужумга учраган эди. Натанз ва унинг атрофидаги уранни бойитиш иншоотлари бу гал ҳам биринчи навбатдаги эҳтимолий нишон ҳисобланади. Фордо ҳам уранни бойитиш тизимининг муҳим қисми бўлиб, уни Натанзнинг муқобил ёки қўшимча маркази сифатида баҳолаш мумкин. Эҳтимолий иккинчи зарба айнан шу ҳудудга қаратилиши мумкин.
Бундан ташқари, Эрон ядровий дастурида Исфаҳон ва Ароқ шаҳарлари ҳам муҳим ўрин тутади. Исфаҳонда ядровий дастурга алоқадор тадқиқот институтлари ва илмий марказлар жойлашган. Айрим маълумотларга кўра, Натанз, Теҳрон ёки Бушеҳрдаги лойиҳаларнинг илмий тадқиқот ишлари айнан Исфаҳондаги марказларда олиб борилади. Шу сабабли Исфаҳондаги илмий объектлар ҳам эҳтимолий нишон сифатида кўрилади.
Бушеҳрдаги атом электр станцияси ҳам тилга олинмоқда. Бироқ у тинч атом дастурига киради ва унинг қурилишида Россия иштирок этган. Шу боис устувор нишон сифатида қаралмайди ва эҳтимоли нисбатан паст баҳоланади. Аммо можаро чуқурлашиб, Эрон–АҚШ ўртасидаги қарама-қаршилик тўлақонли уруш босқичига ўтса, сиёсий вазият ўзгариши мумкин ва Бушеҳр ҳам зарба хавфи остида қолиши эҳтимолдан холи эмас.
Сиёсий ва мафкуравий омиллар нуқтайи назаридан Теҳрон ва унинг яқинидаги Қум шаҳри ҳам назарий жиҳатдан тилга олинади. Бироқ бундай сценарий эҳтимоли жуда паст. Теҳрон — миллионлаб аҳоли яшайдиган йирик мегаполис. Қум эса шиа дунёсининг муҳим диний маркази бўлиб, бу ерда Оятуллоҳ Хоманаий истиқомат қилади. Бу шаҳарларга зарба берилиши можаронинг кескин кенгайишига ва уни тўлиқ уруш даражасига олиб чиқишга сабаб бўлиши мумкин.
Шунингдек, Эроннинг минтақадаги прокси кучлари ҳам эҳтимолий зарба объектлари сифатида кўрилмоқда. Ҳарбий операция давомида Эронга ёрдам бериш ёки флот ҳаракатларига тўсқинлик қилиш эҳтимоли туфайли ҳусийлар ёки Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи нишонга айланиши мумкин. Агар операция жараёнида “Ҳизбуллоҳ” фаоллашиб, Исроилга ҳужум қилса, унга қарши зарбалар берилиши эҳтимоли мавжуд.
Ароқ шаҳрида йирик ерости ҳарбий базалари мавжудлиги айтилади. Айрим маълумотларга кўра, ракета захиралари айнан шу ҳудуддаги ерости туннелларида сақланади. Эрон армияси, хусусан, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси бундай оъбектлар тасвирларини вақти-вақти билан эълон қилиб келади. Шу боис Ароқдаги ерости ракета базалари ҳам эҳтимолий нишон сифатида тилга олинмоқда.
Бундай чуқур ва мустаҳкам иншоотларга қарши оғир бомбалар ва узоқ масофали бомбардимончи самолётлар қўлланиши мумкинлиги тахмин қилинади. Масалан, Б-2 туридаги бомбардимончи самолётлар узоқ масофадан парвоз қилиб, бункерга қарши зарбалар бера олади. Улар Қатардаги базалардан, АҚШ ҳудудидан ёки НАТОнинг айрим авиабазаларидан учиши мумкин. Бироқ Туркия ўз ҳудудидан Эронга қарши ҳар қандай ҳужумга рухсат бермаслигини билдирган. Шунга қарамай, АҚШ айрим НАТО давлатларини жараёнга жалб этишга ҳаракат қилаётгани айтилмоқда.
Суҳбатни YouTube'даги “Geosiyosatkunuz” каналида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.