Ўзбекистон | 11:13 / 17.11.2025
3439
2 дақиқада ўқилади

ЯТТларнинг фирма номига эга бўла бўлишига рухсат берилади

Амалдаги тартибга кўра, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳужжатларда тўлиқ исм-шарифи билан атаб келинади. 2026 йил 1 январдан бошлаб эса, улар ўз фирма номига эга бўлиши мумкин – президент фармони билан бунга рухсат берилди. Шунингдек, юридик шахслар лицензия қоидаларини бузгани учун жаримага тортилганида, уларнинг мансабдор шахсларини алоҳида маъмурий жавобгарликка тортиш тартиби бекор қилинади.

Фото: Shutterstock

Президент фармони билан, Ўзбекистонда бизнес юритишни соддалаштириш чоралари белгиланди.

Ҳужжатга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб:

  • якка тартибдаги тадбиркорларга фирма номига эга бўлишга рухсат берилади;
  • тадбиркорларнинг бирламчи маълумотлари (масалан, манзил, паспорт ёки бошқа идентификация маълумотлари) ўзгарганда, ушбу маълумотлар бўйича ўзгартиришлар ЯТТ гувоҳномаси, лицензия, рухсатнома ва хабарномаларга автоматик тарзда, бепул киритилади.

Шунингдек, 2026 йил 1 мартдан эътиборан:

  • лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга жарима қўлланилганда, уларнинг мансабдор шахсларини алоҳида маъмурий жавобгарликка тортиш тартиби бекор қилинади;
  • “Лицензия” ахборот тизимида лицензия ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни олишда тадбиркорлар учун ихтиёрий дастлабки баҳолаш хизмати йўлга қўйилади. Бу хизмат орқали тадбиркор ўз аризаси ва ҳужжатлари лицензия ёки рухсат олиш талабларига қай даражада мос келишини олдиндан баҳолатиши мумкин бўлади.

Фармон билан 1 январдан эътиборан “Бизнесни 15 дақиқада бошлаш” тизими ишга тушиши белгиланди. Бунда, бизнес бошлаш ниятидаги шахслар “ягона дарча”га мурожаат қилганида улар 7 та турдаги хизматдан шу ернинг ўзида фойдаланиши мумкин бўлади.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид