Тошкент шаҳрида бошланган тафтиш доирасида ҳозиргача юздан ортиқ электромобилларни қувватлаш станциялари электр тармоғидан узиб қўйилди.

Kun.uz бу масала юзасидан тадбиркорлар ва ҳукумат вакилларининг изоҳларини тақдим этади.

Умуман олганда, вазиятни қуйидагича таърифлаш мумкин:

Электромобил қувватлаш станцияларини ўрнатган аксар тадбиркорлар ҳудудий электр тармоқлари билан бевосита шартномага эга эмас, улар ҲЭТК билан шартномага эга бирламчи истеъмолчилар (юридик шахслар)нинг трансформаторига уланган ва шу сабаб субистеъмолчи ҳисобланади.

Тадбиркорлар ўртасидаги бундай шартномавий муносабатлар ноқонуний эмас (ҳар ҳолда, ҳозиргача ҳеч қайси идора буни ноқонуний демади). Шундай бўлса-да, расмийлар бундай уланишни “нотўғри” демоқда: ҳисобга олинмаган юклама тармоқда муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Бунга жавобан станциялар эгалари бирламчи истеъмолчига берилган техник шартда кўрсатилган қувватдан четга чиқмаётганини айтмоқда.

Шуниси эътиборлики, қувватлаш станцияларини ўрнатиш, электр тармоғига улаш ва шу каби бошқа масалаларнинг қонуний тартибини белгилаш топшириғи 2022 йилги президент фармонида кўрсатилганига қарамай, бу топшириқ ҳалигача бажарилмаган.

Ҳокимлик: Техник шартларсиз уланган станциялар – тармоққа ортиқча юк

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 5 март кунги баёнотига кўра, шаҳарда 20 kWдан юқори қувватли 1300 га яқин тезкор қувватлантириш қурилмаси ўрнатилган бўлиб, ўтказилаётган хатловдан мақсад – “уланишларни тартибга солиш ва аҳоли учун хавф-хатарларни камайтириш”дан иборат.

“Шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан 3 март куни 12 та ишчи гуруҳ тузилиб, улар хатлов ишларини бошлади. Бугунги кунга қадар 300 дан ортиқ шохобча хатловдан ўтказилди, бу эса уланишлар ҳолатини ва тармоққа тушаётган амалдаги юкламани баҳолаш имконини бермоқда.

Хатлов давомида айрим қоидабузарликлар аниқланди: 101 та шохобча зарур ҳужжатлари йўқлиги сабабли вақтинча тармоқдан узилди, шунингдек, 62 та шохобчанинг электр таъминоти корхоналари билан шартномаси мавжуд эмаслиги маълум бўлди”, – дейилади расмий хабарда.

Изоҳланишича, қуввати 20 kWдан юқори тезкор қувватлантириш – бу электр тармоқлари учун жиддий юкламадир: битта автомобил қисқа вақт ичида ўнлаб kW энергия истеъмол қилиши мумкин.