Ўзбекистон | 18:03 / 06.03.2026
4220
3 дақиқада ўқилади

“ОАВда бошқача айланиб кетгани учун жараён тўхтаб қолган” – қурилишда коррупция ҳақида гапирган тадбиркор устидан ИИВга ёзилгани ҳақида

Коррупциявий “салом-алик” бўлмагунча, қурувчиларнинг иши битмаслиги ҳақида гапириб чиққан тадбиркор устидан Қурилиш вазирлиги ИИВга ариза киритганди. Вазир Шерзод Ҳидоятов бу масаланинг якуни йўқлигини, жараён тўхтаб қолганини билдирди. Унинг айтишича, вазирлик ўша вақтда позициясини кўрсатиш учун ариза киритган. Аммо тармоқларда резонанслар уйғотгач, жараён тўхтатилган.

Фото: Kun.uz

Ўтган йили сентябр ойида Савдо-саноат палатасида ўтган матбуот анжуманида тадбиркор Усмонжон Абдусаматов Тошкентда қурилиш учун рухсатномалар ва кадастр ҳужжатларини олиш билан боғлиқ коррупциявий “харажатлар” борлиги ҳақида гапирганди. У битта уй учун 200 минг долларгача етиши мумкин, дея маълум қилганди.

Шундан сўнг Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги тадбиркор устидан ИИВга ариза киритди. Унда Абдусаматовни жавобгарликка тортиш сўралганди. Қурилиш вазирлиги тадбиркорнинг бу даъвоси жамоатчилик орасида асоссиз ахборот тарқалишига сабаб бўлиб, тизимда фаолият юритаётган ходимларнинг шаъни, қадр-қимматига путур етказди, деб ҳисоблаган.

5 март куни Миллий контентни ишлаб чиқарувчи марказда ўтган матбуот анжуманида вазир Шерзод Ҳидоятов айни масала якуни юзасидан изоҳ берди. Унинг айтишича, тадбиркор асоссиз гапирган.

Мен очиғини айтаман, Қурилиш вазирлиги охирги беш йилда коррупцияни бартараф қилиш бўйича рақамлаштиришда жудаям катта ишлар қилди. Ҳамма нарсани очиқлаб қўйганмиз. Ҳамма йўналишларимизни шаффоф қурилиш тизимида туриб, очиқ-ойдин кўрасиз. Иложи борича инсон омилини камайтиряпмиз, қисқартиряпмиз.

Энди, шу масалада ишлаяпмиз-да, беш марта жиноятга тортилган, икки марта фирибгарлик билан шуғулланган, бир марта ўғрилик, бир марта ойликдан нима қилиб, мана шунақа нарсалар билан шуғулланган одам туриб, айблаяпти кенгашни. Кенгаш жамоасини айблагандан кейин уни асослаши керак. Шунинг учун биз уни ҳеч қанақа чора кўришга бермадик, ҳуқуқий баҳо беришни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига қўйдик. Биз ўзимизнинг шу ҳолатдаги позициямизни, шу шаффофлигини, коррупция бўлмаётганини кўрсатиш учун, ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилдик.

[Унинг] якуни йўқ. Сабаби бу оммавий ахборотда жуда ҳам кўп бошқача айланиб кетгани учун, кейин бу нарса тўхтаб қолган”, – дейди Ҳидоятов.

Эслатиб ўтамиз, Қурилиш вазирлиги ИИВга ариза киритгач, Бизнес омбудсман ҳолатни назоратга олиб, тадбиркор билдирган танқидий фикри учун жазоланишига йўл қўйилмаслигини айтиб чиққанди.

Дилшода Шомирзаева
Тайёрлаган Дилшода Шомирзаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид