Жаҳон | 19:27 / 18.10.2025
3335
5 дақиқада ўқилади

Ҳамас Ғазодаги хавфсизликни назоратда сақламоқчи, лекин қуролсизланишга ваъда бермайди

Ҳамас оралиқ даврда Ғазода хавфсизликни таъминлашни ўз назоратида сақлаб қолмоқчи, деди Reutersʼга интервью берган ҳаракатнинг юқори мартабали расмийси Муҳаммад Наззол. У, шунингдек, гуруҳнинг қуролсизланишга кафолат бера олмаслигини айтди – бу урушни тугатиш йўлидаги асосий қийинчиликлардан биридир.

Муҳаммад Наззол Reuters мухбирлари билан / Фото: Reuters

Ҳамас сиёсий бюроси аъзоси Муҳаммад Наззол Reuters нашрига Трампнинг сулҳ битими борасида эксклюзив интервью берди. Суҳбат гуруҳ сиёсий бошқарувчилари анча вақтдан бери паноҳ топган Қатар пойтахти — Доҳада бўлиб ўтди.

Муҳаммад Наззол гуруҳнинг Ғазода ўтказган жиноятчиларни жазолаш «тадбири»ни ҳимоя қилди: унга кўра, уруш пайтида фавқулодда чора-тадбирлар зарур бўлган, қатл этилганлар эса одам ўлдирган жиноятчилар эди.

У «Ҳамас қуролларини топширадими?» деган саволга аниқ жавоб бермади:

«Ҳа ёки йўқ деб жавоб бера олмайман. Очиғини айтсам, бу лойиҳанинг моҳиятига боғлиқ. Сиз айтаётган қуролсизланиш лойиҳаси нимани англатади? Қуроллар кимга топширилади?» деди у.

Наззолнинг айтишича, музокараларнинг кейинги босқичида муҳокама қилинадиган масалалар: қуроллар, хавфсизлик ва бошқалар – нафақат Ҳамас, балки бошқа қуролланган фаластинлик гуруҳларни ҳам қамраб олади. Бу масалаларда барча фаластинликлар умумий позицияга келиши керак, деди у.

Наззол, шунингдек, Ҳамас гаровдагиларнинг жасадларини сақлаб қолишдан манфаатдор эмаслигини айтди.

Унинг маълум қилишича, Ҳамас 28 жасаддан камида 9 тасини топширган, аммо қолганларини топишда «техник муаммолар» бор. Зарурат туғилса, Туркия ёки АҚШ каби қидирувда ёрдам беради. Ўтган ҳафта Туркия расмийларидан бири Туркия Исроил, АҚШ, Қатар ва Миср билан биргаликда жасадларни топиш бўйича қўшма гуруҳда иштирок этишини айтган эди.

Ҳамас 4 октябрда гаровдагиларни озод қилиш ва бошқарувни технократик қўмитага топширишга рози бўлган, аммо бошқа масалаларни кенгроқ фаластинлик муҳитда муҳокама қилиш зарурлигини билдирган эди. Улар барча тирик гаровдагиларни душанба куни озод қилган.

Қуролсизланиш учун босимлар

Ҳамас илгари ҳам қуролсизланишни қатъий рад қилган. Reuters’нинг ёзишича, Наззолнинг айнан ҳозирги пайтдаги баёноти Ғазода урушни бутунлай тўхтатишга қаратилган саъй-ҳаракатларни тўлиқ амалга оширишга жиддий тўсиқларни кўрсатади.

Унинг фикрлари Ҳамас позицияси ва Доналд Трампнинг Ғазо бўйича режаси ўртасидаги катта тафовутларни очиб беради. Тез орада бўлиб ўтиши кутилаётган музокараларда Ҳамаснинг қуроллари ва Ғазо бошқаруви масалалари муҳокама қилинади.

Фаластин давлати умиди

Сешанба куни Трамп Ҳамасга «қуролсизланиши керак, акс ҳолда биз уларни қуролсизлантирамиз» деган эди. Ундан бир кун олдин эса Ҳамасга Ғазода ички хавфсизлик амалиётларини вақтинча олиб боришга рухсат берилганини айтган.

Муҳаммад Наззол / Фото: Reuters

Муҳаммад Наззол Трампнинг сўзларига изоҳ берар экан, «ерда Ҳамаснинг мавжудлиги бўйича тушунча бор»лигини айтди, аммо бу кимлар билан келишилганини очиқламади. Унга кўра, бу хавфсизлик кучлари – ёрдам юк машиналарини ўғрилар, қуролли тўдалардан ҳимоя қилиш учун зарур.

«Бу ўтиш даври. Фуқаролик жиҳатдан, технократик маъмурият бўлади, дедим. Аммо ерда Ҳамас бўлади», — деди у.

Наззол ўтиш давридан сўнг сайловлар ўтказилиши кераклигини қўшимча қилди. Ҳамас расмийсига кўра, воситачилар Трамп режасида илгари сурилган Ғазога халқаро барқарорлаштириш кучини жойлаштириш масаласини гуруҳ билан муҳокама қилмаган.

Бундан ташқари, у АҚШ расмийлари билан учрашувларда узоқ муддатли сулҳни таклиф қилингани ва гуруҳ Ғазони қайта тиклаш учун камида 3–5 йиллик тинчлик даврини хоҳлашини айтди.

«Мақсад келажакдаги урушга тайёрланиш эмас. Халқимиз мустақил Фаластин давлатини хоҳлайди», – дея сўзини якунлади Наззол.

Исроил ва АҚШнинг жавоби

Исроил бош вазири идорасининг Reutersʼга билдирган жавобида «ҳеч қандай шартларга ўрин йўқ» деди:

«Ҳамас бу битимга мувофиқ қуролсизланиши лозим – ҳеч қандай 'агар' ёки 'аммо'ларсиз. Улар бунга риоя қилмади. Ҳамас 20 банддан иборат режага амал қилиши керак. Уларнинг вақти тугаб бормоқда».

Трамп олдинроқ эълон қилган режасига кўра, Ҳамас дарҳол барча гаровдагиларни қайтариши, шундан сўнг қуролсизланиш ва Ғазодаги бошқарувни халқаро ўтиш даври органи назоратидаги технократик қўмитага топшириши керак эди.

Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу бу режани қўллаб-қувватлаб, у Ҳамаснинг ҳарбий салоҳиятини йўқ қилишини ва яна ҳеч қачон «Исроил учун таҳдид» бўлмаслигига эришмоқчи.

АҚШ президенти маъмуриятидан Наззолнинг баёнотига изоҳ сўралганда, Reuters нашри Трампнинг пайшанба кунги сўзларига йўналтирган.

«Биз улардан мажбурият олдик ва мен улар бу мажбуриятни бажаришига ишонаман», — дея изоҳ берганди ўшанда Трамп. 

Тайёрлаган:  Жамила Фадл

Мавзуга оид