Ўзбекистон | 15:33 / 15.02.2022
25753
3 дақиқада ўқилади

Қибрайда мактаб ўқувчилари юпун кийимда меҳмон кутишга чиқарилди

Тошкент вилояти ХТБ бошлиғининг Kun.uz'га маълум қилишича, тадбирни мактаб эмас, “Олтин мерос” жамғармаси ўтказган. “Кимдир мактабдан ўқувчи сўраган бўлса, мактабдагилар ҳам ўйлаб ўтирмай ўқувчи ажратиб берган бўлса керак”, – дейди бошқарма бошлиғи Азамат Камолов.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистондаги мактаблардан бирида меҳмонларни кутиб олиш маросимига юпун кийинган ўқувчи қизлар чиқарилгани акс этган сурат тарқалди.

Маълум бўлишича, воқеа 14 феврал куни Қибрай туманидаги 29-сонли умумий ўрта таълим мактабида бўлган.

Тошкент вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азамат Камоловнинг Kun.uz'га маълум қилишича, Қибрайдаги 29-сонли мактабда 14 феврал – Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуди куни муносабати билан тадбир ташкил этилган.

Тадбир мактабда ташкил этилган бўлса-да, ташкилотчилари ва меҳмонларнинг мактабга алоқаси бўлмаган.

Ундай тадбирларни қиш тугул, ёзда ҳам қилмаяпмиз. Бу тадбирни мактаб раҳбарияти ташкил этмаган. Ушбу тадбирни “Олтин мерос” жамғармаси ташкил этгани маълум бўлди. Эътибор бериб қаралса, суратдаги эркаклардан бири – “Олтин мерос” жамғармасининг раҳбари Амирқул Каримов, аёллардан бири – “Олтин мерос” жамғармасининг вилоят бўлими бошлиғи Зарифа Эшмирзаева эканини кўриш мумкин.

Жамғарма вакиллари Бобурнинг йигирма нечинчидир авлодини олиб келишган экан. Аслида маҳаллада бўлиши керак бўлган тадбир жой топилмагани сабабли мактаб залида ташкил этилган экан.

Тумандаги баъзи жамоат ташкилотлари мактабларда тадбир ўтказиб туришади. Кечаги ҳолатда ҳам кимдир мактабдан ўқувчи сўраган бўлса, мактабдагилар ҳам ўйлаб ўтирмай ўқувчи ажратиб берган бўлса керак”, – дейди бошқарма бошлиғи.

Унинг билдиришича, ХТБ ёш ўқувчи қизларнинг турли тадбирларга жалб этилишига, совуқда қолдирилишига қарши ҳамда келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун тушунтириш ишларини олиб боради.

Интернетдан олинган маълумотга кўра, 2022 йил 14 феврал Қибрай туманида ёмғирли кун бўлган, ҳавонинг ўртача ҳарорати +4 даражани ташкил қилган. Расмдан ҳам кўриниб турибдики, тадбирга келганларнинг барчаси қалин кийимларда бўлган.

Аввалроқ, Aндижонда ўқувчилар тадбирда иштирок этиш учун юпун кийимда совуққа олиб чиқилгани оқибатида мактаб раҳбарлари ишдан олинганди. Бахмал туманидаги кутубхона очилиш маросимида ҳам ёш қизчалар совуқда дилдиратиб қўйилганди.

Мавзуга оид