“Товарларнинг (хизматларнинг) бозор нархларидан келиб чиқиб солиқ базасини аниқлаш орқали тенг рақобат муҳитини яратиш тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжатга “Товарларнинг (хизматларнинг) бозор нархидан келиб чиқиб солиқ базасини аниқлаш тартиби тўғрисида”ги низом лойиҳаси илова қилинган.

Унда товарларнинг (хизматларнинг) бозор нархини аниқлашда фойдаланиладиган усуллар, уларни қўллаш тартиби ҳамда товарларнинг (хизматларнинг) бозор нархидан келиб чиққан ҳолда қўшилган қиймат солиғи, фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ базасини аниқлаш тартиби кўрсатилган.

Айни масала юзасидан Kun.uz саволларига Солиқ қўмитаси стратегик режалаштириш бўлим бошлиғи ўринбосари Даврон Бобожонов жавоб берди.

– Нима сабабдан Солиқ қўмитаси товар ва хизматларнинг бозор нархи асосида солиқ базасини ҳисоблашга ҳаракат қиляпти?

Бозорда бир хил товар иккита тадбиркор томонидан ҳар хил нархларда сотиляпти. Биринчи тадбиркор уни бозор нархида, талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда 1000 сўмдан сотяпти ва шундан келиб чиқиб солиқ тўлаяпти. Иккинчи тадбиркор худди шу товарни 1000 сўмдан сотяпти-да, лекин бухгалтерия ҳужжатларида солиқни камроқ тўлаш мақсадида 500 сўмга сотдим деб кўрсатяпти.

Шу ерда рақобат бузиляпти, ҳисоб фактурада товарни 500 сўмга сотдим деб кўрсатаётган тадбиркор солиқни камроқ тўлагани учун ютади; у 800, 900 сўмдан сотса ҳам унга манфаатли бўлади. Кейин харидорлар 1000 сўмдан эмас, 800 сўмдан сотаётганга боради.

Шу ерда тадбиркорлар ўртасида биринчидан, ноҳалол рақобат юзага келяпти, иккинчидан, хуфиёна иқтисодиёт кучайишига омил бўляпти. Ҳақиқатда реализация қилинган суммани бухгалтерия ҳужжатларида камайтириб кўрсатиш хуфиёна иқтисодиёт ривожланишига омил бўляпти. Шу нарсаларнинг олдини олиш, яъни товарларнинг бозор нархи асосида солиқ базасини аниқлаш тартиби жорий қилишдан мақсад – тадбиркорлар ўртасида тенг рақобат муҳитини таъминлаш, яширин иқтисодиётнинг олдини олишга қаратилган.

Бизда жуда кўп мисоллар бор: қурилиш бозорини оласизми, саноат моллари, шакар, кўмир, нефт маҳсулотларини оласизми – ҳаммасида шунақа схема бор. Низомни Солиқ қўмитаси марказий аппарати ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан бирга ишлаб чиққанимизда бир хил товарнинг биржадаги нархлари ҳамда тадбиркорлар сотаётган нархни таққослаганимизда катта фарқ чиққанига гувоҳ бўлдик. Бу фарқ 2-3 баробарни ташкил қилади. Кейин нима учун бунақа фарқ чиққанини ўрганишни бошладик. Бозорда солиқни камроқ тўлаш эвазига товарнинг нархини арзонлаштириб, ўзига кўпроқ мижоз жалб қилиш ҳамда камроқ солиқ тўлаш асосий мотив эканини кўрдик.