Жамият | 17:59 / 21.08.2018
21841
3 дақиқада ўқилади

Бекободдаги ЙТҲда жароҳатланганлар 3 кунда уйларига қайтади

Ўзбекистонда Қурбон Ҳайит байрами шукуҳи давом этмоқда. Бу кунда хайр-саховат ва меҳр-мурувват кўрсатиш, кексалар, ногиронлар ва беморлар ҳолидан хабар олиш ўзбек халқининг азалий қадриятларидан биридир.  

Ушбу анъанага мувофиқ, мамлакат ҳукумати, Тошкент вилояти ҳокимлиги, жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари, хусусан, KUN.UZ таҳририяти мухбири Толиб Раҳматов, Хabar.uz  сайти фотомухбири Фаррух Алиев Бекобод шаҳрига сафар қилди. Улар шу йилнинг 20 август куни Бекобод тумани ҳудудида Damas автомашинаси ва ҳукумат вакиллари бўлган автомашина иштирокида содир бўлган автотранспорт ҳодисасида жароҳатланган ҳайдовчи Б.Саидов ва йўловчи А.Мелибоев ҳолидан хабар олишди.

Таъкидлаш ўринлики, ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида мазкур йўл-транспорт ҳодисаси кенг муҳокама қилиниб, Damas автомобили ҳайдовчиси ва унинг ҳамроҳи ҳақида турли нохолис маълумотлар тарқатилмоқда.

ОАВ ва жамоатчилик вакиллари фуқаролар Б.Саидов ҳамда А.Мелибоев енгил тан жароҳати билан Бекобод шаҳар тиббиёт бирлашмасида даволанаётганларига гувоҳ бўлишди. Бирлашма бош шифокорининг маълум қилишича, беморларнинг аҳволи қониқарли ва улар жиддий жароҳат олишмаган, шу боис 3 кун ичида оилалари бағрига қайтади. 

KUN.UZ мухбири​ саволига жавоб берган Б.Саидовнинг айтишича, даволаниш жараёнида ҳеч қандай камчилик ёки муаммога дуч келмаган. Б.Саидов ва А.Мелибоевлар ўзларини яхши ҳис қилаётганларини таъкидлашди.

Маълумот ўрнида: Жорий йилнинг 20 август куни Ўзбекистон ҳукумати раҳбарияти кортежи Тошкент вилояти Бекобод туманидаги "Деҳқонобод" МФЙ яқинида аварияга учраган, оқибатда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва унинг ўринбосари, «Ўзбекнефтгаз» компанияси бошқаруви раиси Алишер Султонов жароҳат олган эди. Ушбу йўл транспорти ҳодисаси ва унинг қандай содир бўлгани бўйича Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги расмий баёнот билан чиқди. Бош прокуратура матбуот хизмати эса мазкур ЙТҲда бош вазир ўринбосари Алишер Султонов нисбатан жиддийроқ жароҳат олганини, умуман, ЙТҲ оқибатида бош вазир ва унинг ўринбосари билан биргаликда жами 6 киши тан жароҳати олганини маълум қилди.

Мавзуга оид