Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Барса» дербида ютқазди ва пешқадамликни бой берди
Ямал пеналтидан фойдалана олмади, каталонияликларда қаторасига иккинчи ўйинда мағлубият.
«Барселона» Испания кубогида «Атлетико»дан учралган йирик мағлубиятдан (0:4) кейин ўзига кела олмаяпти. Энди Испаниянинг амалдаги чемпионлари Каталония дербисида «Жирона»га мағлуб бўлишди.
«Жирона» – «Барселона» 2:1
Голлар: Кубарси, 59 (0:1). Лемар, 62 (1:1). Белтран, 87 (2:1)
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Ямал, 45’
«Жирона»: Гассанига, Витор Рейс, Блинд, Мартинес, Ринкон, Лемар (Белтран, 67), Витсел, И. Мартин (Франсес, 90), Ҳил (Рока, 68), Циганков, Ванат (Эчеверри, 74)
«Барселона»: Х. Гарсия, Кубарси, Э. Гарсия (Араухо, 73), Х. Мартин (Балде, 63), Кунде, де Йонг, Олмо (Бернал, 80), Фермин Лопес, Рафиня (Баржи, 64), Ямал, Торрес (Левандовски, 73)
Огоҳлантиришлар: Э. Гарсия, 41. Кунде, 84
Четлатиш: Рока, 90
Ҳанс-Дитер Фликнинг Мадриддаги оғир мағлубиятга реакцияси бошланғич таркибда икки ўзгариш қилиш бўлди. Мартин чап қанотда Балденинг ўрнини эгаллади, бундан ташқари, Рафиня асосий таркибга қайтди (натижада бу сафар Касадо бошланғич таркибдан ўрин олмади). Ўйин дебютида «Жирона» прессинг уюштирди, «Барселона» эса тўпни ўз жарима майдони атрофидан олиб чиқишга ҳаракат қилди. Лекин бу жараён узоқ давом этмади ва кўп ўтмай кўк-анорранглилар ташаббусни тўлиқ ўз қўлига ола бошлади. Биринчи бўлимда меҳмонларнинг тўпга эгалик қилиш бўйича устунлиги кутилганидек 70 га 30 кўринишини олди.
Ямал ўйиннинг 17-дақиқасидаёқ ҳисобни очиши мумкин эди, аммо тўпни дарвозабон устидан ошира олмади. «Жирона» эса украиналик ҳужумчиси Владислав Ванат орқали жавоб қайтарди: Гарсия унинг бир неча хавфли зарбаларини қайтаришига тўғри келди.
Бўлим охирида меҳмонлар босимни кучайтиришди, 43-дақиқада Рафинянинг зарбаси дарвоза устунига тегди. Кўп ўтмай бу босим натижа келтирди: Дэйли Блинд жарима майдони ичида хато қилди ва Дани Олмонинг оёғини босиб олди.
Ямал тўпни олди, «нуқта»га яқинлашди ва устунни пойлади.

Лекин бу ҳолатда рақиб футболчилари зарба берилгунича жарима майдонига кириб кетишганди ва устундан қайтган тўпни узоқлаштиришда бу уларга қўл келди.

Бунинг учун пеналти қайтадан тепилиши керак эди.
Жамоалар танаффусга шундай статистика билан йўл олишди: зарбалар сони бўйича 12-4 ва xG бўйича 2,04-0,97 (икки кўрсаткич ҳам «Барса» фойдасига).
Иккинчи бўлим ҳам «Барселона»нинг ҳужумлари билан бошланди, «Жирона» қаҳрамонларча ҳимояланди, ҳимоячи Ринкон Рафинянинг навбатдаги зарбасини юзи билан тўсиб қолди. Аммо мезбонлар барибир гол ўтказиб юборишди: Кунде қанотдан жарима майдонига ҳаволатиб тўп узатди, Кубарси барчадан баланд сакраб, бош билан дарвоза бурчагига аниқ зарба йўллади. Бу унинг ла лигадаги илк голига айланди.
Лекин «Барселона»нинг ҳисобдаги устунлиги узоқ сақланиб қолмади. Уч дақиқа ўтиб ҳисоб тенглашди. Эрик Гарсия офсайд чизиғини ушлашда хато қилди, Ванат эса тўпни иккинчи уринишда дарвозабон ҳудудига етказди, у ерда қўриқчисиз турган Лемар осонлик билан дарвозани ишғол этди.
Шундан кейин «Барса» футболчилари асабийлаша бошлади, жамоа ҳимоясида парокандалик юзага келди. Жоан Гарсия яна бир неча бор қийин ва чиройли сейвлар амалга оширишига тўғри келди. У бир эпизоднинг ўзида икки бор жамоасини қутқарди, тўп барибир дарвоза тўрига кирганида эса унга ишлатилган фол туфайли гол бекор қилинди.
Аммо мезбонлар ўйин охирида тезкор ҳужум учун куч топа олишди ва унинг дарвозасига барибир иккинчи голни уришди. Захирадан ўйинга қўшилган Эчеверри Кунде билан яккакурашда устун келиб, тўпни жамоасида сақлаб қолди, кейин эса Белтран Роканинг ассистини голга айлантирди.
«Барселона» футболчилари ҳакамга эътироз билдиришди, зарба берилаётганида Кунде газонда ётганди – меҳмонлар Эчеверри томонидан унга қўполлик ишлатилган деб ҳисоблашарди. Аммо бош ҳакам Сото Градо ва VAR’даги ассистентлар ҳужумчи тўпга ўйнади деб топишди ва голни инобатга олишди.

Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда Левандовскининг голи офсайд туфайли бекор қилинди, мезбонлар футболчиси Роки эса Ямалга ишлатган фоли учун майдондан четлатилди. Лекин ўйинда бошқа гол кузатилмади ва «Барса» қаторасига иккинчи ўйинни ютқазиб, ла лига турнир жадвалидаги пешқадамликни «Реал»га топширди.

Мавзуга оид
12:13 / 27.03.2026
Италия ва Туркия ЖЧга яқинлашди. Кун ўйинлари
12:16 / 23.03.2026
Мадрид дербисида “Реал” устун келди, “Барселона” минимал ҳисобда ғалаба қозонди
07:22 / 19.03.2026
«Барса»да 7 гол, «Ливерпул»да камбэк. ЕЧЛда кун ўйинлари
05:35 / 18.03.2026