Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мексикада наркокартел етакчиси «Эл Менчо» олтин тобутда дафн этилди
Феврал ойи охирида Мексика хавфсизлик кучларининг махсус операцияси чоғида ўлдирилган «Янги авлод Халиско» наркокартели раҳбари «Эл Менчо» лақабли Немесио Осегера Сервантес оркестр садолари остида олтин тобутда кўмилди.
Фото: Reuters
59 ёшли Сервантес 22 феврал куни тансоқчилари ва махсус бўлинмалар жангчилари ўртасидаги отишма оқибатида олган жароҳатлари туфайли вафот этган эди. «Янги авлод Халиско» наркокартелининг асосчиси Мексикада энг кўп қидирилаётган шахс бўлган ва АҚШ ҳукумати уни ҳибсга олишга ёрдам берадиган маълумот учун 15 миллион доллар мукофот таклиф қилган. «Эл Менчо» ўлими бутун Мексика бўйлаб тартибсизликларга айланди: картел аъзолари мамлакатнинг 20 та штатида автомобилларга ўт қўйиб, йўлларни тўсди.
BBC хабарига кўра, Гвадалахара яқинидаги - картел таянчи бўлган Халиско штатидаги дабдабали дафн маросимида расмийлар хавфсизлик чораларини кучайтириб, Миллий гвардиянинг қўшимча бўлинмаларини кўчага олиб чиқди.
Маросим бошланишидан олдин дафн маросими залига катта гул композициялари, шу жумладан хўроз шаклида (марҳумнинг хўроз уриштиришга бўлган машҳур иштиёқига ишора сифатида) олиб кирилди.
AFP агентлиги маълумотларига кўра, гулчамбарлар шунчалик кўп юборилганки (асосан аноним тарзда), уларни қабристонга олиб бориш учун бешта юк машинаси керак бўлган.
Дафн маросимига анъанавий ранчера ва наркокорридос - наркобаронларнинг ҳаёти ва «қаҳрамонликлари» ҳақидаги қўшиқларни ижро этган оркестр ҳамроҳлик қилди.
Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, қабристон ҳудудидаги ибодатхонага Осегеранинг зарҳал тобути олиб кирилганда, оркестр энг машҳур халқ қўшиқларидан бири бўлган «Эл Мучачо Алегре»ни («Қувноқ йигит») ижро этган.
Бир соатлик дафн маросимдан сўнг, унинг иштирокчилари (кўпчилиги юзини ниқоб билан яширган) тобут ортидан дафн маросими жойига борди.
Журналистларнинг таъкидлашича, қабрнинг ўзи кўпинча катта мақбаралар қад кўтарган бошқа наркобаронларнинг қабрлари фонида жуда камтарона кўринарди.
Сервантесга қарши махсус операция Мексика президенти Клаудия Шейнбаум маъмурияти учун катта муваффақият бўлди. У гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашда ҳақиқий натижаларни талаб қилаётган АҚШ президенти Доналд Трамп босими остида эди.
Бироқ, экспертлар «Эл Менчо» ўлими ҳокимият бўшлиғини яратиши ва зўравонликнинг кучайишига сабаб бўлишидан хавотирда: кўп минг аъзога эга наркокартел ичидаги гуруҳлар Сервантес империясини назорат қилиш учун қонли ўзаро курашни бошлаши мумкин.
Мавзуга оид
21:30 / 03.03.2026
ФИФА президенти Мексика жаҳон чемпионатини қабул қилишга тайёрлигига ишонч билдирди
23:00 / 24.02.2026
Мексикада наркокартел раҳбари ўлдирилгандан кейинги тартибсизликлар тўхтади
11:57 / 24.02.2026
Эл Менчога олиб борган «романтик йўл» ва ўнлаб қурбонлар – наркобаронга қарши операция тафсилотлари
18:35 / 23.02.2026