Иқтисодиёт | 19:33 / 22.11.2025
2984
8 дақиқада ўқилади

S&P Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини яхшилади. Асосий омиллардан бири – олтин

S&P Ўзбекистоннинг узоқ муддатли суверен рейтингини “BB-“дан “BB” даражасига оширди ва прогнозни “барқарор” деб белгилади. Бунда 2025 йил октябрига келиб Марказий банк олтин-валюта захираларининг 59 млрд доллардан ошгани ҳам муҳим омиллардан бири бўлди. Ташқи қарз миқдори аввалги прогнозларга қараганда тезроқ ошиши кутилаётган бўлса-да, бу “назорат қилинаётгани” қайд этилди.

Фото: Getty Images

S&P Ўзбекистоннинг узоқ муддатли суверен рейтингини “BB-“дан “BB” даражасига оширди ва прогнозни «барқарор» деб белгилади.

Рейтинг яхшиланишига нималар асос қилиб олинган?

Рейтингнинг оширилиши, биринчи навбатда, сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг макроиқтисодий сиёсатини юритишдаги яхшиланишлар билан изоҳланади. Бу борадаги асосий чоралар қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • энергия тарифларини босқичма-босқич эркинлаштириш;
  • тартибга солиш сифати ва назоратини кучайтириш;
  • давлат корхоналарини хусусийлаштириш;
  • 2026 йилда ЖСТга аъзо бўлишга тайёргарлик.

Энергия тарифларининг босқичма-босқич таннарх даражасига кўтарилиши ҳукуматнинг субсидияларни қисқартиришига ёрдам бермоқда. Расмийлар 2023 йил октябрдан бошлаб корхоналар ва аҳоли учун электр ва газ тарифларини оширишни бошлади ва жараён 2025 йилда ҳам давом эттирилди. Бу ўзгаришлар инфляцияни вақтинча оширган бўлса-да, субсидияларнинг 2023 йилдаги 1,5 млрд доллар (ЯИМнинг 1,4 фози) даражасидан 2024 йилда 0,8 млрд долларга (ЯИМнинг 0,7 фоизи) камайишига ёрдам берган.

Рекорд даражадаги олтин нархлари 2023–2025 йиллар оралиғида Ўзбекистоннинг халқаро захираларини икки бараварга кўпайтирган. Олтин ва бошқа металлар умумий экспортнинг қарийб 40 фоизини ташкил этади. Марказий банк захираларининг 80 фоизи монетар олтиндан иборат. Бунинг натижасида мамлакат қулай ташқи савдо шароитларидан фойда кўряпти.

Гарчи геосиёсий ва глобал савдодаги ноаниқликлар фонида Ўзбекистон учун тўлов балансига оид хавфлар юқори деб баҳоланса-да, бу хатарлар қуйидаги омиллар орқали қисман юмшатилади:

  • ташқи молиялаштиришнинг кучлилиги,
  • ташқи қарз шартномаларининг узоқ муддатга тузилиши,
  • ривожланаётган бозорлар контекстида ташқи қарз юкининг нисбатан мўътадиллиги.

Шунга қарамай, ташқи манбалар ҳисобидан молиялаштирилаётган инвестиция лойиҳалари ҳукумат кутган барқарор ўсишни таъминлай олмаса, қарз муаммога айланиши мумкин.

Фискал даромадларнинг тахминан тўртдан бир қисми, товар экспортининг ярмидан кўпроғи, Марказий банк халқаро захираларининг учдан тўрт қисмини олтин ташкил этади. Шу сабабли, Ўзбекистоннинг ташқи ва фискал позициялари олтин нархларидаги тебранишларга кучли даражада боғлиқ.

Бундан ташқари, геосиёсий заифликлар ҳам юқори даражада сақланиб қоляпти. Иқтисодиётнинг Россиядан пул ўтказмаларига ва савдо бўйича боғлиқлиги ташқи зарбаларга ва иккиламчи санкциялар хавфига нисбатан сезгирлигини оширади.

S&P мутахассислари 2025–2028 йилларда иқтисодий ўсиш суръати ўртача 6,6 фоиз атрофида бўлишини прогноз қилади. Бунга қуйидагилар асос бўлади:

  • уй хўжаликларининг барқарор истеъмол талаби;
  • ҳукуматнинг энергетика, тоғ-кон саноати қувватларини кенгайтириш, инфратузилма лойиҳалари ва ижтимоий харажатларга йўналтирилган йирик инвестициялари;
  • иқтисодиётни рағбатлантириш ва нарх барқарорлигини сақлашга қаратилган чоралар

Пул ўтказмаларига боғлиқлик

Аҳолининг қарийб тўртдан бир қисми қишлоқ хўжалигида банд бўлиб, ушбу соҳанинг иқтисодиётдаги улуши 15 фоизни ташкил этади. Ўз навбатида Ўзбекистоннинг демографик афзалликларга эгалиги қайд этилган: аҳоли таркибининг қарийб 90 фоизи меҳнат ёшида ёки меҳнат ёшидан кичкина бўлиб, бу таклифга асосланган ўсиш имкониятини яратади. Шу билан бирга, иш ўринлари ўсиши талабни тўлиқ қондира олмаслиги тахмин қилинган. Шу сабабли Ўзбекистоннинг кўплаб доимий ва мавсумий меҳнат мигрантлари Россия, шунингдек Европа ва Яқин Шарқдаги янги йўналишларда иш излашни давом эттиради. Натижада иқтисодиёт пул ўтказмалари оқимига боғланганлигича қолади.

Давлат-хусусий шериклик лойиҳалари

Давлат-хусусий шериклик лойиҳалари жадал кенгаймоқда: 2024 йил охирига келиб имзоланган шартномаларнинг умумий қиймати ЯИМнинг тахминан 27 фоизига тенг бўлган. Ҳукумат 2024–2030 йиллар давомида қиймати қарийб 30 млрд доллар бўлган қўшимча ДХШ лойиҳаларини маъқуллаган бўлиб, уларнинг асосий қисми стратегик соҳаларга, жумладан, энергетика лойиҳаларига (93 фоиз) тўғри келади.

Расмийлар электр энергияси ишлаб чиқаришни диверсификация қилишни режалаштиряпти. Мақсад — қайта тикланувчи энергия улушини ҳозирги 20 фоиздан 2030 йилга бориб 54 фоизга етказиш.

Саудия Арабистонининг ACWA Power компанияси 2030 йилгача Ўзбекистонда электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳаларига 7,5 млрд доллар инвестиция киритишни режалаштирган.

Янги қабул қилинган ДХШ тизими келгусидаги мажбуриятларни чеклаши керак, жумладан, 2025 йил учун мажбуриятлар 6,5 млрд доллар билан чегараланган. Бироқ кутилмаган лойиҳа муваффақиятсизликлари узоқ муддатда давлат молиясига босим ўтказиши мумкин. Расмийларнинг баҳолашича, ДХШ лойиҳаларидан келиб чиқадиган бевосита ва шартли мажбуриятлар ЯИМнинг 15 фоизи атрофида.

Ҳукуматнинг 2017 йилда ЯИМнинг 33 фоизини ташкил этувчи ликвид активлари 2024 йилда ЯИМнинг 7 фоизигача қисқарган. Мазкур активлар асосан Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (ТТЖ) активларини ўз ичига олади, 2006 йилда ташкил этилган бу жамғарма 2019 йилгача ҳукуматнинг капитал қўйилмалари ва олтин, мис ва газ сотишдан тушган даромадларнинг юқори қисми ҳисобидан молиялаштирилган. S&P ҳукуматнинг ликвид активлари ҳисобига фақат ТТЖнинг ташқи активларини қўшган. Бу – давлат сектори корхоналари ва банклар капитал қўйилмалардан иборат активларнинг ички қисми етарли даражада ноликвидлиги ва зарурият туғилганда қарзга хизмат кўрсатиш учун кам имконли ҳисобланиши билан изоҳланган. 

S&P Global Ratings қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратган:

  • Қарорлар қабул қилиш марказлашганлигича қолади. Коррупцияни қабул қилиш яхшиланаётганига қарамай, ҳали ҳам юқорилигича қоляпти.
  • Пул-кредит сиёсати самарадорлиги яхшиланган бўлса-да, Марказий банкнинг операцион мустақиллигини чеклаган. Кредитларнинг долларизацияси (40 фоиз) юқори даражада сақланиб қоляпти;
  • 2025–2028 йилларда ўртача бюджет тақчиллиги ЯИМнинг 3 фоизи атрофида шаклланади, бу 2022–2024 йилларда қайд этилган 4 фоиздан пастроқ. Шунга қарамай, фискал натижалар салбий хавфларга очиқ бўлиб қолади. 2028 йилгача умумий ҳукумат қарзи ЯИМнинг 35 фоизи атрофида бўлади;
  • Кафолатланмаган корпоратив қарзларни қайтариш Ўзбекистон ҳукуматининг зиммасига тушиб қолиши хавфи бор. Ушбу хавфни камайтириш мақсадида ҳукумат давлат корхоналари кредит шартномаларидаги шартларни мониторинг қилиш ва таҳлил қилиш тизимини жорий қилди;
  • Маҳаллий ва тижорат шаклидаги ташқи қарзга боғлиқлик ошиши натижасида 2025–2028 йилларда фоиз тўловлари умумий ҳукумат даромадининг 4,4 фоизини ташкил қилади, 2019 йилда бу кўрсаткич 0,6 фоиз бўлган;
  • Олтин нархининг пасайиши ҳисобига Ўзбекистон валюта захиралари 2028 йилгача қисқариб боради.
  • Банк тизимида ҳам умумий активларнинг 65 фоизи давлат банкларига тегишли бўлиб, ҳукуматнинг имтиёзли кредитлаш дастурлари самарадорликка таъсир қилади;

Долларлашув пасайган бўлса-да, 2025 йил октябр ҳолатига умумий кредитларнинг 37 фоизи, депозитларнинг 25 фоизи ҳамон доллар ҳисобига тўғри келган.

S&P Global Ratings Ўзбекистон учун эҳтимолий салбий ва ижобий сценарийларни келтириб ўтган.

Салбий сценарий

Агар ташқи ва фискал тақчилликлар кутилган даражадан кўра кўпроқ заифлашса, масалан:

  • савдо шартларининг ёмонлашуви;
  • ҳукумат харажатларининг ошиши;
  • қарз жалб қилиш нархларининг сезиларли кўтарилиши;
  • кутилмаган шартли мажбуриятларнинг юзага чиқиши.

Ўзбекистонда давлат корхоналари сектори йириклиги ҳисобига рейтинг пасайтирилиши мумкин.

Шунингдек, қарз ҳисобидан молиялаштирилаётган инвестиция лойиҳаларининг кутилган даражадаги иқтисодий самара бермаслиги ёки бундай лойиҳаларни якунлаш учун харажатларнинг ошиб кетиши ҳам рейтинг пасайтирилишига сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳолат Ўзбекистоннинг фискал позициясини заифлаштиради.

Ижобий сценарий

Агар Ўзбекистоннинг бюджет ва жорий ҳисоб тақчиллиги иқтисодий натижаларга зарар етказмаган ҳолда қисқарса, рейтинг оширилади.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид