Жаҳон | 23:13 / 28.03.2026
32263
2 дақиқада ўқилади

АҚШ десантчилари Яқин Шарққа етиб келди

Гуруҳ таркибидан 3500 га яқин денгизчи ва денгиз пиёдалари ҳамда транспорт ва қирувчи самолётлар, десант воситалари ва бошқа техникалар ўрин олган.

Фото: U.S. Central Command

АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг «Триполи» номли десант кемаси «АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлигининг жавобгарлик зонаси»га етиб келди. 

Марказий қўмондонлик (CENTCOM) баёнотида унинг аниқ манзили келтирилмаган, аммо аввалроқ кема Яқин Шарққа сузаётгани маълум қилинганди. Ушбу кема 31-денгиз пиёдалари экспедицияси таркибидаги «Триполи» десант гуруҳи флагмани ҳисобланади.

«Гуруҳ таркибига 3500 га яқин денгизчи ва денгиз пиёдалари ҳамда транспорт ва қирувчи самолётлар, десант воситалари ва бошқа техникалар киради», – дейилади хабарда.

Ушбу гуруҳ бунгача Япония ҳудудида турганди.

26 март куни The Wall Street Journal конгрессдаги манбаларига таяниб «яқин вақт ичида» АҚШнинг Эронга қарши қуруқликдаги операцияси бошланиши ҳақида хабар берганди. 

АҚШ денгиз пиёдаларидан Ҳўрмуз бўғозини очиш мақсадида Эрон жанубий соҳиллари яқинидаги бир ёки бир неча оролни эгаллаб олишда фойдаланилиши мумкин.

 

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид