Тадбиркор Бахтиёр Фозиловнинг укаси Азамат Фозилов Президент администрацияда иш бошлади
Ўзбекистондаги йирик нефт-газ компанияларидан бири SANEG’га эгалик қилувчи тадбиркор Бахтиёр Фозиловнинг укаси Азамат Фозилов Президент администрацияси ижро аппарати бош маслаҳатчиси этиб тайинланди. Бунгача у Иқтисодий тараққиёт ва Молия вазирликларида ишлаган.
Азамат Шуҳратович Фозилов Ўзбекистон президенти администрацияси ижро аппарати бош маслаҳатчиси этиб тайинланди. Бу ҳақда “Газета.uz”га ҳукуматдаги манбаси маълум қилган.
Бунгача Азамат Фозилов Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг инсон ресурслари ва ходимлар салоҳиятини ривожлантириш департаменти директори лавозимида ишлаган.
Фозиловнинг меҳнат фаолияти
Азамат Фазилов 1980 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган, маълумоти олий. 2002 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини бакалавр ва 2003 йилда Банк-молия академияси магистратурасини тамомлаган. Мутахассислиги – иқтисодчи.
2019 йилда Молия вазирлигининг ғазначилик бошлиғи биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган.
2021 йилда инсон ресурслари ва ходимлар салоҳиятини ривожлантириш департаменти директори сифатида Иқтисодий тараққиёт вазирлигида иш бошлаган.
Маълумотларга кўра, Азамат Фозиловнинг Самарқанд вилоятида жойлашган “Mironkul Stroy Servis” МЧЖ компаниясида улуши бор. Бу компаниянинг асосий ҳиссадорларидан бири акаси – Бахтиёр Фозилов.
Бахтиёр Фозилов ҳақида
Тадбиркор Бахтиёр Фозилов сўнгги йилларда энг йирик энергетика компаниясига айланган “Cаноат энергетика гуруҳи” (SANEG) МЧЖга эгалик қилади. Ҳозирда компаниянинг 99 фоиз улуши офшор зона бўлмиш Кипрда рўйхатдан ўтган “Belvor Holding Limited” компаниясига тегишли. Маълумотларга кўра, “Belvor Holding Limited” ҳам тадбиркор Бахтиёр Фозиловнинг ўзига тегишли.
2022 йил май ойидаги расмий маълумотга кўра, SANEG компанияси Ўзбекистонда ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқига эга 103 та конга эгалик қилади. Мамлакатдаги нефт қазиб олишнинг тахминан 80 фоизи, тасдиқланган газ захираларининг эса тахминан 22 фоизи SANEG ҳиссасига тўғри келади.
Фозилов, шунингдек, Ўзбекистонда бурғилаш бўйича асосий пудратчи бўлмиш Эриелл нефт конларига хизмат кўрсатиш компаниясига ҳам эгалик қилади.
Шу билан бирга, тадбиркор Ўзбекистондаги бир қанча йирик компаниялар эгаси, хусусан, “Family Park” МЧЖ, “Samarkand Touristic Center”, “TASS Primavera” МЧЖ, “Mironkul Stroy Servise”, “Wind rose” МЧЖ, “Tashkent International Medical Center”.
Аввалроқ, Ўзбекистонда кузатилаётган энергетика инқирози ортидан Kun.uz Энергетика вазирлигидан ёпиқ қарор асосида SANEG’га газ экспорти бўйича имтиёзлар берилгани борасида сўраганди. Вазир ўринбосари Шерзод Хўжаев ҳукумат ва инвестор ўртасида тузилган шартноманинг айрим бандлари “тижорат сири” эканини айтган эди.
Мавзуга оид
21:45 / 30.09.2024
“Сиз бошлаган лойиҳалар келажакда, албатта, ўз мевасини беради” — Саида Мирзиёева
21:34 / 21.06.2024
Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасидаги лойиҳалар маркази ташкил этилади
12:59 / 01.11.2023
Президент администрациясида янги тайинловлар амалга оширилди
18:26 / 31.10.2023