Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Ёвузлик ва террор учун энг катта нархни тўлаттирамиз” – Вашингтондаги отишмадан кейин нималар маълум?
Вашингтон марказида, президент қароргоҳи – Оқ уй ёнидаги кўчада содир бўлган отишма оқибатида яраланган икки Миллий гвардия ходимининг аҳволи оғирлигича қолмоқда. Трамп Флоридадаги қароргоҳида чиқиш қилиб, отишма уюштирган афғонистонлик, албатта, жазоланишини айтди. Пентагон раҳбари эса Вашингтонга яна 500 нафар гвардиячилар ташланишини эълон қилди.
Полиция маълумотларига кўра, чоршанба, 26 ноябр куни тушдан кейин Афғонистондан келган муҳожир миллий гвардиянинг икки аъзосига қарата ўт очган ва ўқ овозини эшитган бошқа миллий гвардия ходимлари у одамни қўлга олиб, қуролсизлантирган. Отишма содир бўлган пайтда Флоридада бўлиб, чоршанба кечқурун баёнот билан чиққан президент Трампга кўра, гумонланувчи 2021 йилнинг сентябрида мамлакатга ноқонуний кирган Афғонистон фуқароси бўлиб чиқмоқда. Трамп унинг администрацияси бундай ёвузлик, нафрат ва террор акти учун энг катта нарх, яъни энг оғир жазони беришини ваъда қилди.
Ички хавфсизлик департаменти матбуотга берган баёнотида гумонланувчи “Афғонистондан келган жиноий мусофир” Раҳмонулла Лакамал эканини тасдиқлади. Унинг иммиграция мақоми ноаниқ эди. 2021 йилда собиқ президент Жо Байден даврида АҚШ бу мамлакатдан тартибсиз равишда чиқиб кетганидан кейин ўн минглаб афғонлар махсус иммиграция ҳимояси остида АҚШга киришди, дейди Оқ уй расмийлари.
“Энди биз Байден даврида Афғонистондан мамлакатимизга кириб келган ҳар бир мусофирни қайта кўриб чиқишимиз керак”, дея қўшимча қилди Трамп чоршанба куни кечқурунги чиқишида.
АҚШ Фуқаролик ва иммиграция хизмати текширув протоколлари кўриб чиқилгунга қадар барча афғон иммиграция сўровларини кўриб чиқишни тўхтатганини айтди.
BBC’нинг ёзишича, отилган аскарлар одатда гавжум бўладиган кўчада эди ва терговга раҳбарлик қилаётган ФҚБ директори таъбири билан айтганда гвардиячилар “даҳшатли зўравонлик ҳаракатида шафқатсизларча ҳужумга учради”.
Метрополитен полицияси маълумотига кўра, гумонланувчи “бурчакдан келган” ва “дарҳол ўқотар қуролдан ўқ узган”. Аскарлар эса “пистирмага” тушгандай бўлиб, буни сезмай қолишган.
Яқин атрофдаги бошқа Миллий гвардия ходимлари отишма овозини эшитиб, дарҳол жавоб қайтарган ва муҳожирни қуролсизлантирган.
Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларнинг CBS телеканалига маълум қилишича, гумондорга тўрт марта ўқ узилган.
Трамп Мар-а-лагодаги қароргоҳидан туриб, гумонланувчини “ҳайвон” деб атади ва икки аскарни оғир яралагани учун, албатта, жазоланишини ёзди.
“Худо буюк Миллий гвардиямизни, барча ҳарбий ва ҳуқуқ-тартибот идораларимизни ўз паноҳида асрасин”, - дея қўшимча қилди президент.
Ҳужум пайтида Кентукки штатида қўшинлар олдида нутқ сўзлаган АҚШ вице-президенти Вэнс “ҳар бир иймонли одамни” яраланганлар учун ибодат қилишга чақирди. Ғарбий Виржиния губернатори Патрик Моррисининг Хʼдаги постида иккала қурбон ҳам ўз штатининг Миллий гвардияси аъзолари бўлгани ва олган жароҳатларидан вафот этгани айтилганди. Аммо тез орада у иккинчи баёнотни эълон қилди, унда яраланганлар ўлмагани, балки аҳволи оғир экани билдирилганди.
Ҳужум АҚШнинг «Thanksgiving», яъни шукрона куни байрами арафасида содир бўлгани учун шаҳарнинг бош аэропортида вақтинчалик иш тўхтади.
Федерал авиация маъмурияти маълумотларига кўра, ҳужумдан кейин Роналд Рейган Вашингтон миллий аэропорти орқали парвозлар қисқа муддатга тўхтатилган. Воқеа жойида автобус бекатининг ойналари йўлак устида синиб ётарди, деб ёзади BBC.
Чорраҳа полиция машиналари, қуролланган хавфсизлик ходимлари ва миллий гвардия қўшинлари билан тўла бўлган.
Мудофаа вазири Пит Ҳегсетнинг айтишича, президент ҳужумдан кейин Вашингтонга яна 500 нафар Миллий гвардия аъзосини юборишни сўраган. “Бу бизнинг Вашингтонни хавфсиз ва чиройли қилиш қароримизни кучайтиради”, деди Пентагон раҳбари. Ҳозирда эса Вашингтонда 2200 га яқин Миллий гвардия аскари бор.
Бу кучлар таркибига Колумбия округи, шунингдек, Луизиана, Миссисипи, Огаё, Жанубий Каролина, Ғарбий Виржиния, Жоржия ва Алабама штатлари контингентлари киради. Улар ҳарбий қўшинлар сифатида хизмат қилиш учун фаоллаштирилиши мумкин бўлган захирадаги кучлар, аммо улар қонунни қўллаш ёки ҳибсга олишлари мумкин эмаслиги сабабли чекланган кучга эгадир. Миллий гвардия август ойида Вашингтонга, Трамп айтганидек, “назоратдан ташқари” жиноятларга қарши курашиш учун жойлаштирилган эди.
Эслатиб ўтамиз, яқинда президент Трамп Вашингтонда жиноятлар каррасига камайгани, шаҳар тинч экани ва энди одамлар оила аъзолари билан бемалол сайр қилиб юрганини айтган эди.
Мавзуга оид
23:24 / 01.04.2026
«Асло унутмаймиз» — Америка НАТОда яккаланиб қолди
22:52 / 01.04.2026
Трамп шахсан АҚШ Олий судидаги эшитувга келди
18:28 / 01.04.2026
Хитой асосчиси Мао ҳақидаги муҳим маълумотлар акс этган ҳужжатлар АҚШ ҳудудида қолади
12:44 / 01.04.2026