Жаҳон | 20:43 / 22.02.2026
12409
3 дақиқада ўқилади

Трамп қароргоҳининг қўриқланадиган ҳудудига киришга уринган шахс ўлдирилди

Бу вақтда АҚШ президенти ва биринчи хоними Вашингтонда бўлган.

Фото: Palm Beach County Sheriff

АҚШ Махфий хизмати агентлари ва Палм-Бич округи шерифи идораси ходимлари Мар-а-Лагонинг қўриқланадиган ҳудудига ноқонуний кирган эркакни отиб ташлади. Бу ҳақда Махфий хизмат вакили Энтони Гулелми маълум қилди.

Ҳодиса маҳаллий вақт билан тунги соат 01:30 атрофида рўй берган. 20 ёшлар атрофидаги ушбу шахсни шимолий дарвоза ёнида милтиқни эслатувчи буюм ва ёнилғи солинган идиш кўтарган ҳолда пайқашган. Унинг шахсига ҳозирча ойдинлик киритилмади.

Мар-а-Лагода Доналд Трампнинг қароргоҳи жойлашган. АҚШ президенти кўпинча дам олиш кунлари биринчи хоним билан бирга Флоридага келиб турган бўлса-да, бу ҳафта Вашингтонда қолганди.

Махфий хизмат бу вақтда воқеа жойида ўз ҳимояси остидаги шахслардан ҳеч бири бўлмаганини маълум қилган.

Палм-Бич округи шерифи Рик Брэдшоунинг сўзларига кўра, қўриқчилар маҳаллий вақт билан соат 01:30 да ушбу шахсни Мар-а-Лагонинг ички ҳудудига кираётганида кўришган. Кўп ўтмай махфий хизмат ходимлари қўлида қурол тутган ва бир канистр бензин кўтарган шахсни топишган.

Қўриқчилар унга қўлидагиларни ташлашни буюрган. У эса канистрни улқотириб, қуролини ўқталган. Шу паллада агентлар «хавфни бартараф этиш» учун ўт очишган.

Брэдшоунинг сўзларига кўра, ҳодисада Махфий хизмат ва шериф офиси ходимлари иштирок этган, агентлар орасида жабрланганлар йўқ.

Шерифнинг айтишича, қуролланган шахс «ички периметр ичкарисида» бўлган. Қўриқчилар унга қарата айтган ягона гап қуйидагича бўлган: «Буюмларни ташланг».

Ҳозирча унинг мотивлари нима бўлгани, унинг қуроли ўқланган ёки йўқлиги аниқ эмас, бу текширувлар давомида маълум бўлади.

Федерал қидирув бюроси матбуот котиби Бретт Скайлс отишма рўй берган ҳудуд Махфий хизмат томонидан қўриқланадиган ҳудуд бўлгани ва ФҚБ ҳодисани тергов қилаётганини хабар қилган.

У яқин атрофда яшовчилардан ташқи кузатув камераларида ноодатий нарсалар бор-йўқлигини текширишни ва шубҳали нарсалар пайқалганда, Вест-Палм-Бич шерифи идораси билан боғланишни сўраган.

АҚШдаги сайловолди кампанияси даврида Трампнинг ҳаётига икки бор суиқасд уюштирилганди.

Биринчи ҳолат 2024 йил июлида, Пенсилванияда сайловчилар билан учрашув чоғида; иккинчиси – сентябрда, Мар-а-Лагодаги голф майдонида кузатилганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид