Жаҳон | 21:33 / 31.03.2026
4304
3 дақиқада ўқилади

Италия АҚШнинг Яқин Шарққа учаётган самолётлари Сицилияга қўнишига рухсат бермади

Манбаларга кўра, Америка самолётлари олдиндан хабардор қилмасдан Сигонелла авиабазасига қўнмоқчи бўлган.

Фото: REUTERS/Darrin Zammit Lupi Purchase Licensing Rights

Италия ўтган ҳафтада Америка ҳарбий самолётлари Яқин Шарққа учиш давомида Сицилиядаги Сигонелла авиабазасига қўнишига рухсат бермади, деб ёзмоқда Corriere della Sera ва Reuters ўз манбаларига таяниб.

Италия газетасига кўра, «Американинг айрим бомбардимончилари» Яқин Шарққа йўл олишдан олдин Сигонелла базасига қўниши керак эди. Аммо ҳеч қандай рухсат сўралмаган, Италия ҳарбий раҳбарияти эса уларнинг шундай ниятдалигидан самолётлар ҳавога кўтарилиб бўлганидан кейин хабар топган.

Италия бош штаби бошлиғи Лучано Портолано ҳодисадан хабардор қилиш учун мамлакат мудофаа вазири Гвидо Крозеттога қўнғироқ қилган. Кейин у вазир топшириғи бўйича Америка қўмондонлигига олдиндан рухсат олинмагани ва дастлабки маслаҳатлашувлар ўтказилмагани сабабли самолётлар базага қўнишига рухсат берилмаслигини билдирган.

Reuters манбаларидан бири бу фактни тасдиқлаган, аммо бу қачон рўй бергани ва қанча самолётга алоқадорлиги бўйича аниқлик киритмаган. Яна бир манба эса Италия Америка самолётлари қўнишига 27 март куни рухсат бермаганини хабар қилган.

Италия мудофаа вазири X ижтимоий тармоғида «кимдир буни Италия АҚШ кучлари базалардан фойдаланишини тўхтатишга қарор қилгандек кўрсатишга ҳаракат қилаётгани» ҳақида ёзди. «Бу шунчаки нотўғри, чунки базалар ишламоқда, фойдаланилмоқда ва ҳеч нарса ўзгармаган. АҚШ билан ҳеч қандай совуқлик ёки кескинлик йўқлигини қайд этишни хоҳлардим. Чунки улар 1954 йилдан буён Италияда бўлиш қоидаларини худди биз каби жуда яхши билишади», – дея қўшимча қилади Крозетто.

Доналд Трамп бу ҳодиса юзасидан изоҳ бермади, аммо Исроил учун мўлжалланган ҳарбий юкларни олиб кетаётган самолётларга ўз ҳудуди орқали учиб ўтишга йўл қўймагани учун Францияни танқид қилди. «Франция муваффақиятли йўқ қилинган „Эрон қассоби“ бўйича жуда ишончсиз ҳамкор бўлиб чиқди! АҚШ буни эслаб қолади», – дея ёзган Трамп.

Трамп сўнгги бир ой давомида Европа етакчилари, шунингдек, Буюк Британия бош вазирини ҳам Эронга қарши урушда ёрдам кўрсатмагани учун бир неча бор танқид қилди. Европа бунга жавобан унинг ўзини Ҳўрмуз бўғози ёпилиши ва энергия нархлари кескин ошишига сабаб бўлган ҳарбий ҳаракатлар учун танқид қилмоқда.

Шу кунларда El Pais газетаси Испания Америка ва Исроилнинг Эронга қарши урушда иштирок этаётган самолётлар учун ўз осмонини ёпгани, уларга фақат фавқулодда ҳолатларда қўнишга рухсат берилиши ҳақида хабар берди. Март ойи бошида Испания ўз базаларини Эрон бўйлаб зарбалар беришда фойдаланиш учун тақдим этишдан бош тортганди, бунга жавобан Трамп Мадрид билан савдо алоқаларини узиш билан таҳдид қилганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид