Ўзбекистон | 14:28 / 20.09.2020
197033
3 дақиқада ўқилади

Ўктам Барноев вафот этди. У Германияда даволанаётганди

Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ўктам Барноев 56 ёшида вафот этди.

Kun.uz манбаси хабар беришича, Барноевда коронавирусдан даволаниб чиққанидан сўнг инсульт кузатилган, шундан кейин у даволаниш ва бош миясида жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун Германияга олиб кетилган ва ўша ерда даволаниш вақтида оламдан ўтган.

Ўктам Барноев 1964 йилда Бухоро вилоятида туғилган, 1986 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тамомлаган. 1997–2000 йилларда Бухоро вилояти Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғининг иқтисодиёт ва ислоҳотлар масалалари бўйича ўринбосари сифатида ишлаган. 2000–2002 йилларда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимида раҳбар лавозимларда фаолият олиб борган.

2002–2004 йилларда Вазирлар Маҳкамасининг агросаноат мажмуасида етакчи мутахассис, 2004–2005 йилларда ҳукуматнинг Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ахборот-таҳлил департаменти мудири, 2005–2007 йилларда Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва халқ истеъмоли маҳсулотлари ахборот-таҳлил департаменти мудири лавозимларида ишлаган. 

2007–2008 йилларда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири биринчи ўринбосари бўлган, 2008 йилнинг апрелидан 2010 йилнинг декабригача Самарқанд вилояти ҳокими лавозимида фаолият юритган, 2011–2016 йилларда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Республика сув инспекцияси бошлиғи, 2016 йилда «Ўзагрокимё» компанияси бошқаруви раиси лавозимларида фаолият олиб борган. 

У 2016 йилнинг декабридан 2020 йил февралигача Бухоро вилоятига ҳокимлик қилган, 2020 йил февралида бош вазир ўринбосари лавозимига тайинланганди. 2020 йил 6 июль куни Ўктам Барноев Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси раиси этиб сайлангани маълум бўлганди.

  • Ўктам Барноев 2020 йилнинг июлида коронавирусга чалиниб, Тошкент шаҳридаги хусусий клиникалардан бирига ётқизилгани тўғрисида хабар қилинганди. Ўтган вақт мобайнида унинг саломатлиги бўйича маълумот берилмади. У билан деярли бир вақтда коронавирусдан даволаниш учун ётқизилган, унинг ўрнига Бухоро вилоятига раҳбарлик қилиб келаётган Карим Камалов август ойининг иккинчи ярмида оламдан ўтди.

Мавзуга оид