Ўзбекистон | 17:56 / 04.08.2020
31966
4 дақиқада ўқилади

«Sulton Tex Group» иши: Прокурор суддан ҳукумат вакилларига қарши киритилган даъвони қаноатлантиришни сўради

Иш бўйича навбатдаги суд мажлиси деярли барча томонларнинг вакиллари иштирокида ўтди.

Бугун, 4 август куни Қибрай тумани маъмурий судида бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев, Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев ва унинг биринчи ўринбосари Шуҳрат Тешаевлар устидан Қашқадарёдаги кластер томонидан киритилган шикоят аризаси юзасидан навбатдаги суд процесси бўлиб ўтди. Бу ҳақда судда иштирок этган Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Жараёнда томонларнинг музокара нутқи тингланди. Аҳрорбек Эралиев раислигидаги суднинг бу мажлисида «Sulton Tex Group» томонидан киритилган ариза юзасидан деярли барча томонлар вакиллари қатнашди.

Мажлисда Вазирлар Маҳкамасининг агросаноат мажмуи вакили Шуҳрат Сафаров, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қатор бошқармалари мутасадди ходимлари, Сув хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш махсус жамғармаси, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси, «Пахтасаноат» АЖ, қатор тижорат банклари ва кластер ўрнида ташкил этилган «Silver Viber» агрокооперацияси вакиллари иштирок этди.

Раислик қилувчи томонидан иш тафсилотлари бўйича ўрганишлар олиб борилди, савол-жавоблар ва муҳокамаларга имкон берилди. Шу билан бирга, судья норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишда асосий мезон ҳисобланувчи «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонунни ҳам қайд этиб ўтди.

Судда иштирок этган прокурор келтирилган далиллар ва томонларнинг фикрларини инобатга олган ҳолда, аризани қаноатлантиришни сўради.

Даъвогар «Sulton Tex Group» вакили ҳам суддан шикоятни қаноатлантиришни сўради.

Ишчи гуруҳ раҳбари вакили, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакиллари даъвони қаноатлантиришни рад этиш лозим, деб ҳисоблашди.

Шу муносабат билан, судга раислик қилувчи А.Эралиев 6 августга қадар танаффус эълон қилди.

Эслатиб ўтамиз, «Sulton Tex Group» хусусий корхонасининг Қарши туманидаги пахта тўқимачилик ишлаб чиқариш кластери фаолияти бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев томонидан 2020 йил 8 апрель куни имзоланган йиғилиш баёнига асосан тугатилган.

Кейинчалик, Қарши туман маъмурий суди томонидан Қарши туман ҳокими ва ҳокимлик мансабдор шахсларига «Sulton Tex Group» хусусий корхонаси кластер фаолиятига аралашиш, унинг 2020 йил учун фермерлар билан тузган шартномасини бекор қилиш ёки ўзгартиришга уриниши тақиқлаб қўйилганди.

Суднинг мазкур ҳал қилув қарори Қарши туман прокурори томонидан киритилган протестга асосан Қашқадарё вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясида қайта кўриб чиқилди ва суд қарори бекор қилинди.

9 июлдан эътиборан Қибрай туман маъмурий судида Бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев, Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев ва унинг биринчи ўринбосари Шуҳрат Тешаевнинг хатти-ҳаракатларини ноқонуний деб топишни сўраб киритилган шикоят аризаси юзасидан суд иши давом этиб келмоқда.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид